«Мароқанд нефть базаси»нинг Булунғур ва Жомбой филиалларида 73,7 млрд сўмлик талон-торож ва камомад аниқланди. Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва камомадларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Давлат хавфсизлик хизматига тақдим этилди.
Марказий банк Ўзбекистонда «Ориёнбанк»нинг (Тожикистон) ваколатхонаси аккредитация қилинганлиги ҳақида хабар берди.
Президент Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинатидаги қиймати 672 млн евролик қуюв прокат мажмуаси қурилишини кўздан кечирди. Уни 2024 йилда ишга тушириш, йилига 1 млн тонна пўлат листлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Давлат раҳбари корхонани тезроқ ишга туширишни буюрди.
2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Тожикистондан умумий қиймати 17,3 млн доллар бўлган 6,6 минг тонна пахта импорт қилди. Пахта импорти ҳажми цемент ҳамда электр энергиясидан ҳам ортиб кетди.
1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги меҳнат ресурслари сони 19 млн 453,3 минг кишига етди. Шуни 2 млн нафардан ортиғи хориждаги меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Мамлакатда ишга муҳтожлар сони йил бошидаги 1,4 млн кишидан (9,6%) июнга келиб 1,3 млн кишигача (8,8%) камайди.
Давактив агентлиги «Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи» ҳусусийлаштирилиши юзасидан консультант компаниялар учун танлов эълон қилди. Заводнинг устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши сотилади.
Германия ва Ўзбекистон иқлим ўзгариши соҳасидаги минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувни имзолади. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 млн евро бўлиб, 2022−2026 йилларда Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида амалга оширилиши режалаштирилган.
Криптоактивлар айланмаси соҳасини тартибга солувчи Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги машҳур криптобиржаларнинг сайтларига кириш уларнинг фаолият юритиш учун лицензияси бўлмагани сабабли блокланганини маълум қилди.
Қорақалпоғистон фермерлар кенгаши пахта хомашёсининг минимал нархлари тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
Тошкентнинг Яшнобод туманида ипотека маркази очилди. У пойтахтда қурилаётган уйлар, унга хизмат кўрсатадиган банклар, ипотека кредитлари шартлари ҳақида маълумотлар беради. Қайд этилишича, 2022 йилда ипотека кредитлари учун бюджетдан 13 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги «Dori-Darmon» АЖни хусусийлаштириш учун консалтинг компания жалб этишни режалаштирмоқда. Корхонанинг 51% акциялари пакети сотувга қўйилади.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 24,00 сўмга қимматлаб, 10 904,29 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам кўтарилди, рубль эса яна пасайди.
Май ойидан бери Тошкентдаги бирламчи ва иккиламчи бозордаги уй-жойлар нархи арзонлашиб бормоқда, деб маълум қилди Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти. Хусусан, бирламчи бозорда 1 кв.м учун май ойидаги $943,6 нарх июлда $919,9 га, иккиламчи бозорда эса $891,1 дан $882,6 гача тушган.
Тошкент вилоятининг Қибрай тумани учун иссиқлик энергиясига янги тарифлар 25 августдан кучга киради.
Шавкат Мирзиёев экспортёрлар учун энг мақбул йўналишларни ишлаб чиқиш ва уларнинг транспорт харажатларини камайтириш, экспорт юкларини Европага олиб ўтиш учун қўшимча рухсатномалар олиш масалаларини ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.
Шахсни идентификациялаш учун синов тарзида Мобил-ID тизими ишга туширилди. Ушбу модул ёрдамида фуқаролар доимо ёнида олиб юрувчи мобил телефон рақами орқали рўйхатдан ўтиб, барча давлат хизматларидан (молиявийдан ташқари) электрон рақамли имзосиз фойдаланишлари мумкин.
Uzauto Motors оддий акциялари «Тошкент» фонд биржасининг котировкалаш варағига киритилди. Компания акцияларини фонд бозорида кенг оммага таклиф этиш жараёнлари 2022 йилнинг IV чорагидан бошланади.
Июль ойида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари пасайди. Шу билан бирга, респондентлар орасида ёқилғи нархининг ошиши ва валюта курсининг ўзгаришини инфляциянинг асосий омиллари деб ҳисобловчилар улуши кескин ошган.
Марказий банк истеъмолчи ҳуқуқларини бузгани учун 13 та банкка кўрсатма берди ва 101 нафар банк ходимига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллади.
Украинадаги можаролар ортидан санкциялар остида қолган Россияда енгил автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми йил бошидан бери кескин тушиб кетди. Бунинг натижасида Ўзбекистон машина ишлаб чиқаришда МДҲ мамлакатлари орасида етакчига айланди, дея қайд этди «ПромРейтинг» тадқиқотчилари.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг