ИИВнинг маълум қилишича, виза муддати тугаган Афғонистон фуқаролари ўз юртиги қайтариб юборилмайди, чунки жисмоний шахслар учун чегаралар ҳозирча ёпиқ. Бундан ташқари, вазирлик республикада бўлиб туриш қоидаларини бузмаётган хорижликларнинг визалари қоидага кўра узайтирилишини қўшимча қилди.
Ҳукумат қарори билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлганида кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, никоҳ тузилган ҳолларда эса, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Уларга уй-жойга кўчиб кириш учун асос бўладиган ордер берилиши ҳам белгиланмоқда.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ЖСТ бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан билан учрашиб, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг ҳолатини муҳокама қилди. Йил охиригача ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши ўтказилади.
Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 558 та электромобиль импорт қилиниб, импорт ҳажми қарийб 7 бараварга ошди. Улар асосан Хитойдан олиб келинмоқда.
Ўзбекистон ва Россия меҳнат вазирликлари меҳнат мигрантларини ташкилий ёллаш тўғрисидаги тартибни соддалаштиришга келишиб олишди.
Чироқчида Nexia автомобилига ўрнатилган газ баллон портлаши натижасида 2 киши оғир тан жароҳати олди.
Келгуси йилдан ғаллачилик кластерлари ва фермерларга етиштирган буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади. Бунда улар 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқаради. «Ўздонмаҳсулот» таркибидаги донни қайта ишлаш заводлари очиқ савдоларга чиқарилади.
Шавкат Мирзиёев сайловдан кейинги биринчи мажлисда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ва кластерлар фаолиятидаги муаммоларни муҳокама қилди. Пахта-тўқимачилик кластерлари янада кўпроқ имтиёзли кредитлар, давлат грантлари, мустақиллик ва бошқалар берилади.
Мудофаа саноати давлат қўмитасига қарашли корхоналарда масофадан бошқариладиган йирик калибрли пулемёт намунаси ишлаб чиқарилди ва ҳозирда синовдан ўтказилмоқда. Уни зирҳли ҳарбий техникаларга ҳам ўрнатса бўлади.
Педагогика университетида декан ўринбосари талаба қизга тегажоғлик қилгани айтилаётгани, тўртта туман ҳокими ўтиб кетган кунга йиғилиш чақириш тўғрисида қарор чиқариши, Сенаторлар жамиятлар вакиллари билан учрашуви — «Газета.uz»нинг 27 октябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Жаҳон банкининг Суданга ёрдам беришни тўхтатгани, Telegram тез орада реклама платформасини ишга тушириши, Полша Европа Иттифоқи қонунларига амал қилмагани учун кунига 1 млн евродан жаримага тортилгани, Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги вазирининг ҳозирги ва собиқ ўринбосарлари ҳибсга олингани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Суд нотўғри ташхис қўйишда айблаб, поликлиника шифокорини калтаклаган наманганлик фуқарога 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг акаси ҳам тиббиёт ходимига куч ишлатганликда айбли деб топилди ва у 144 соат мажбурий жамоат ишлари билан жазоланди.
Саида Мирзиёева Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди. «Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз», — дейди у. Қўшимча қилинишича, «айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт».
Ўзбекистон президенти ва ХХР раиси Си Цзиньпин телефон орқали мулоқотда Афғонистондаги вазият, вакцина ишлаб чиқариш бўйича минтақавий марказ қуриш ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Шавкат Мирзиёев коронавируснинг келиб чиқиши ҳақидаги масалани сиёсийлаштиришга қарши чиқди, дея хабар қилди «Синьхуа».
Мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 1,43 трлн сўм ($133,7 млн) йўналтирилади. Сенат буни назарда тутувчи ўзгартишларни давлат бюджетига киритишни маъқуллади. Июнда сенаторлар куч ишлатар тузилмалар ходимларини моддий таъминлаш, қўшимча штатлар ажратиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 1,1 трлн сўм ажратишни ҳам маъқуллаган эди.
БМТ Қочқинлар ишлари бўйича бошқармасининг инсонпарварлик ёрдами мамлакат ҳукуматининг уни олиб киришга рухсат бермагани сабабли ҳозирча Термиздан Афғонистонга етказилгани йўқ.
Оксана Чусовитина спорт таълими фаолияти билан шуғулланиш учун «Chusa sport team» МЧЖни рўйхатдан ўтказди. Август ойида Шавкат Мирзиёев Токио-2020 Олимпия ўйинлари иштирокчилари билан учрашувида Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитлар яратишга топшириқ берилган эди.
Яккасарой туманида Lacetti автомашинаси ҳайдовчиси йўл четида тўхтаб турган Mercedes-Benz автобуси билан тўқнашиб кетган ва олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Ўзбекистонлик дзюдовчи Давлат Бобонов -90 кг вазн тоифасида дунё рейтингида 1-ўринга кўтарилиб олди. Яна икки нафар ўзбекистонлик дзюдочи Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) аввалги ўрнига нисбатан бир поғона пастлаб, 4-ўринни, Сардор Нуриллаев (-66 кг) ҳам бир поғонага пастлаб, 6-ўринни эгаллаб турибди.
Осиё тараққиёт банки кўмаги билан Жиззах вилоятида 220 кВ кучланишли «Зафаробод» рақамли подстанцияси қурилади. Подстанция 2023 йилда фойдаланишга топширилади. Унинг қурилишида тендерда ғолиб бўлган Хитойнинг «Shanghai Electric Group Co.,Ltd» компанияси иштирок этади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг