Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда геология-қидирув ишлари 2−3 километрдан 4−5 километр чуқурликкача туширилгани қайд этилди. Энди ушбу қидирув ишларини 6−7 километрга ошириш режалаштирилмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизими қайта кўриб чиқилади. Вазирликнинг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади. Уларнинг вазифалари ҳамда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалалари Савдо-саноат палатасига ўтказилади.
ЖССТ маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўртача тана массаси индекси 1 квадрат метрга 26,5 кг ни ташкил қилмоқда. Бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир. 2060 йилга бориб семизлик оқибатида иқтисодиётга етадиган зарар 21,6 млрд долларгача ошиши кутилмоқда, бу — ЯИМнинг 4,7 фоизига тенг.
Ноябрь ойида Тошкентда уй ижарасининг ўртача нархи 2,1 фоизга пасайиб, квадрат метри учун 9,3 долларни ташкил этди, дея маълум қилди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази. Пойтахтнинг 10 та туманида ижара нархи тушган, бунда энг арзон ҳудудлар Сергели ва Бектемир бўлиб турибди.
Ўзбекистонда ноябрь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 12,7 фоизни ташкил этиб, октябрга нисбатан 0,7 фоизга пасайди. Энг юқори даража пенсионерлар ва таълим соҳаси вакиллари томонидан қайд этилди.
Сўмдаги кредитлар бўйича ўртача ставка 2020 йил май ойидан бери максимал даражага етиб, 23,8 фоизни ташкил этди. Муддати 1 йилдан ортиқ бўлган барча депозитлар бўйича ўртача ставка 10 йиллик рекорд — 20,7 фоизгача ошди.
Россия ҳамкорлигида Чирчиқ ва Жиззах вилоятида очилган технопаркларни Ўзбекистоннинг яна учта вилоятида қуриш режалаштирилмоқда, деди Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров. Ўзбекистон ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарда фаоллаштиришга тайёр, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев.
Humo Air авиакомпанияси ўзининг илк А320 самолётида Тошкентдан Нукус, Қарши, Самарқанд ва Урганчга илк парвозларини амалга оширди. Чипталар 159,5 минг сўмдан бошланади (олдинроқ харидда, багажсиз). Шиори «Одамлар учади» бўлган компания келаси йил хорижга ҳам рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Россия Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари экспортини ошириш имкониятларини ўрганмоқда, деди мамлакат саноат ва савдо вазири Денис Мантуров. Унинг сўзларига кўра, республикада олиб борилган геология-қидирув ишлари натижалари янги газ конларининг очилиши имконини беради.
«Ҳудудгазтаъминот» компанияси Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари учун киритилган чекловлар юмшатилганини маълум қилди. АГТКШлар «маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида» ишини тиклайди.
Ўзбекистоннинг икки компанияси — Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia Япониянинг санкциялар рўйхатига киритилди. Аввалроқ уларга қарши АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам санкция қўллаганди.
Ўзбекистонда ноябрь ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари октябрга нисбатан деярли ўзгармади, бизнеснинг кутилмалари эса сезиларли пасайди. Иш ҳақи, нафақалар ошиши нархларга босим ўтказишини қайд этганлар кўпайди. Инфляция 8 фоиз ва ундан камроқ бўлишини кутаётганлар улуши пойтахтда энг кам бўлди.
Президент ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ва Ўзбекистонда автомобилларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича топшириқ берди, деди «Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Розуқулов. Унга кўра, «дилерлик тизимини такомиллаштириш ва аҳоли эътирозларининг олдини олиш» ҳам топширилган.
Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат»ни трансформация қилишни жадаллаштириш, моделларни кенгайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий корхоналар электромобиль ишлаб чиқариш соҳасини ўзлаштириб, талабларга мослашмаса, келажакда бозорда ўрин топишда қийналади.
2024 йилги ҳосил мавсумидан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича шартномалар товар-хомашё биржаси орқали тузилади. Фермерлар ортиқча хомашёни, шунингдек, ўз маблағи ҳисобидан етиштирилган пахтани эркин сотиш имкониятига эга бўлади. Фермер ва кластерларни кредитлашнинг янги тизими жорий этилади.
Бензинга талаб ортиб бориши фонида Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари ёнилғи ишлаб чиқаришни 21,2 фоизга — 4 минг тоннагача оширди. «Ўзбекнефтгаз», шунингдек, маҳаллий SDK Group And компанияси Россиядан Аи-92 К5 бензини импортини оширгани ҳақида хабар берди.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг секинлашиб боришига қарамасдан, бу тенденциянинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
S&P рейтинг агентлигининг таъкидлашича, Ўзбекистон Россиянинг Украинадаги уруши салбий таъсирларига етарлича яхши туриб бермоқда, бироқ давлат корхоналари қарзининг давлат балансига ўтказилиши, бюджет тақчиллиги, шунингдек, сиёсий қарорларни башорат қилиш қийинлиги билан боғлиқ рисклар мавжуд.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Марказий Осиё ва Мўғулистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 200 миллион евролик 7 йиллик дастурини ишга туширди.
Янги йил байрами арафасида бозорларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бош прокуратура нархларни асоссиз равишда оширишга уринишларни назорат қилади, дея таъкидланди президент йиғилишида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг