Ўзбекистонда 1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар 68 баравар (34 минг сўмдан 2,32 млн сўмгача), электромобиллар учун эса 15 бараварга ошади. Ички ишлар вазирлигининг бу бўйича буйруғи тўловлар миқдори ошишидан бир кун олдин қабул қилинди.
1 апрелдан Ўзбекистонда автомобиллар импорти тартиби кучайтирилиши, мувофиқлик сертификати бошқа шахс номига берилган бўлса, божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тақиқланиши кутилмоқда. Ўзгаришлар ҳақида расмий хабар берилмади. Расмий дилерлар орқали сотиш тартиби ҳам тикланиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда «зарарли» тоифадаги автомобилларни «тоза» тоифадаги автомобилларга алмаштириш учун субсидия бериш режалаштирилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бир ой муддатда мазкур ташаббусни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даража — 59 трлн сўмни ташкил этиб, аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлди. Ўтган йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасини ушлаб туролмагани сабабли парламент орқали лимитни оширганди.
Биринчи чоракда Ўзбекистон иқтисодиёти 6 фоизга, саноат эса қарийб 10 фоизга ўсади, дейилади президент билан учрашувда. У корхоналарнинг дебитор қарздорлигини камайтириш ва харажатлар асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича топшириқ берди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» 2023 йилда Афғонистонга 91,2 млн долларлик электр энергияси экспорт қилди ва 9,6 млн долларлик электр энергияси транзитини амалга оширди. Шунингдек, ташкилот йил давомида магистрал электр тармоқлари орқали 71,9 млрд кВт•соат электр энергияси узатди.
Fitch агентлиги Ўзбекистон банк секторидаги ўсишни қайд этди — урғу кўпроқ бозорга асосланган ёндашувга кўчган. Аммо ташкилот, шунингдек, чуқур тузилмавий заифликлар ва янги рисклар туфайли кейинги яхшиланишларга эришиш учун кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин, деб ҳисоблайди.
Хитойнинг CITIC Construction компанияси Тошкент-Чиноз йўлини реконструкция қилиш лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда. Уни таъмирлаш 2022 йил бошида муҳокама қилинганди. Компания, шунингдек, Ўзбекистонда пулли йўллар қуришни режа қилмоқда.
Жаҳон банки Ўзбекистондаги гендер ҳолати бўйича ҳисоботининг асосий хулоса ва тавсияларини тақдим этди. Унга кўра, агар аёллар иқтисодий ҳаётда эркаклар билан тенг иштирок эта олса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади (ЯМД) тахминан 29 фоизга ошиши ва 700 мингдан ортиқ одам камбағалликдан чиқиши мумкин.
Ўзбекистон ҳукумати 2024 йилда Қозоғистон орқали Россия гази импортини уч баравар оширишни режа қилмоқда, деб ёзмоқда «ТАСС».
Президенти Наманган вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирларини кўриб чиқди. Вилоятда Туркия тажрибаси асосида заргарлик маркази қуриш, тоғ туризми ва йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш, Қамчиқ довони ёнида логистика маркази очиш ва бошқалар режалаштирилмоқда.
Психолог ва иқтисодчи, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, хулқ-атвор иқтисодиёти асосчиларидан бири Даниэль Канеман 90 ёшида вафот этди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ангор тумани ҳокими сотиб олган Captiva автомобилининг нархи туман ҳокимлари учун белгиланган лимитдан юқори эканини аниқлади. Автомобиль Сурхондарё вилояти ҳокимлиги балансига ўтказилди. Собиқ депутат Расул Кушербаев бу муаммонинг ечими эмас, деб ҳисобламоқда.
Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 9,9 млрд долларга (+10,5 фоиз) етди. 2,66 млрд долларни ташкил этган импорт ва экспорт ўртасидаги фарқ февралда 1,3 млрд долларлик олтин сотилиши ҳисобига бироз қисқарди. Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон билан савдо айланмаси ҳажми камайди.
2024 йилнинг илк икки ойида Ўзбекистонга газ импорти 166,7 млн долларни ташкил қилди. Бу даврда мамлакат 26,7 млн долларлик газ экспорт қилган бўлса-да, Хитой Ўзбекистондан 57,3 млн долларлик газ импорт қилганини билдирди, бу Ўзбекистон томони берган рақамлардан икки баравар кўпдир.
«Росатом» Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома юзасидан музокаралар «анча муваффақиятли» кечаётганини таъкидлади. Корпорация расмийси мутахассислар аллақачон АЭС қурилиши мумкин бўлган майдонни батафсил ўрганиб чиққани ва энг мақбул технологик ечимларни аниқлаганини айтди.
«20 000 00 00» мобил рақами аукционда рекорд даражадаги 1,07 миллиард сўмга (85 минг доллар) сотилди. Аукционда 10 нафар талабгор иштирок этиб, 87 та таклиф киритди, шу боис рақамнинг бошланғич баҳоси 5 баробарга ошди.
Хитой Поп туманида жойлашган Пунган қишлоғи ва Наманган шаҳри ўртасидаги йўлни реконструкция қилади ва кенгайтиради. Президент лойиҳани маъқуллаб, бу «Янги Ўзбекистонга янги йўл» бўлишини таъкидлади. Уни амалга ошириш 2013 йилдан бери режалаштирилаётган, бироқ 2016 йилда тўхтатиб қўйилган эди.
Президент Наманган халқаро аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди. Ўтган йили учиб келиш терминали реконструкция қилинганди. Қувватни яна 3 баробар ошириш режалаштирилган. Юк терминали, умумий овқатланиш ва ёқилғи қуйиш мажмуалари қуриш кўзда тутилган.
Хитойнинг China Mining Energy Group компанияси Наманган вилояти Чуст туманида мис рудаларини қазиб олиш ва қайта ишлашни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 200 миллион долларга баҳоланмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг