Швейцариянинг Helvetas Swiss Intercooperation мустақил ташкилоти Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиб, Ўзбекистонда ўзининг филиалини очди. Ташкилот аллақачон, 4,8 млн франклик лойиҳани амалга оширишни бошлаб юборган.
«Толибон» ҳукумати Ўзбекистонни Покистон портлари билан боғлайдиган Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўл йўналиши Бағлон ва Бомиён орқали ўтишини маълум қилди.
Республика махсус комиссияси 25 январдан халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктларида фуқаролардан коронавирус инфекциясига экспресс тест олиш тартибини бекор қилди. Бунда ташриф буюрувчилар камида 48 соат олдин топширган манфий ПЗР-тест маълумотномасини тақдим этиши лозим.
Антикоррупция агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва унинг турмуш ўртоғи, қизи ҳамда ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli TV ўртасида шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини аниқлади.
25 январь куни «Марказий Осиё давлатлари — Хитой» онлайн саммити бўлиб ўтади, унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича президент фармонига кўра, 2026 йилгача дори воситаларини ишлаб чиқаришни 3 баробарга ошириш вазифаси белгиланди. Шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар ички бозорнинг 80 фоизини эгаллаши кўзда тутилмоқда. Фармацевтика соҳасида режалаштирилган муҳим ўзгаришлар ҳақида.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 20,02 сўмга пасайиб, 10 825 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пастлади. Ушбу ўзгаришлар 25 январдан кучга киради.
АҚШ Давлат департаменти АҚШнинг Киевдаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг яқинларига «Россия ҳарбий ҳаракатлари таҳдиди сақланиб қолаётганлиги туфайли» Украинани ихтиёрий равишда тарк этишга рухсат берди. Уларга тижорий транспортда мамлакатни тарк этиш тавсия этилди.
Экология давлат қўмитаси Қарши давлат университети ҳудудида 40 га яқин дарахт ноқонуний равишда кесилганини маълум қилди. Университет бунга қадар уч марта дарахтларни кесиш учун рухсат сўраб мурожаат қилган, аммо ҳар гал рад жавобини олган.
Фарғона вилоятининг Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаров Фарғона шаҳрига ҳокими лавозимига тасдиқланди. Унинг ўрнини эса вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Юсуфжон Хусаинов эгаллади.
Қонунчилик палатасида депутатлар «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ҳужжатда киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Давлат хавфсизлик хизматини белгилаш кўзда тутилган.
Президент қарори билан 2022−2024 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Уни амалга оширишга эса жами 76,8 трлн сўм, шу жумладан, 2022 йилда — 23,8 трлн сўм ажратилади. Жорий йилда энг кўп маблағ ижтимоий соҳалар (5,9 трлн сўм), мудофаа органлари ва ёпиқ қисм (4,5 трлн сўм), муҳим объектларни қуриш (3,9 трлн сўм), йўл-транспорт инфратузилмасига (2,7 трлн сўм) йўналтирилади.
Тошкент шаҳри Бунёд кўчасидаги омборхонада ёнғин юзага келди. ФВВ ҳозирда ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, ҳафта давомида илиқ ва қуруқ об-ҳаво кузатилади. Жума куни эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида (Фарғона водийсидан ташқари) ёмғир ёғади, шимолий ҳудудларда ва республиканинг тоғли ҳудудларида қор ёғиши мумкин.
Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари сифатида 2019 йилдан бери ишлаб келаётган Боҳадир Абдувалиев Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Жаҳонгир Иброҳимовнинг ўрнини эгаллади.
Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов география фани юзасидан бўлаётган муҳокамаларга муносабат билдириб, ислоҳотларни нотўғри талқин қилмасликни, таълимдаги ўзгаришларни сезиш учун камида 5−6 йил кераклигини таъкидлади. «Фарзандингиз сиз каби улғайишини истамасангиз, бизга сиз ўқиган зерикарли ва фойдасиз таълимни ўзгартиришга ёрдам беринг. Ҳеч бўлмаса, халақит қилманг», — деди у.
Президентнинг куёви, тадбиркор Ойбек Турсунов «Капиталбанк»нинг афилланган шахслар рўйхатидан чиқарилди. 2021 йилнинг ноябрь ойи бошида у ушбу банкдаги улушини 50 фоизга ошириб, афилланган шахслар рўйхатига кирганди.
Энди метрода бўлганингизда қўнғироқ қилишингиз, интернетдан фойдаланишингиз ва йўл ҳақини банк картаси орқали тўлашингиз мумкин бўлди.
Ўзбекистон санъат арбоби, театр режиссёри Жўра Маҳмудов 80 ёшида вафот этди. У фаолияти давомида «Қирол Лир», «Она»,"Қиёмат қарз", «Оғриқ тишлар», «Қаердасан, жон болам» ва бошқа спектаклларни саҳналаштирган.
Суд қарори билан Тошкентда бир ҳайдовчи бошқа машинага ўқ узган ҳолатнинг ҳар икки иштирокчисига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг