ОТБнинг 2021 йилги янгиланган прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 5 фоиз, 2022 йилда эса 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. ОТБ 2021 ва 2022 йиллар учун инфляция прогнозларини мос равишда 10 ва 9 фоиз даражасида сақлаб қолди. Шунингдек, жорий ҳисоб дефицити бўйича прогнозларини оширганини маълум қилди.
IKEA компанияси Ўзбекистонда товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза юборди. Компаниянинг аризаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳомиладор аёл ўзини зўрламоқчи бўлган қўшни эркакни пичоқлаб ўлдирди. Аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Аввалроқ эркакнинг яқинлари прокурор билан учрашиш учун ғалаён кўтарган эди.
Президент 1 октябргача «Очиқ бюджет» ахборот порталидаги таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 млрд сўм маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, 2022 йилдан ички йўлларни таъмирлашга ажратиладиган 50 фоиз маблағ «Очиқ бюджет» ахборот порталида аҳоли кўп овоз берган ҳудудларга йўналтирилади.
«Менинг юртим» телеканали кино ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси аъзоларига тегишли бўлган кинофильмларни рухсатсиз ва шартнома тузмасдан эфирга узатгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Тошкент шаҳрида метрода 13 ёшли қизга беҳаё ҳаракатлари учун қидирувда бўлган эркак қўлга олинди. Фуқаро илгари бир неча жиноятларни содир этганлиги учун судланган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,05 сўмга пасайиб, 10 670,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Олий таълим вазирлиги республика ОТМлари тасарруфидаги академик лицейларга кириш имтиҳонларининг якуний натижаларини эълон қилди.
«Олмазор» — «Сергели» йўналишида поездлар қатнови 25 сентябрь соат 21:00 дан 26 сентябрь соат 07:00 гача вақтинча тўхтатилади. Метрополитен йўловчилари ушбу йўналишда йўлга қўйиладиган автобуслардан йўл кира хаққисиз фойдаланиши мумкин.
Январь-август ойларида ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва канализация тизимларига 2798 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур қонунбузарликлар оқибатида давлат бюджетига жами 8,4 млрд сўмлик зарар етказилган. Тошкент шаҳрида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда қарздорлик туфайли тармоқдан узилиш ҳолатларининг 90 фоизи юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Экопартия раҳбари ва президентликка номзод Нарзулло Обломуродов турли хил баҳоналар билан ва аҳолини огоҳлантирмасдан дарахтларнинг кесилаётганлигини танқид қилди. У дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиётини йўлга қўйишга чақирди. 17 сентябрь куни Сирдарёда «саломатлик йўлакчалари»ни қуриш учун 13 та дарахт қўпорилган эди.
5 октябрдан бошлаб Москвадан Ўзбекистон шаҳарларига доимий авиақатновлар оширилади. Бунда Москва — Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига 4 тагача рейс, Москва — Самарқанд, Бухоро бўйича ҳафтасига 2 та рейс йўлга қўйилади.
Халқ демократик партияси депутати Раъно Турдибоева ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили бўлди. ХДП ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Раъно Турдибоева 3 ой аввал партия аъзолигидан чиққан.
«Ижтимоий фикр» марказининг президентлик сайлови бўйича сўрови фуқаролар сайловолди дастурлари билан тўлиқ танишишга ҳали улгурмаганини кўрсатди. Респондентларнинг деярли ярми номзодлар орасидаги очиқ теледебатларни дастурлар ҳақида маълумот олишнинг энг жозибали шакли деб аташди.
Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг маълум қилишича, 2020 йилда коронавирус инқирози сабабли давлат харажатлари кескин ўсган. Эндиликда уни пандемиягача бўлган даврдаги даражага — ЯИМга нисбатан 27% га тушириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ҳукумат келгуси йилларда давлат қарзи даражасини 50%, бюджет тақчиллигини 2% чегарада ушлаб туришни режалаштирмоқда.
Approve.com тадқиқотига кўра, дунёнинг энг йирик 16 та компанияларининг бозор қиймати кейинги беш йилликда 1 трлн долларга етиши кутилмоқда. Улар орасида Tesla, Netflix, Berkshire Hathaway, Visa, Alibaba Group каби компаниялар ўрин олган.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 531 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 4 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, чоршанба куни 118 кишида пневмония қайд этилди, 1 нафар пневмония бемори вафот этди.
Президентликка номзодлар мактабларда бепул овқатланишни таклиф қилиши, Тошкентда «Тунги велосайр» фестивали ўтказилиши, Мўйноқда яшовчи оилаларга 5 млн сўмдан тарқатилиши — «Газета.uz»нинг 22 сентябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Исломободдан Лондонга учган British Airways самолёти 83 ёшли йўловчининг аҳоли ёмонлашиб қолгани сабабли эрта тонгда Тошкентга қўнди. Аёл самолёт қўнганидан кўп ўтмай оламдан ўтди. Йўловчилар ҳали ҳам аэропортда қолишмоқда.
1 октябрдан шаҳарсозлик ҳужжатлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими, лойиҳа ҳужжатлари эса аккредитация қилинган эксперт ташкилотлари — юридик шахслар, «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг