Ўзбекистон туманида иссиқхона фаолиятини ташкил этиш, Шеробод туманида эса уй-жой қуриш учун ер сотишга уринган шахслар ушланди. Уларга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Жаҳон банки бошқаруви Афғонистон реконструкция траст жамғармаси донорлари маблағ ўтказишни тасдиқлаганидан сўнг Афғонистонга музлатилган активлардан 280 млн доллар ажратади. Донорлар учрашуви 3 декабрь куни бўлиб ўтади.
Президент Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилишини маълум қилди. Ҳоким ёрдамчилари эса 1 январда фаолиятини бошлайди. Ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик ва банклардан ходимлар бириктирилади. Улар бир йилга хизмат сафарига юборилади ва маоши сақлаб қолинади. Уларнинг энг яхшилари эса «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишонига тавсия қилинади.
Пойтахтни сув билан таъминловчи «Қодирия» сув иншоотининг юқори кучланишли электр таъминотида носозлик юзага келиб, насос агрегатлари ўчиб қолган. Бунинг оқибатида шаҳарнинг айрим туманларида ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Толиблар Ўзбекистонни Афғонистон ҳукумати қулаганидан кейин афғон учувчилари мамлакатни тарк этган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Август ўрталарида Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти Термиз халқаро аэропортига мажбурий равишда қўндирилган эди.
Алишер Усмонов холдинги «МФ Технологии» (VK, собиқ Mail.ru Group) компаниясидаги 57 фоизлик улушини «Газпром» билан боғлиқ СОГАЗ компаниялар гуруҳига сотди.
Ижтимоий тармоқларда 2022 йил 1 мартгача Ўзбекистоннинг барча туманларида блокпостлар ўрнатилиши ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ ушбу хабарнинг ёлғон эканлигини маълум қилди. Жамоат хавфсизлиги концепциясида ҳудудларда камида биттадан туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмалари ташкил этилиши назарда тутилган.
Fitch Rating агентлиги прогнозларига кўра, «Ўзбекгидроэнерго» инвестиция дастурлари 2030 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқаришда иссиқлик электр станциялари улушини 75 фоиздан камроқ даражагача қисқартириш имконини беради.
Антикоррупция агентлиги коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билан чиқди. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳасига кўра, коррупцияга оид жиноятлар тоифасига 15 турдаги қонунбузарлик киритилмоқда. Шунингдек, порахўрлик учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шу турдаги жиноятчиларни муддатидан илгари шартли озод қилмаслик ва жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик таклифи билдирилди.
Мадридда бўлиб ўтган БМТ Жаҳон туризм ташкилотининг сессиясида 2023 йилги Бош ассамблеяни ўтказиш учун Ўзбекистон танлаб олинди. Шу муносабат билан 2023 йилда Самарқандга жаҳон туризм пойтахти мақоми берилади. Бош ассамблеяни ўтказишга Португалия ҳам даъвогарлик қилганди.
Йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам қасддан бузадиган ҳайдовчиларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш, жумладан, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум қилиш тарзидаги чора жорий этилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, «йўлда безорилик» содир этган ҳайдовчилар учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилади.
Ўзбекистонда ипотека кредити ва субсидия олишда уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар бекор қилинади. Эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 млн сўм субсидия тўланади. Шунингдек, ипотека кредити олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафиллигига ҳам рухсат берилади.
Тошкентда катта миқдордаги «Тропикамид», «Зардекс» ва бошқа кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотаётган дорихона ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатди.
The Economist журнали рейтингида Тошкент Дамашқ ва Триполи билан дунёнинг энг арзон шаҳарлари учлигидан жой олди. Рейтингни тузишда 200 та товар ва хизматлар нархи Нью-Йорк билан солиштирилган.
Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминловчи субъектлар — ҳукумат, ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ, ДХХ, Бош прокуратура, АКТ вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ССВ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вазифалари белгилаб берилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Тошкент вилоятидаги корхонанинг ходимлари савдодан тушган 489,7 млн сўмни ўзлаштирганлигини аниқлади. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги концепцияси тасдиқланди. Унда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий қоидалари, концепцияни амалга ошириш механизмлари, кутилаётган натижалар ва бошқалар ўрин олган.
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкентда мефедрон моддасини ишлаб чиқарувчи нарколаборатория фаолиятига чек қўйди. Ижарага олинган 3 та хонадондан синтетик наркотик моддаси ва ускуналар олиб қўйилган. Интернет орқали наркотик савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ аъзоларидан биткоин кўринишида жамғарилган 133,7 минг доллар мусодара қилинди. Шунингдек, наркотиклар чет элдан электросамокатларда олиб кирилгани аниқланди.
«Навбаҳор»нинг собиқ мураббийи Андрей Канчельскис номаълум шахслар унга таҳдид қилиб, клуб тўлаши керак бўлган 1,6 млн евро компенсацияни камайтиришни сўрашганини маълум қилди. Клуб бу «уйдирма ва бўҳтон» бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, ҳолатни Халқаро Спорт арбитраж судида «ўзини оқлаш учун қилинаётган бўлиши мумкин» дея таърифлади.
Кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уларнинг хабарисиз пластик карталаридан пул ечиб олинаётгани ҳақида шикоят қилишмоқда. Марказий банк масъуллари бунга мижозларни идентификация қилишнинг имкони бўлмагани сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Бундай ҳолларда мижозларнинг картасидаги маблағ «ҳаракатсиз» (спящий) ҳисобрақамга олинади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг