Сенатнинг 26-ялпи мажлисида Турғунали Мирзаев ва Нурали Рахмоновни Олий суд судьяси лавозимига 10 йиллик муддатга сайлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ҳар иккиси ҳам судья сифатида камида 10 йиллик тажрибага эга.
Сенаторлар маъқуллаган қонунга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ер участкаларини сотиб олиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Адлия вазири имконияти чекланганлар 2−3 млн нафардан кўпроқлиги, шу боис харажатларни қоплаб бериш тартиби бўйича алоҳида низом ишлаб чиқилишини маълум қилди. «Ҳар бир ногиронлиги бўлган шахсга компенсация беришнинг имкони бўлмайди», — деди Русланбек Давлетов.
Сенаторлар ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйилиши тўғрисидаги қонунни маъқуллади. «Снос»га тушган ҳудудда жойлашган ерга 15 йил давомида ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахслар солиқлар тўлаб келгани тасдиқланса, мулк қийматининг ўрни қопланади.
Сенаторлар Мамаризо Нурмуратов номзодини иккинчи муддатга Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига тасдиқлади. У 2017 йилдан бери мазкур лавозимда фаолият юритиб келмоқда.
Сенаторлар «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Унда халққа хизмат кўрсатиш давлат хизматининг тамойилларидан бири сифатида белгилаб қўйилган, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш, фаолиятни KPI асосида баҳолаш, коррупциявий жиноятларини содир этган шахсларни давлат хизматига қабул қилишни тақиқлаш талаблари ўрнатилмоқда.
Россия ЕОИИга аъзо бўлмаган мамлакатларга кунгабоқар ёғини экспорт қилиш квоталарини деярли учдан бир қисмига ошириши мумкин. Март ойида РФ кунгабоқар ёғининг максимал экспорт ҳажмини 1,5 млн тонна, шротни эса 700 минг тонна этиб белгилаганди. Ўзбекистонда апрель ойида ўсимлик ёғининг биржадаги нархи йил бошидан бери 28 фоизга кўтарилганди.
Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси Зураб Абдушелишвили билан учрашувда Шота Руставели ҳайкали атрофидаги хиёбонни реконструкция қилишга келишиб олди. Ҳозирда унинг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, Грузия бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи кутилаётгани ҳам маълум қилинди.
«Пармуда», «трио», дангаса сомса, туркча сомса, кабоб-сомса, мини-сомсалар, чўпчаларга териб пиширилган гўштли ва кўкатли сомса — Zira.uz 8 хил сомсани тайёрлаш рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Ўзбекистон сўнгги 4 ой мобайнида хориждан 38,5 млн долларга 124,8 минг тонна ун сотиб олди. Шундан энг катта қисми (122,8 минг тонна) Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолаверса, Россиядан 1,9 минг тонна, АҚШдан 50 тонна, Ҳиндистон ва Франциядан эса 2 тонна атрофида ун импорт қилинди.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда ҳокимиятни шахсий манфаатлар эгаллаб олиш хавфи максимал даражага етиши кутилмоқда. Ташкилот махсус ва ношаффоф имтиёзлар беришни асосий хусусиятлардан бири деб билади. Маслаҳатлашувлар чоғида тадқиқотчилар ер ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ юқори ташвишларни қайд этдилар.
ОТМларда чет тилидан ўтказиладиган ижодий имтиҳон шартлари, «Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензини нархини оширгани, энг кўп Андижондан тушаётган коррупция бўйича мурожаатлар, июлдан ишга тушиши кутилаётган «Рақамли мобил паспорт», дам олиш кунларидаги ёғингарчилик ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 27 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Метаверс, ўзимизнинг тилда айтганда метаборлиқ ёки метамакон — ўзи нима? Бу ғоя қандай пайдо бўлган? Нега Facebook ўз стратегиясини метаборлиқ ғоясига қаратди? Метаборлиқдан келажакда нима кутиш мумкин?
Абдумалик Назиров «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бунга қадар у Энергетика вазирлигида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган.
Жума куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Шавкат Мирзиёев ЕОИИ давлатларини бозорга чиқишдаги техник тўсиқларни бартараф этиш, меҳнат миграцияси тартиб-тамойилларини соддалаштириш, трансафғон темир йўли доирасида ҳамкорлик қилиш, агрокооперация дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Қолаверса, президент иттифоқ мамлакатларини йўловчи ташиш алоқаларини тўлиқ қайта тиклашга чақирди.
Мирзо Улуғбек туманида арзон нархда АИ-80 маркали бензин олиб беришни ваъда қилган бир нечта шахслар тадбиркорнинг 1,4 млрд сўмини ўзлаштиргани аниқланди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қурилиш вазирлиги тармоқларда видеоси тарқалган Самарқанд вилоятидаги 12 қаватли бино ноқонуний қурилганини маълум қилди. Бино эгаси Қурилишда назорат инспекцияси томонидан бир неча марта огоҳлантирилган, бироқ 2012 йилдан бери қурилиш ишлари давом эттирилган. «Ўзоғирсаноатлойиҳа» бинонинг сейсмик ҳолати талабларга жавоб бермаслиги, колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганини тасдиқлади. Бинони бузиб ташлаш бўйича хулоса берилди, иш судда кўриб чиқилади.
Динозаврлар Ер юзида тахминан 233 миллион йил муқаддам пайдо бўлган. Ернинг турли қисмларида, жумладан, замонавий Ўзбекистон ҳудудида ҳам кўплаб динозаврлар қолдиқлари топилган. Ўзбекистон Миллий университети Геология кафедраси мудири Абдулла Қўшоқов «Газетa.uz»га динозаврлар қолдиқлари сақланиб қолиши учун уларнинг идеал ўлим ҳолати, Ўзбекистонда улар топилган ҳудудлар, мамлакатимизда палеонтология фанининг бугунги ҳолати ҳақида сўзлаб берди.
Қашқадарёнинг Қарши шаҳри ва Чироқчи туманидан 3 та автомобилда пойтахтга сифатсиз гўшт маҳсулотлари олиб келинаётгани маълум бўлди. Шаҳар ветеринария бошқармаси 700 кг гўшт оғир касалликларга чалингани учун сўйилган ҳайвонларга тегишли эканлигини аниқлади. Гўштларни олиб келаётган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома тузилди.
Июль ойидан бошлаб Тошкентда тажриба тариқасида «рақамли мобил паспорт»ни жорий қилиш таклиф этилди. Паспортдан ташқари яна 8 та ҳужжатларни электрон тарзда мобил илова орқали тақдим этиш мумкин бўлади. Давлат хизматлари, банк, авиа ва темирйўл кассалари, меҳмонхоналар ва бошқа ташкилотлар ушбу ҳужжатларни қоғоз шаклида талаб қилишни тўхтатади. Мобил иловадаги электрон ҳужжатлар қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон аҳолисидан автомобилларни дарахт ёки кучли шамолга чидамсиз воситалар яқинида қолдирмасликни сўради. ФВВ эса кучли шамол вақтида амал қилиш зарур бўлган хавфсизлик чораларини эслатиб ўтди. Ўзгидромет маълумотига кўра, шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг