Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди. У февраль ўрталарида МОҚ раҳбарлигидан ҳам кетганди. Федерацияда унинг ўрнини «Капиталбанк» Кузатув кенгаши раиси Мақсуд Абдусаматов эгаллади.
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида Андижон 1-ўринни эгаллади, дея маълум қилди Антикоррупция агентлиги. 2021 йилда ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларни содир этганларнинг 4 нафарини вилоят ҳокимлиги, 18 нафарини туман ва шаҳар ҳокимликлари ходимлари ташкил қилган.
Декабрдан бери илк бор «Ўзбекнефтгаз» компаниясига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмгача (4,3%) кўтарилди. Компания буни импорт қилинаётган 30 фоиз нефт маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархи ошгани билан изоҳлади. Бироқ, бунга қадар «Ўзбекнефтгаз» вакиллари АИ-80 бензини маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилишини айтганди.
Жорий йилдан бошлаб 6 та ОТМга кириш учун чет тилидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтади. Унда абитуриентларнинг хориж тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш компетенциялари баҳоланади. ДТМ 2 соат 45 дақиқа вақт ажратиладиган мазкур имтиҳоннинг формати ва қоидаларини эълон қилди.
Урганч халқаро аэропорти директори Руслан Агабуллаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. У бу лавозимда бир йилдан камроқ вақт ишлади. Uzbekistan Airports раисининг биринчи ўринбосари Жавлонбек Умархўжаев директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
National Interest нашри Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни тўхтатганидан сўнг Adidas, H&M, Gap, Zara ва бошқа халқаро брендлар мамлакат тўқимачилик маҳсулотларини харид қилишни қайта йўлга қўйиши мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистон пахтасининг йирик импортичиси Россиядаги молиявий санкциялар, инфляциянинг ўсиши ва истеъмол бозорининг қисқариши натижасида мамлакат янги харидорларни излашига тўғри келиши айтилган.
Жума куни Волга бўйи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши натижасида дам олиш кунлари барча ҳудудлар совуқ антициклон таъсири остида бўлади. Ҳаво ҳарорати +21…+26 даражадан юқори бўлмайди, шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда ёмғир ёғади ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқини кузатилиши мумкин.
Сешанба куни Тошкент шаҳрида KIA ҳайдовчиси 25 ёшли пиёдани уриб кетди, у шифохонада жон берди. Чоршанба куни эса Самарқандда Cobalt йўлдан ўтаётган 16 ёшли болани уриб, тахминан 20 метрга учириб юборди. Бола турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
Ўзбекистон январь-апрель ойларида қиймати 21,8 млн долларлик 734 та электромобиль импорт қилди. Уларнинг кўпи Хитойдан келтирилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан электромобиль импорти 5 баробарга ошди.
Ўзбекистондаги олдинги конституцион ислоҳотлар Конституциянинг президентлик муддатларини чеклайдиган 90-моддасини четлаб ўтишга имкон яратган. Виржиния Университети тадқиқотчилари турли мамлакатларда шунга ўхшаш чекловларни четлаб ўтиш бўйича 60 та уринишларни ўрганиб чиқди. Бу қандай амалга оширилган ва қанақа оқибатларга олиб келган (ғаройиб ҳолатлар ҳам бўлган) — Комил Жалилов шарҳида.
АҚШнинг Project CURE хайрия ташкилоти Қорақалпоғистонга тиббий асбоб-ускуналардан иборат 3 млн долларлик гуманитар ёрдам юборди. Тўртта контейнернинг ҳар бирида УЗИ ускуналари, ИВЛ, кислород концентраторлари, рентген сканерлари, янги туғилган чақалоқлар учун инкубаторлар, дефибрилляторлар ва бошқалар мавжуд. Ускуналар тахминан июнь ойида етиб келиши ва 24 та тиббиёт муассасасига тақдим этилиши кутилмоқда.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги карантин остидаги ўсимлик маҳсулотларини олиб кириш ва чиқиш қоидаларини ҳамда фитосанитария талабларини бузганларни маъмурий жавобгарликка тортади. Шунингдек, кимёвий воситаларни сотиш учун лицензия беради.
«Трастбанк» акциядорлари Дилмурод Парпиев ва Тохир Шарипов банкдаги улушларини оширди. Уларнинг ҳар бири 8,3% дан акцияларни сотиб олди. Битим 231,5 млрд сўмга баҳоланган. Тадбиркорлар бир қатор лойиҳалар, жумладан, Food City мажмуаси билан боғлиқ лойиҳаларнинг ҳамтаъсисчилари ҳисобланади.
Бош прокуратура Ўзбекистондаги 72 та маданий мерос объектида 121 та ноқонуний реклама жойлаштириш ҳолатларини аниқлади. Айрим ҳолатларда реклама баннерлари тарихий объектларнинг кўринишини тўлиқ ёпиб қўйган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда ИТСВ вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси кўмагида Эссен шаҳрида жойлашган Европадаги энг йирик поябзал ишлаб чиқарувчи Deichmann компанияси билан учрашув ўтказди.
Россия Марказий банки режадан ташқари йиғилишда асосий ставкани 14 фоиздан 11 фоизга туширди. Регулятор ставкани пасайтириш тўғрисидаги қарорини «нархлар ўсишининг сезиларли секинлашиши» билан изоҳлади.
Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев бир марталик моддий ёрдам кимларга ва қандай берилиши, нима учун тошкентликлар кўпроқ олиши ва пуллар қайси маблағлар ҳисобидан ажратилишини маълум қилди. «Тўловлар автомат равишда амалга оширилади. Ҳеч қандай ариза ёки мурожаат талаб қилинмайди», — деди у.
Конституцияни ўзгартириш бўйича келиб тушган таклифлар, 1hls.uz`нинг президент фармони билан тугатилгани, Жамшид Қўчқоровдан камбағалликни 2 баравар қисқартириш режалари, бачадон бўйни саратонининг олдини олиш йўллари, мактабларда таълим сифати ҳақида гапирган президент, Meta компаниясидан $3 млн сармоя жалб қилган 2 ўзбек дастурчи ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 26 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон Метан бўйича глобал мажбурият дастурига қўшилди. ЕТТБ мамлакатга метан чиқиндиларини камайтириш бўйича миллий дастурини ишлаб чиқишига ёрдамлашади. Асосий эътибор энергетика, қаттиқ маиший чиқиндилар ва агробизнесга қаратилади.
Қаршида бир гуруҳ такси ҳайдовчилари хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жавобгарликдан норози бўлиб йўлни тўсиб қўйди. Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг