Cенатнинг 15 ялпи мажлисида Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ҳужжат Пекин Декларацияси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришга кўмаклашади. Сенаторлар стратегия хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка барҳам беришига ишонтирмоқда.
Бош вазир Абдулла Арипов МДҲ ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш мақсадида Минск шаҳрига ташриф буюрди. Ҳукумат раҳбарлари аввалига, Беларусь президенти Александр Лукашенко қабулида бўлишган. «Беларусга интернет орқали бўлаётган ҳужумларга қарамасдан, ўзингиз кўриб турганингиздек, бу ердаги вазият тинч», — деган у.
Долларнинг расмий курси 8,38 сўмга пасайди ва жами 10 580,65 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари ҳам бироз пасайган.
Ўзбекистон ҳукумати аҳоли жон бошига ЯИМни ҳозирги пайтдаги 1700 доллардан 2025 йилгача 2500 долларга ва 2030 йилгача бўлган муддат ичида 4200 долларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Қорақалпоғистонда жайрон овлаган икки браконьер «Жанубий Устюрт» табиат боғи инспекторларининг машинасига ҳужум қилди. Овчилар қурол билан таҳдид қилиб, машина ғилдиракларини тешишган ва ходимларнинг телефонларини олиб қўйишган. Орол денгизи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Ховос туманида 22 ёшли аёлни поезд уриб юборди. У олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан Ховос транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкентда реклама баннерларининг бузилиши масаласини ўрганган бизнес-омбудсман пойтахт халқ депутатлари кенгашининг бу тўғрисидаги қарорининг лойиҳаси адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаганлигини аниқлади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети билан ҳамкорлик тўғрисида келишувни имзолади. Мамлакатда мазкур таълим муассасасининг филиали очилади.
Молия вазири Тимур Ишметов 2020 йилда давлат бюджетига қанча даромад тушганини очиқлади. Йил бошидаги прогнозга нисбатан давлат бюджетига ҚҚСдан 13 трлн сўм кам маблағ тушган. Вазир камомадлар ниманинг ҳисобига қопланганлигини ҳам маълум қилди.
Дам олиш кунлари илиқ ҳаво кириб келиши кучаяди, жуда иссиқ об-ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати 36−39 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 40−42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Тошкентда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилади, вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида болалар гематологияси ва онкология бўлимлари очилади. Республика гематология ва онкология ва радиология марказлари янги биноларга кўчиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланади. Туман поликлиникаларида аёлларни оммавий текширувдан ўтказиш учун «Онко-назорат» хоналари ташкил этилади.
Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан 40 йилга 100 млн доллар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан эса 30 йилга 100 млн доллар қарз олади. Маблағлар Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш лойиҳаси доирасида сарфланади. Жумладан, 35 млн долларга 1000 та тез тиббий ёрдам машинасини харид қилиш режалаштирилган.
2020 йилда Ўзбекистон ташқи қарзи 21,1 млрд долларни ташкил этди. Сенат мажлисида молия вазири Тимур Ишметов ташқи қарз нималарга сарфлангани ҳақида маълумот берди.
Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Танзила Нарбаева қарздор корхона ва ташкилотлардан қарзни ундиришнинг ўрнига, мукофот пули учун уларни банкрот деб эълон қилишга интилаётган суд бошқарувчиларини танқид қилди. Молия вазири Тимур Ишметов эса мазкур тартиб ўтган чоракдан тўхтатилгани ва қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Ушбу тартиб, президентнинг 2019 йил 1 февралдаги қарори билан белгилаб берилганди.
Январь-март ойларида Ўзбекистон давлат қарзи миқдори $23,2 миллиардни ташкил этиб, йил бошига нисбатан $133,7 миллионга камайган.
27 май куни пойтахтнинг Яккасарой туманида Nexia ва Isuzu автобуси тўқнашуви оқибатида енгил автомобиль ҳайдовчиси вафот этди. Худди шу куни Яшнобод туманида пиёда Matiz уриб юбориши натижасида вафот этди.
Пойтахтнинг Миробод туманида 3 нафар аёл 24 ёшли кар-соқов бўлган аёлни калтаклаб, тан жароҳати етказишди. Жабрланувчи тез тиббий ёрдам машинасини тўхтатиб, қўл ҳаракатлари билан тиббий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Банк кассалари орқали нақд пул айланмасининг кўпайиши пул муомаласининг бир қисми сифатида муомаладаги нақд пул миқдорининг кўпайганини англатмайди, дея изоҳ берди Марказий банк. 2021 йил бошидан буён муомаладаги нақд пуллар ҳажми камайиб, депозитлар улушининг ортиши кузатилмоқда.
Ўзбекистонда 1,8 млн дозадан ортиқ вакцина қўлланилди. Шунингдек, сўнгги кун ичида 298 нафар бемор касалликдан соғайиб, Ўзбекистонда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизга етди.
Суриядаги президент сайловларида амалдаги давлат раҳбари Башар Асад 95,1% натижа билан ғалаба қозонди. У 20 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатни бошқариб келмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг