АҚШ 1 майдан бошлаб Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқишни бошлайди ва бу жараённи 11 сентябргача якунлашни режалаштирмоқда. ««Абадий уруш»га якун ясаш вақти келди», — деди АҚШ президенти Жо Байден, АҚШнинг мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишини ва Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган ҳолда.
Тошкент метрополитени метро станциясидаги вақт кўрсатувчи таблосидаги «ножўя ёзув» электрон соат дарчасига қилинган киберҳужум натижасида пайдо бўлди, дея хабар берди Тошкент метрополитени.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат парламентининг Халқ маслаҳати (юқори) палатаси раиси этиб сайланди.
Визасиз саёҳат қилиш рейтингида Ўзбекистон 85-ўринни эгаллади. Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари 57 та давлат ҳудудига визасиз саёҳат қилишлари мумкин. Биринчи ўринда Япония бўлиб, ушбу мамлакат паспорти фуқароларга 193 та давлатга визасиз саёҳат қилиш имконини бермоқда.
Ўзбекистонда Франциянинг EDF компанияси билан ҳамкорликда илк гидроаккумуляция электростанцияси (ГАЭС) қурилади. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қурилиши режалаштирилаётган Хўжакент ГАЭСнинг лойиҳавий қуввати 200 МВт га тенг.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига йўл олди. Сафар чоғида — шаҳар ва туманлардаги саноат корхоналари, туризм мажмуалари, транспорт инфратузилмаси, янги уйларни бориб кўриш режалаштирилган.
«Пахтакор» жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида дастлабки учрашувни Эроннинг «Трактор» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 3:3 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди. Шунингдек, бугун Олмалиқнинг АГМК жамоаси Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клубига қарши майдонга тушади.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина билан 300 мингдан ортиқ фуқаро эмланди. 14 апрель куни 43 минг 896 киши вакцина олди.
Ҳукумат қарори билан 1 майдан бошлаб 5 та халқаро имтиҳон тизими (IELTS, TOEFL, GMAT, GRE, SAT) бўйича ва 2022 йил 1 январдан бошлаб яна 13 та имтиҳон тизими бўйича имтиҳонларда юқори балл тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Адлия вазирлиги Халқаро тадқиқотлар ва алмашувлар кенгашининг Ўзбекистондаги филиалини давлат рўйхатидан ўтказди. Ташкилот ваколатхонаси 2006 йилда ёпилган эди.
Швецияда Ўзбекистоннинг тўлақонли дипломатик ваколатхонаси очилиши кутилмоқда. Элчихонанинг фаолияти Швеция ва бошқа Скандинавия давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга қаратилади. Шу ўринда, Ўзбекистоннинг Афинадаги дипломатик ваколатхонаси фаолияти тугатилади.
Ўзбекистон президенти Покистон бош вазири Имрон Хон билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказиб, икки давлат ўртасида авиақатновларни қайта тиклаш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолаш, виза режимини соддалаштириш, транспорт-транзит ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Покистоннинг Serene Air компанияси Ўзбекистонга чартер рейсларини бошлашни режалаштирмоқда.
Апрель ойи бошида Ўзбекистоннинг расмий захира активлари бир ойда 589,1 млн долларга камайиб, 32,6 млрд долларга тушди. Олтин ҳажми ошганига қарамасдан, қимматбаҳо металл нархининг тушиши бунга сабаб бўлди.
АҚШ ва Буюк Британиянинг Aфғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиши, Қорабоғдаги фожиада Арманистоннинг 4 мингга яқин аскари ҳалок бўлгани, Даниянинг AstraZeneca вакцинасидан бутунлай воз кечгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Андижонда Варшава менежмент университети филиали ташкил этилди. Университетда 6 та факультет фаолият олиб боради. Дарслар инглиз, рус ва ўзбек тилларида ўтилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли фарзандлари орасидан грант асосида қабул қилиниши ҳам кўзда тутилган.
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида 102 ёшли Суймахол Зулимова коронавирусга қарши эмланди.
Фарғона вилояти туманларидан бирида 28 нафар болалар боғчаси тарбияланувчиси Damas’да уйларига олиб кетилаётгани аниқланди. Ҳайдовчи тегишли гувоҳнома ва бошқа рухсатномаларга эга бўлмаган.
Долларнинг расмий курси 4 сўмга қимматлади ва жами 10 497 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам бироз қимматлади.
Президент фармонига асосан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ОТМ талабалари учун «Молиявий саводхонлик» ўқув курсини фан сифатида жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Nexia ва мотоцикл тўқнашуви оқибатида 30 ёшли эркак ҳалок бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг