Ҳиндистон Ўзбекистонга банан, манго, соя ва гуруч экспорт қилишга рухсат олди, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар эса Ҳиндистон бозорига узум, олхўри ва гилос етказиб бера олади. Томонлар бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун чекловларни олиб ташлашни муҳокама қилмоқда.
Ўзбекистонда умумий овқатланиш ва чакана савдо фаолиятини тартибга солиш талаблари соддалаштирилади, соҳадаги тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Адлия вазирлиги ДСҚ ва СЭС билан бирга 1 сентябргача тегишли ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 34,29 сўмга арзонлаб, 10 908,11 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль эса кўтарилди.
2022 йилнинг январь-июнь ойларида 174 млрд сўмлик 77 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилди. Тузилган битимларнинг ўртача қиймати 2,2 млн сўмни ташкил этган.
Халқаро пластик карталардан нақд пул ечиб олиш учун «Капиталбанк» 0,7 фоиз, «Ипак Йўли» банки эса 1 фоиз миқдорда комиссия ўрнатди. Банклар буни нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш билан изоҳлади. Иқтисодчи Отабек Бакиров қолган банклар ҳам комиссия ўрната бошлаши мумкинлигини таъкидлади.
Бизнес-омбудсман тадбиркорларни текшириш жараёни қонунийлиги ва ҳужжатлар ижроси юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ҳокимиятларда ҳам текширувлар ўтказади. Қолаверса, ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, тадбиркорлар муаммоларини жойида ҳал қилиш чоралари кўрилади.
Президент фармони билан «Business.gov.uz» портали «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталига айлантирилди. У орқали тадбиркорларнинг мурожаати 24 соат давомида қабул қилинади, онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказилади, якуни бўйича эса бизнес-омбудсман президент ва ҳукуматга таклифлар киритади.
Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларидаги газ қуйиш шохобчаларида икки ой давомида 41 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Жиззах вилоятидаги 17 та ёқилғи қуйиш шохобчасидаги газ ўлчов тизимларига ташқи таъсир этиш ҳолатлари кузатилган.
Статистика қўмитаси Ўзбекистонда 2021 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2,6 млн сўмни ташкил этганини маълум қилди. Аввалроқ қўмита (қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнес субъектлари бўйича кўрсаткичларни киритмай) 2021 йилда юридик шахсларнинг ўртача ойлик маоши 3,2 млн сўм бўлганини қайд этган эди.
Rothschild & Cie компанияси маслаҳатчилари капитал бозорларининг юқори ўзгарувчанлиги сабабли «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига IPO`ни чиқариш муддатини кейинроққа қолдиришни тавсия қилди.
Солиқ қўмитаси июнь ойи учун истеъмолчиларга 61,9 млрд сўм кешбэк тўлаб берди. Шундай қилиб, 2022 йилнинг олти ойи давомида фуқароларга қайтарилган сумма 248,6 млрд сўмга етди.
Афғонистонда «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш тармоғи қурилишини бошлаш муддатини 31 августга қадар узайтиришга келишиб олинди. Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида тармоқнинг фақат бир қисми қурилган, лойиҳа 2021 йил июлидан тўхтатилган.
UzAuto Motors компанияси Chevrolet Tracker-2 учун шартнома тузишни августдан, Onix учун эса октябрдан бошлашни режалаштирмоқда.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 6,89 сўмга арзонлаб, 10 960,17 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Украинадаги уруш оқибатида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда корхоналар харажатларнинг ошиши ва кредитлаш имкониятларининг қисқариши каби муаммоларга дуч келмоқда. Жаҳон банкига кўра, бу бизнеснинг ёпилиши, иш жойларининг йўқотилиши ва иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келиши мумкин.
Жаҳондаги иқтисодий ва геосиёсий вазият оқибатида қашшоқлик даражаси ўсиб бораётгани учун имтиёзли кредитларни бекор қилишни кейинга қолдиришга тўғри келди, деди МБ раиси Мамаризо Нурмуратов. Шунга қарамасдан регулятор ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни сўрамоқда.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 47,08 сўмга қимматлаб, 10 967,06 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам кўтарилди, рубль эса пасайди.
Humo ва Uzcard тўлов тизимлари ўзаро интеграция асосида ишламоқда, бироқ жараён маълум қийинчиликлар билан кетяпти, дея таъкидлади МБ раҳбари Мамаризо Нурмуратов. Унинг сўзларига кўра, айрим Uzcard шартлари Humo`га тушмайди.
20 август — Тадбиркорлар кунида президент ишбилармон доира вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқотни ўтказади. Таклиф ва саволлар июль охирига қадар қабул қилинади.
UzAuto Motors компаниясига берилган кредит Россиянинг Транскапиталбанк (ТКБ) ва Credit Suisse ўртасидаги суд жараёнига сабаб бўлди. Суд Швейцария банкининг Россиядаги активларини, жумладан 10 млн евродан кўпроқ маблағини музлатиб қўйди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг