Наманган вилоятида «Ифода Агро Кимё Ҳимоя» корхонаси гранулали органоминерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи заводни ишга туширди. Лойиҳа учун USAID’нинг ўғитлардан самарали фойдаланиш жамғармаси 460 минг доллар миқдорида грант ажратди.
Ўзбекистонда электр энергияси улгуржи бозорига 2027 йилда, газ бозорига эса 2028 йилда тўлиқ ўтиш режалаштирилган, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. «Биз Ўзбекистон қазиб олиш бозорига кўпроқ компаниялар киришини истаймиз», — таъкидлади у.
Навоий кон-металлургия комбинати илк марта, икки траншда 4 ва 7 йил муддатга умумий қиймати 1 млрд долларлик дебют еврооблигацияларни чиқарди. НКМК маблағдан капитал қўйилмалар бўйича дастурларни молиялаштириш, мавжуд қарзни тўлаш ёки муддатидан олдин сўндириш ва бошқа мақсадларда фойдаланмоқчи.
2025 йилда электр энергияси ва газ тарифлари ислоҳотининг асосий босқичини якунлаш режалаштирилмоқда, деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров. Унинг сўзларига кўра, бу ҳам аҳоли, ҳам корхоналар томонидан энергия ресурсларидан рационал фойдаланилишига хизмат қилади.
Ўзбекистонда йил бошидан буён маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг 300 мингдан зиёд автомобили сотилди. UzAuto Motors`нинг бу бозордаги улуши 89,4 фоизни ташкил этмоқда. Машиналари энг кўп сотилаётган брендлар ўртасида Chevrolet`дан кейинги ўринларни Kia, BYD ва Chery эгаллади.
Ўзбекистон ўз қонунчилигини ЖСТ келишувлари билан 29 фоизга уйғунлаштирди (йил бошида кўрсаткич 25 фоиз эди), деди Шавкат Мирзиёев. Президент 269 лаборатория ва 2000 дан ортиқ маҳаллий стандартларнинг халқаро стандартларга мувофиқ тан олинишига эришиш бўйича топшириқ берди.
Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади. Шунингдек, фан олимпиадалари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштириладиган, уларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиладиган махсус сайт ишга туширилади.
Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли қурилиши вақти 6 йил 3 ойни ташкил этишини маълум қилди. Лойиҳага кўра, йўлда 10 та туннель бўлади (жами узунлиги 33 км, энг узуни 6,8 км). Пулли йўл қурилиши орқали сафар вақти 2 соат 14 дақиқага қисқаради.
Президентга олиб кирилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид тақдимотга кўра, халқаро тан олинадиган лабораторияларни кўпайтириш, 10 та янгисини ташкил қилиш, соҳадаги қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбари кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни буюрди.
Сентябрда Тошкентда уй-жойлар учун ижара нархларининг ошиши давом этди. Пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар учун ўртача ижара нархлари августга нисбатан 2,8 фоизга, тўлиқ таъмирланган хонадонларники эса 1,4 фоизга ошди.
Янги Бухоро халқаро аэропортини қуриш учун 307 (айрим маълумотларга кўра, 380) гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилмоқда. Мажмуа шаҳар марказидан 26 км узоқликда жойлашади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун 2500 сўмдан ҳақ тўланишини маълум қилди. Бу учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан фермерга имтиёзли кредит берилади.
Президент Бухоро халқаро аэропорти қурилиши режаси билан танишди. У янги аэропортда ўтказувчанлик қобилиятини 2 баробар ошириб, соатига 8 та самолёт келиш-кетишига имконият яратиш зарурлигини таъкидлади.
III чоракда Ўзбекистон аэропортларининг асосий кўрсаткичлари ошди. 2023 йилнинг шу даврига нисбатан йўловчи ташиш 33 фоизга ўсиб, қарийб миллион кишини ташкил этди. 82 637 та рейсга хизмат кўрсатилди, бу ўтган йилнинг январь-сентябрига нисбатан 36 фоизга кўп.
Тожикистон мамлакат энергетика тизимини Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қайта улаш ва Ўзбекистонга янги электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси учун ОТБдан 15 млн доллар олади.
Йирик корхоналар учун имтиёзларни бекор қилиш оқибатларини юмшатиш учун Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганда 2−3 йил оралиғида ўтиш даври олади, деди Солиқ қўмитаси раҳбари ўринбосари Мубин Мирзаев. У, шунингдек, ЖСТга аъзо бўлишнинг афзалликларини қайд этди.
ИТИМ сўровномасига кўра, сентябрь ойида қишлоқ хўжалиги ва саноатда бизнес муҳити сезиларли даражада яхшиланди, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида иқтисодий фаоллик пасайиши кузатилди. Компанияларнинг умидлари бироз пасайди, энг сезиларли оптимизм пасайиши қурилиш ва хизматларда рўй берди.
2030 йилга қадар Ўзбекистонда газ қазиб олишни 62 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган (лекин сўнгги йилларда у пасаймоқда). Агар Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари кутилган натижани бермаса, импорт кўрсатилган йилга келиб 10−11 миллиард куб метрга етади, деди энергетика вазири.
Saneg нефть-газ компанияси 2024 йил бошида Saneg Атом шуъба корхонасини ташкил этди. Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, «ушбу йўналишда иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида» Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича мавжуд вазият таҳлил қилинмоқда.
1 ноябрдан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар онлайн кредит ажратилишига доир вақтинчалик тартиб жорий этилади. Марказий банк ушбу тартиб фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун эканини маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг