Октябрь ойида инфляция 1,3 фоизни ташкил этди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоизга, пуллик хизматлар 0,5 фоизга қимматлашди.
Фарғона халқаро аэропортидан Сўх туманидаги янги аэропортга дастлабки синов парвози амалга оширилди. Humo Air авиакомпаниясига қарашли лайнер парвози 40 дақиқани ташкил қилди.
Дунё армиялари бўйича Global Firepower Index — 2021 рейтингида Ўзбекистон Қуролли кучлари 140 давлат ичидан 51 ўринни эгаллади. Мамлакат армияси Марказий Осиё бўйича биринчи ўринда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 15,87 сўмга кўтарилиб, 10 690,08 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Наманган вилоятида Damas машинаси иштирокидаги йўл транспорт ҳодисасида 8 киши оғир тан жароҳати олди, икки йўловчи вафот этди. Яна бир ҳолатда эса Damas ҳайдовчиси 71 ёшли фуқарони йўлдан ўтаётганида уриб юборди.
Марказий банк таҳлилларига кўра, 2021 йилнинг 9 ойида жисмоний шахсларнинг муаммоли кредитлари (NPL) ҳажми 5,4 баробар ўсиб, 5,2 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, кейинги ойларда банкларнинг кредит портфелининг сифати босқичма-босқич яхшиланмоқда.
Москва мэрияси қурилиш майдончаларида меҳнат мигрантларидан воз кечиш режасини тайёрлайди. Шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, меҳнат ресурслари танқислиги 40%га яқинлашган. Россия пойтахти расмийлари қурилишга камроқ, лекин уч-тўрт марта кўпроқ иш ҳақи билан яхшироқ малакага эга мутахассисларни жалб қилмоқчи.
«Ипак йўли» туризм университети маданий мерос ихтисослигига ҳам эга бўлади ва ШХТнинг туризм, маданий меросни бошқариш ва музейшунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи таянч ОТМга айланади. Шунингдек, университетнинг Тошкент филиали ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришда масъулиятсизликка йўл қўйган икки нафар вазир биринчи ўринбосари ва уч нафар вилоят ҳокими ўринбосарига интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистонлик чанғичи Комилжон Тўхтаев 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Ҳафтанинг ўртасигача Ўзбекистон бўйлаб +15…+17 даражагача илиқ об-ҳаво бўлади. Иккинчи ярмида эса республиканинг баъзи жойларида ёмғир ёғиб, ҳаво ҳарорати +3…+8 даражагача пасайиши кутилмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари Мухтор Темиров 13-Қашқадарё сайлов округи матбуот маркази раҳбари Жаҳонгир Тўйчиевни ҳақоратлади, Daryo мухбири Отабек Қўлдошевга нисбатан эса куч ишлатди. Бунга пресс-тур вақтида ажратилган автобуснинг «олиб қўйилиши» сабаб бўлгани айтилмоқда. Компания матбуот хизмати муносабат билдирди.
Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов дзюдо бўйича ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Яккалик баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнат бўйича ўтказилган мониторингда 65 нафар мансабдор шахсга жами 198 млн 450 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди. Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди.
Ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова ССВ раҳбаридан туғруқдан кейин вафот этган аёлнинг ўлимини яширишга уринаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. У мазкур хабарни рад этиб, бу «вазиятни нотўғри талқин қилиш» деб ҳисоблашини таъкидлади.
2018−2020 йилларда жами 4 001 нафар ёшлар спортдаги ютуқлари учун имтиёздан фойдаланиб, ОТМларга ўқишга кирган. Бош прокуратура ўрганишларига кўра, имтиёздан фойдаланувчилар сонини сунъий ошириш мақсадида айрим спорт мусобақаларининг сони орттирилган. Туризм ва спорт вазирлиги бунда асосий айбдор мусобақа бош ҳакамлари эканлигини таъкидлаб, улар спорт федерациялари томонидан белгиланишини қайд этди.
Грузиянинг 20 та шаҳридан 19 тасида муниципал сайловларнинг иккинчи босқичида ҳукмрон партия номзодлари ғалаба қозонди. Мухолифат натижаларни тан олмади, «муросасиз кураш»га ваъда берди ва митинг эълон қилди.
G20 саммитига аъзо давлатлар «сайёранинг энг ёмонлашган экотизимларига алоҳида эътибор берган ҳолда» 2030 йилгача бир трлн дарахт экишни мақсад қилди. Римда бўлиб ўтган саммит доирасида имзоланган декларацияда бу ҳақда айтилмоқда.
ДХХ Қашқадарё вилоятида «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими тарафдорлари сифатида гумонланаётган 12 кишини қўлга олди. Уларнинг орасида маҳалла раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳам бор. Ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Президент имзо чеккан қонун билан шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди, жумладан жарималар миқдори бир неча бараваргача оширилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг