Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 3,81 сўмга кўтарилиб, 10 840,02 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев илк «омикрон» аниқланган бемор билан бирга самолётда 130 нафар ўзбекистонлик, 70 нафар чет эл фуқароси бўлганини ва уларнинг барчаси карантинга олинганини маълум қилди. У шунингдек, Ўзбекистонда омикрон 7 январь куни аниқланса-да, 8 январь кунги хабарда омикрон аниқланмагани айтилганига изоҳ берди.
Кредитлаш ҳисобига Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари активлар сифатининг ёмонлашуви ва банкларнинг ташқи молиялаштириш манбаларига қарамлигининг кучайиши каби рискларни келтириб чиқариши мумкин, дейилади Fitch Ratings агентлиги ҳисоботида.
Ҳафтанинг асосий қисмида Ўзбекистонда қуруқ ва илиқ об-ҳаво ҳукм суради, кундузи ҳаво ҳарорати +12 даражагача кўтарилади. Жума куни эса ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Беларусь президенти Александр Лукашенко КХШТ саммитида сўзлаган нутқида Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини, чунки тартибсизликлар ташкилотчилари унга кўз тикиб турганини таъкидлади. Шу билан бирга, у Қозоғистондаги вазият нафақат ташқи, балки ички омилларга ҳам боғлиқ эканлигини айтди.
Қозоғистонда терроризмда гумон қилиниб ушланган қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рузахунов озод этилди. У ҳозирда Бишкекга олиб кетилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги мактабларда қишки таътил узайтирилган муддатда ўқитувчилар ва ходимларнинг ойлик маоши тўлиқ тўлаб берилишини маълум қилди. Қолаверса, ёзги таътилга чиқиш вақти ўзгармайди, учинчи чорак ўқув кунлари 1−4-синфларда 9 кун, 5−11-синфларда 11 кунга қисқаради, дарслар эса тиғизлаштириб ўтилади. Таътил кунлари ўқувчиларни мактаблардаги тўгаракларга жалб этиш тақиқланади.
Тўдакўл сув ҳавзасида қора ниқобдаги назоратчи инспекторлар ва балиқчилар ўртасида келишмовчилик юзага келди. Вилоят ИИБ формадаги шахслар «Ички ишлар ходими эмаслиги ва эгнидаги либоси, вазирлик шеврони ҳамда резина таёқларни қаердан олгани» ўрганилаётганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан ЖКнинг безорилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонга COVAX глобал дастури доирасида беғараз ёрдам сифатида 500 минг дозадан ортиқ Moderna вакцинаси олиб келинди.
Ўзбекистонда якшанба куни деярли 390 кишида коронавирус аниқланди, 3 нафар коронавирус бемори вафот этди.
Президент Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатдаги фожиали воқеалар ва уларнинг натижасида кўплаб ҳарбийлар ва аҳоли вакиллари нобуд бўлгани ҳамда кўрилган катта талофатлар муносабати билан Қозоғистон халқи ва президентига таъзия изҳор этди.
Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси нодавлат таълим муассасаларига қишки таътилни 24 январга қадар узайтиришни, ушбу муддат ичида эса ўқувчиларнинг онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар ва турли танловларда иштирокини таъминлашни тавсия қилди. Қолаверса, ушбу давр учун ота-оналардан тўлов ундирилмаслик сўралди.
Ўзбекистонга Беларус ва Украинадан импорт қилинадиган гўштни етказиб бериш кечикмоқда. Бу кўплаб юклар учун транзит йўлаги ҳисобланган Қозоғистондаги инқироз билан боғлиқ. «Газета.uz» билан суҳбатда бўлган уч тадбиркор етказиб беришдаги узилишлар нархларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Сурхондарёнинг Бойсун туманида кечаси кучсиз зилзила содир бўлди. Бу ва бошқа ҳудудларда ер ости силкинишлари кучи 2 дан 3 баллгачани ташкил этди.
Қирғизистон ТИВ қозоқ телеканалларида қирғиз мусиқачиси Викрам Рузахунов погромлар қатнашчиси сифатида кўрсатилгани учун Қозоғистонга норозилик нотасини юборди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари унинг террорчи эмаслигини маълум қилди. Президент Садир Жапаров ҳам вазиятга изоҳ берди.
ССВ 7 январь куни Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланганини маълум қилди. 8 январь ҳолатига COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари рекорд даражада қайд этилиб (369 та ҳолат), умумий касалланишлар сони 200 мингдан ошди.
COVID-19`га қарши кураш бўйича махсус комиссия карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Барча ташкилотларга ходимларни фақат эмланганидан кейин иш жойига киритишга рухсат берилади. Давлат органларига ҳар қандай тадбир ўтказиш тақиқланади. Аҳолини тўлиқ эмлаш жараёни жадаллаштирилади.
Туркманистон президенти 50 йилдан кўпроқ вақтдан бери ёниб турган «Дўзах дарвозаси» газ кратерини сўндиришни буюрди.
Ўзбекистонда бир ойда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 13,2 фоизга ошиб, 498 минг сўмни ташкил этди. Минимал истеъмол харажатларининг оширилиши натижасида айрим турдаги пенсия ва нафақалар миқдорлари ҳам камида шу суммага етказилиши кутилмоқда.
ХТВ мактабларда қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилди. Мазкур қарор мактаб раҳбарлари ва педагоглар учун янги Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларини ташкил этиш мақсадида қабул қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг