USAID ташаббуси билан Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан 250 нафарга яқин хотин-қиз электрон тижорат, ижтимоий тармоқлар маркетинги ва реклама бўйича ўқитилади. Машғулотлар якунида улар онлайн дўконларини очиш, глобал ва маҳаллий платформалар орқали товарларни сотиш имкониятига эга бўлишади.
Қўқон ва Фарғонада нодавлат ОТМлар тармоқлар орқали фуқаролар мазкур муассасада бакалавр даражасини берувчи халқаро дипломга эга бўлишлари ҳақида хабар тарқатган. Олийгоҳлар раҳбар ва ходимлари шу орқали 345 кишининг 2,1 млрд сўмини ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Норин туманида катта ёшли эр-хотин тахминан тарвуздан заҳарланиш оқибатида оламдан ўтди. Уларнинг икки қизи ва икки набираси шифохонага ётқизилди.
Тошкентда пробация хизматида ҳисобда турувчи маҳкум пичоқ билан ўз билакларини кесиб, профилактика инспекторларига ҳам таҳдид қилди. Жанжалга маҳкумнинг оиласи қўшилиб, профилактика инспекторларининг хизмат кийимларини йиртишган.
Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков Қозоғистоннинг куздан бошлаб Баку-Тбилиси-Жайҳан йўналиши бўйича нефть ташиш нияти ҳақидаги маълумотни рад этди. Аввалроқ Reuters Қозоғистон ҳукумати нефтнинг бир қисмини Россияни четлаб ўтиб экспорт қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эди.
Андижонда фуқарони танишлари орқали ҳамшира лавозимига ишга киритишга уринганликда гумонланган шахс 1500 доллар олганида ушланди. Фарғонада эса бошқа бир шахс Жанубий Кореяга ишга жўнатиш эвазига олган 5400 доллардан 1000 долларини қайтарган вақтида қўлга олинди.
Ҳафта бошида +39 даражагача бўлган қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Ҳафта ўрталаридан республикага Урал ҳудудларидан салқин ҳаво кириб кела бошлайди, ҳарорат кечалари +20 даражагача, кундуз кунлари +33 даражагача пасаяди.
Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти 20 августда эмас, балки 22 август куни бўлиб ўтади. Мулоқот арафасида 8500 дан ортиқ мурожаат келиб тушгани, шундан 72 фоизи аллақачон ҳал этилгани айтилмоқда.
Якшанба куни Еревандаги «Сурмалу» савдо мажмуасида йирик портлаш юз берди. Бунинг оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди. Яна 60 дан ортиқ киши жароҳатлангани айтилмоқда, 17 киши эса бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Профилактика инспектори, ППХ ва Миллий гвардия ходимларига экологик ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан қўлланилган жариманинг 30 фоизи миқдорида мукофот пули тўланади. Шунингдек, «Экологик патруль» ишлаш тизими янада кенгайтирилади.
Давлат экология қўмитаси раҳбари тўртта — «Mercedes», «Тoyota 200», «E-bora» ва «Volkswagen ID-6» хизмат машинасидан фойдаланиши рад этилди. Қўмита матбуот хизмати ушбу «хабар асоссизлиги», автомобилларнинг фақат иккитаси Нарзулла Обломуродовга бириктирилганини маълум қилди.
Президент фармони билан маиший чиқинди хизмати учун тўлов қилмаганларнинг хорижга чиқиши тақиқланиши мумкин. 1 ноябргача тизим «Электрон ҳукумат» ва «Хорижга чиқиш паспорти» платформалари билан боғланади. Қолаверса, 2023 йилдан янги кўп қаватли уйларни чиқинди тўплаш жойларисиз қуриш тақиқланади.
Президент фармони билан 2026 йилгача санитар тозалаш корхоналаридан фойда ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ундирилади. Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади.
17−18 август кунлари Шавкат Мирзиёев Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифи билан Саудия Арабистонига боради. Бу охирги 30 йил ичида Ўзбекистон президентининг ушбу давлатга илк ташрифи бўлади. Музокаралардан ташқари, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат қилиш режалаштирилган.
Июнь бошларида Бухородаги «Когон магистрал газ қувурлари» бошқармасида ёнғин содир бўлганди. Шундан сўнг, авария оқибатида Фарғона водийси қиш мавсумида газсиз қолиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бошқарма раҳбари буни рад этиб, улар фақат Бухоро, Навоий, Самарқандга газ етказиб беришини маълум қилди.
Тошкентнинг Сергели туманида «ВАЗ-2106» русумли автомашина дарахтга бориб урилиши натижасида иккига бўлиниб кетди. Ҳайдовчи касалхонага ётқизилган.
Тошкентда Навоий шоҳ кўчасининг Абай чорраҳасидан Фурқат кўчасигача бўлган қисми йўл қурилиши ишлари ўтказилиши муносабати билан ёпилди.
«Ўзбекнефтгаз» компанияси АИ-80 бензинига талаб ортиб бораётганини қайд этди, бироқ АЁҚШларида ушбу маркадаги ёқилғи тақчиллиги кузатилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
1 октябрдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг АКТ соҳасида ўқиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилади. Бунда таълим кредитлари МБнинг асосий ставкасида БҲМнинг 65 бараваригача 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга ажратилади.
Андижонда фуқарони 10 минг доллар эвазига ўқишга киритмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Тошкентда эса Тожикистондан ўқишни кўчириб беришни ваъда қилган гумонланувчи 3 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг