Тошкент вилоятида жойлашган фермер хўжалигининг 16,5 гектар суғориладиган ерини ўзганинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 600 минг доллар талаб қилган шахслар ушланди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида жойлашган ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам бериш эвазига 300 минг доллар талаб қилган шахслар ҳам қўлга олинди.
Ҳукумат қарори билан пахта-тўқимачилик кластерларига пахтани териб олиш учун 1,6 трлн сўмгача ресурслар ажратилади. Машинада пахта йиғиб олиш хизмати харажатларининг 30 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, айрим ҳудудларда пахта терувчиларга амалдаги ставкага қўшимча равишда ҳар бир кг пахта учун 230 сўм устама ҳақ тўланади.
2006 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда дунё бўйлаб 1200 дан ортиқ журналист ўлдирилган. Бу қотилликларнинг ҳар 10 тасидан деярли 9 таси судда очилмаган. Ташкилот сўровида иштирок этган журналист аёлларнинг 73 фоизи ўз иши билан боғлиқ ҳолда интернет орқали таҳдид, қўрқитиш ва таъқибга учраб келаётганини айтган.
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши, Абдулазиз Камиловнинг россиялик журналистларга берган интервьюси, республика бўйлаб 60 дан ортиқ бозор ва мажмуаларнинг хусусийлаштирилиши кутилаётгани — «Газета.uz»нинг 2 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Кобулда шифохонадаги портлашларда 23 кишининг ҳалок бўлгани, 100 дан ортиқ дунё етакчиларининг 2030 йилгача ўрмонларни кесишни тўхтатишга ваъда бергани, Жанубий Суданда АН-26 самолёти қулаши натижасида 5 экипаж аъзоси, жумладан икки россияликнинг ҳалок бўлгани, Зеленскийнинг ва Қрим ва Донбасс шаҳарларини «Европа марказидаги экобомбалар» деб атагани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Ҳозирда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш масаласи лойиҳанинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги, яшил энергетикага сармоя киритиш бўйича кўплаб таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, унинг шаффофлиги нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилмоқда. «Биз нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг ҳам бу масалага муносабатини ўрганамиз», — деди Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.
Абдулазиз Камилов Саудия Арабистонининг элчиси этиб тайинланган Юсуф ал-Утайбийни қабул қилди. У Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Апрель ойида вафот этган Бош прокуратура ходими Самир Раҳмоновнинг отаси қонунда белгиланган тартибда нафақа пуллари тўлаб берилмаганини маълум қилди. Шу сабаб марҳумнинг отаси Бош прокуратура устидан судга мурожаат қилди. Бироқ, ФИБ Миробод туман суди даъво аризасини рад қилди. Даъвогар эса судга апелляция шикоятини киритган.
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.
Президент иштирокидаги видеоселекторда цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди. Шунингдек, цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилиши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуриш зарурлигини таъкидланди. Давлат раҳбари «Янги Ўзбекистон» массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилишини қайд этди. 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 трлн сўм ажратилиши белгиланди.
2022 йилдан бошлаб барча вазирликлар учун давлат бюджети маблағларини сарфлаш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларни белгилаш режалаштирилмоқда, деди молия вазири Тимур Ишметов. Унга кўра, бюджет тақчиллигини 3 фоизга камайтириш ва «бюджет харажатларини қаттиқ назорат қилиш» режалаштирилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 21,92 сўмга кўтарилиб, 10 712 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси кўтарилди, рубль курси эса пасайди.
Депутатлар инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси учун беморнинг яқин қариндоши бўлиши керак деган чекловни бекор қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади. Унга кўра, донор сифатида ўз аъзоси олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда розилик берган инсон тушунилади.
Тошкент вилоятидаги чегара постида божхона ходимлари томонидан 156 кгга яқин гашиш, героин ва опий ортилган «DAF» машинаси ушлаб қолинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 60 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуаларида давлат улушларини сотиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини эълон қилди. Улар орасида Тошкентдаги Миробод, Фарҳод, Ўрикзор ва Олой деҳқон бозорлари, «Ипподром» ва «Бек тўпи» савдо комплекслари мавжуд. Қарорга кўра, ҳокимлар бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилиб, бозорлардаги давлат улуши ҳокимликларга ўтказилиши кутилмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу қарор лойиҳасини танқид қилди.
Қашқадарё вилояти Қарши туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи синглиси раҳбарлигидаги фермер хўжалигига гул кўчати буюртма қилиш баҳонасида 149 млн сўм пул ўтказиб, ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Коррупцияга қарши кураш агентлиги прокуратура жиноий иш очгани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон билан қўшма лойиҳалар бўйича саволга жавоб берар экан, мамлакат активлари музлатилгани сабабли муваққат ҳукуматнинг молиявий салоҳияти мутлақ йўқлиги ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. «Бутун иқтисодиётни фақат гуманитар ёрдамга таяниб йўлга қўйиб бўлмайди», — деди у.
«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Дарё мухбири билан боғлиқ можарони «ўта оғриқли қабул қилгани» ва жамият имиджига кескин салбий таъсир кўрсатганини айтди. «Компанияда фаолият юритаётган барча масъул раҳбарлар ва ходимлар журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур», — деди Меҳриддин Абдуллаев. У шунингдек, журналистлик фаолиятга аралашишни кескин қоралашини, бунинг учун лавозимидан қатъий назар барчага чора кўрилишини маълум қилди.
Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директори АҚШ Афғонистонда қолдириб кетган ҳарбий техника бутун дунё учун катта муаммо туғдириши мумкинлигини таъкидлади. Дмитрий Шугаевнинг сўзларига кўра, ушбу қурол-яроғлар экстремистларнинг қўлига тушиб қолиши ёки қора бозорга ҳам чиқиб кетиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг