Ўзбекистон олтин-валюта захиралари яна рекорд кўрсаткични ўрнатди. Сентябрда олтин нархининг ўсиши фонида захиралар 2 млрд долларга ошиб, 41,1 млрд долларга етди. Ўтган ой МБ оз миқдорда қимматбаҳо металл сотди, аммо олтин захирасининг қиймати сезиларли даражада ортди.
Ўзбекистонда газ таъминотига уланмаган ҳовлили уй-жойлар учун ҳам электр энергияси тарифидан 50 фоизлик чегирма берилиши режалаштирилмоқда. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, бу ўзгаришни 1 январдан жорий этишга ҳаракат қилинмоқда.
Энергетика вазири электр энергияси учун киритилган 200 киловаттлик норма оширилиши кутилмаётганини айтди. «200 кВтлик норма ошириш учун эмас, таҳлил қилиб, барчасини ўрганиб, истеъмол ва меъёрлардан келиб чиқиб киритилган», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Энергетика вазири апрелдан сентябргача пропаннинг биржа нархи 2 бараварга ошгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, бунга жумладан пропан-бутан ишлаб чиқариш етарли даражада ошмагани, пропанда ҳаракатланувчи автотранспортлар сони эса 1,57 баравар ошгани сабаб бўлган.
Рақобат қўмитаси Shaffof sement sanoat’га нисбатан чора кўрилганини маълум қилди. Корхона 20 минг тоннадан ортиқ цементни биржага қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотган, бу ҳаракат эса манипуляция деб баҳоланади.
Энергетика вазири Ўзбекистон умумий энергоқувватининг жуда кичик қисмини ташкил қилишига қарамай мамлакатда кичик АЭС қурилиши режалаштирилаётгани ҳақидаги савол берди. «Бизнинг мақсадимиз кейинроқ каттасини қуриш», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қиш мавсуми учун «Газли» ва «Хўжаобод» ерости газни сақлаш омборларига 5,1 млрд куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ўтган йилги ҳажмга нисбатан 1,1 млрд куб метр кўпроқ ҳисобланади.
Август ойида Ўзбекистон 792,6 млн долларлик олтин экспорт қилди. Бу қимматбаҳо металлнинг май ойидан бери биринчи сотуви ҳисобланади. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти пасайди, мева-сабзавот етказиб бериш эса ўсмоқда. Мамлакат катта ҳажмдаги газ ва нефть маҳсулотлари импортини ҳам давом эттирмоқда.
Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. У ижтимоий ҳимоя тизими, темирйўл ва энергетика соҳалари, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва бошқа соҳаларни қамраб олади.
Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари сентябрда августга нисбатан 20,8 фоизга, харажатлари эса 21,4 фоизга ўсди. Тўққиз ойда бюджет дефицити ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,05 трлн сўмга қисқариб, 37,3 трлн сўмни ташкил этди.
UPay тўлов хизмати қимор ўйинлари билан боғлиқ транзакциялар туфайли Марказий банк чекловларига учради. Хизматнинг бош компанияси ҳисобланган Humans Марказий банк қароридан норози эканини билдириб, регуляторнинг ҳаракатлари қонунга зид эканлигини таъкидлади.
Антикоррупция агентлиги таҳлилига кўра, 2024 йилнинг ярим йиллигида банклар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари тизимида коррупцияга оид жиноятчилик камайди. Мактаб ва боғча таълими вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ходимлари орасида эса ортди.
Транспорт вазирлиги ва Корея авиация маъмурияти икки давлат ўртасида белгиланган авиакомпаниялар сонига чекловларни олиб ташлаш масаласини кўриб чиқади. Uzbekistan Airways ва Qanot Sharq билан бир қаторда Air Samarkand ва юк ташувчи My Freighter ҳам Жанубий Кореяга парвоз қила олади.
Қирғизистонда гўшт нархининг кескин кўтарилиши ушбу маҳсулотларнинг Ўзбекистонга экспорти ортиши билан боғланди. Шу сабабли мамлакатда гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилди. Ўзбекистон ички бозорда нархи ўсиши фонида гўшт маҳсулотлари импортини оширганди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Ҳудудгазтаъминот» ҳамда Climate Compass шуъба корхонаси GasGreen Asia’нинг қўшма лойиҳаси натижаларини эътироф этди. 2023 йил март ойидан буён 50 мингдан ортиқ метан сизиб чиқиши бартараф этилди, шу сабаб чиқинди ҳажми қисқарди ва миллионлаб доллар иқтисод қилинди.
Ўзбекистон Швейцариянинг Stadler компаниясидан иккита поезд сотиб олишни режалаштирмоқда. Улар Ўзбекистон темир йўлларида синовдан ўтказилади, сўнгра поездларнинг катта партиясини харид қилиш имконияти кўриб чиқилади, дея таъкидлади транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.
Ўзбекистонда 2024 йил якунигача PayPal, Alipay, UniPay, Apple Pay, Google Pay каби халқаро онлайн тўлов компаниялари мамлакат тўлов тизимлари ва банк хизматларига улаш режалаштирилмоқда. Ҳукумат қарорига кўра, зарур ҳолларда, бу учун миллий қонунчилик талаблари қайта кўриб чиқилади.
Ўзбекистон сенаторлари фермерларнинг бирлашиши ва ҳамкорликда фаолият юритиши мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги янги қонунни маъқуллади. Амалдаги қонун 1998 йилдан буён кучда бўлиб келмоқда.
Сенат мажлисида «Афросиёб» поездида айрим йўналиш чиптаси авиачиптадан қимматлиги, хизмат кўрсатиш сифати пастлиги айтилди. Транспорт вазири поездларда мобиллик ва хизмат сифатини ошириш бўйича режалар ҳақида сўзлади. Шунингдек, 1 январдан тезюрар поездларда динамик нархлар бўлиши маълум қилинди.
Ўзбекистонда сўм долларга нисбатан кетма-кет иккинчи ой бироз қадрсизланди. Сентябрь охирида доллар миллий валютага нисбатан 90 сўмга (+0,71%) мустаҳкамланди. Умуман олганда, йил бошидан буён миллий валюта 3,1 фоизга қадрсизланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг