АҚШнинг Project CURE хайрия ташкилоти Оролбўйи минтақасига 3 млн долларлик гуманитар юкларни юборди. Умумий ҳажми қарийб 7 тоннани ташкил этган тиббий жиҳозлар рентген сканерлари, лаборатория асбоблари, кислород баллонлари ва бошқа тиббий қурилмалардан ташкил топган.
Бош прокуратура Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббиёт марказида юз берган портлаш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Айни вақтда ҳодиса оқибатида жабрланганлар сони 11 нафарни ташкил этмоқда.
Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган йиғилишда инспекторларга бўйсунмаслик, уларга қаршилик кўрсатиш, ҳақоратлаш ҳолатлари сўнгги вақтларда ортиб бораётгани масаласига эътибор қаратди. Давлат раҳбари қонунларни кўриб чиқишда, бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Бўстонлиқдаги «Ёшлик» болалар оромгоҳи негизида «Ренессанс» соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилади. Оромгоҳ Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилади. Унда иқтидорли болалар ҳамда агентлик тизимидаги ходимлар дам олади ва ўқитилади.
ДХХ Фарғона вилоятида халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимлар раҳнамоларининг «жиҳод» га чорловчи маърузаларини юклаб олиб, танишларига тарқатганликда гумон қилинган 24 ёшли фуқарони қўлга олди. Дин ишлари бўйича қўмита унинг телефонидаги материалларни ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганини тасдиқлади.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилишини маълум қилди. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бўлади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланади. Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганади.
Тошкент шаҳридаги мактаб ва боғчалар олдида автомобиль ҳаракатининг максимал тезлиги 30 км/соатдан ошмайди. Бу ҳақда президент видеоселекторда маълум қилди. Қолаверса, айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 км соатдан 60 кмгача тушириш зарурати борлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳридаги 21-сонли меҳрибонлик уйидаги болага тарбиячи томонидан жисмоний тазйиқ қилиб келинаётганлиги аниқланди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилган ва тарбиячини вақтинчалик ишдан четлатиш учун ХТВга хат киритган.
Президент Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжудлиги, бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқлигини танқид қилди. Шундан келиб чиқиб, Тошкентда йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизими тўлиқ пойтахт ҳокимияти тасарруфига ўтказилиши айтилди.
ФВВнинг аниқлик киритишича, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида тиббиёт марказида рўй берган портлаш оқибатида бир нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган.
Жиззахлик фуқаро Суриядаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирганликда гумон қилинмоқда. У хориждалигида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг ғоявий таъсирига тушиб қолиб, ватанга қайтгач, ўндан ортиқ тенгқурларига ташкилот ғояларини тарғиб қилгани айтилмоқда. Фуқаро ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
«Газпромбанк» Самарқанд аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини молиялаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббиёт муассасаларидан бирида газ портлаши юз берди. 7 киши жароҳат олган, ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишини маълум қилди. Қоидабузар ҳайдовчиларга балл ҳисоблаб борилади, бир йилда қоидабузарликлари 12 баллдан ошган ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. «Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномасини олса, улардан 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди» деди президент ва ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим жорий этилишини таъкидлади.
Андижон вилояти Марҳамат туманида ўқитувчилар ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги ўрганиш ишларини якунлади. Натижада туман ҳокимлиги ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
2021 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, унда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. Авариялар оқибатида 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафар ёш бола ҳисобланади. Президент видеоселекторда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берди.
Ўзбекистон Американинг AeroVironment компаниясидан разведка ишларини амалга оширувчи енгил RQ-20B Puma 3 AE дронларини сотиб олади. Умумий қиймати 8,54 млн долларлик шартнома бўйича ишлар 2022 йил 30 ноябрига қадар тугатилади. Shephard Defence Insight сайти ҳисоб-китобларига кўра, шартнома доирасида Ўзбекистонга 40 га яқин дрон етказиб берилиши мумкин.
Президент қарорига кўра, Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Наманганда шоирга ҳайкал ўрнатилади. Унинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш учун ДХХ ва Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишишга шароит яратилади. Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номи берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказади. Бу давлат раҳбари раислигида айнан шу масалага бағишланган биринчи йиғилиш бўлади. Куни кеча Avtotest ва Autodriver асосчиси Комил Алламжонов «йўлларда ЙТҲ сони ва ўлим сонини қисқартириш учун» кураш бошлаганини маълум қилган эди.
Ўзбекистон Economist Intelligence Unit`нинг «Демократия индекси» да 150-ўринни эгаллади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, мамлакатда демократия билан боғлиқ вазиятда ҳеч қандай ўзгаришлар қайд этилмаган, у «авторитар режимлар» гуруҳида қолмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг