Хитойнинг қашшоқликка қарши курашиш тажрибаси ҳақидаги Оқ китоби, Мозамбикда 12 чет элликнинг ўлдирилгани, Мадриддаги намойишларда иккита партия аъзоларининг тўқнашуви ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Ўзбекистон президенти республикадаги саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилишини қайд этди. Алишер Султонов, Шерзод Ҳидоятов ва Абдураҳмон Абдувалиевга саноат зоналаридаги электр энергия, газ, сув ва йўл билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш топширилди. Бизнес-омбудсман эса айбдорларни ишдан олиш ва жаримага тортиш бўйича таклиф киритади.
Сенатнинг 14 ялпи мажлиси 23 апрель куни чақирилади. Унда фазовий маълумотлар, ноширлик фаолияти, психиатрия ёрдамига оид қонунларни кўриб чиқиш режа қилинган. Қолаверса, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ҳамда Марказий банкнинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларига ҳамда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосарига ҳайфсан берди. Бундан ташқари, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида камчиликларга йўл қўйган бир қатор сектор раҳбарлари ишдан олди.
Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиши 13 апрелга тўғри келиши маълум қилинди. Президент ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтаётган видеоселекторда давлат раҳбари сектор раҳбарлари ишдан олиниши ҳақида гапирди. «3 ойда ўзгариш бўлмаса, биринчи раҳбарларни ҳам ишдан оламан», — деди президент.
Долларнинг расмий курси 6 сўмга арзонлади ва жами 10 473 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль эса қимматлади.
Андижонда яқин танишларини аттестациядан ўтказиш, уч кишини мактаб директори ва ўринбосари лавозимларига тайинлаш масаласини ижобий ҳал қилиши эвазига 8400 долларни олган шахс ушланди. У пулнинг 900 долларини Андижон шаҳар ХТБ бошлиғига олиб бориши кераклигини айтган. Тезкор тадбир давомида ХТБ раҳбари ҳам 900 доллар билан қўлга тушган.
Ғайрат Фазилов ташқи ишлар вазирининг Европа давлатлари билан ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Қирғизистонда юзлаб одамлар 27 ёшли қизнинг турмуш қуриш учун ўғирлаб кетилиши ва кейинчалик унинг ўлдирилиши ортидан норозилик билдириб ҳукумат биноси олдида йиғилишди. Намойишчилар Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг истеъфога чиқишини ва «Келинни ўғирлаш» моддаси учун жазони кучайтиришни талаб қилмоқда. Вазиятга бош вазир ва президент аралашди.
Содиқ Тошбоев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси лавозимига тайинланди.
«Навбаҳор» — «Пахтакор» жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйиндан сўнг (1:2), наманганлик мухлислар ҳакамларнинг ўйинда чиқарган қарорларидан норози бўлиб, тартибсизликлар юзага келтиришди.
Ўзбекистон маҳаллийлаштириш дастури ҳисобига йил охирига қадар 3 млрд долларлик маҳсулотлар импортини қоплашни режалаштирмоқда, дея хабар берди бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов. Бунинг учун 2300 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган.
Абдугофур Аҳмедов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси лавозимидан озод этилди.
Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишида поезд техник сабабларга кўра тўхтаб қолди. Йўловчилар эстакада орқали эвакуация қилинди. Метро йўналиши бўйлаб автобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Тошкент шаҳрида эмланган фуқароларда кузатилган ножўя таъсирларни даволаш учун 4 та шифохона тайёрлаб қўйилгани маълум қилинди. Бунга қадар, СЭС бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 6 кун ичида республика бўйича 71 нафар фуқарода ножўя таъсирлар қайд этилганини таъкидлаганди.
«Qatar Airways» департаменти раҳбари Салам Ал-Самаррий авиакомпаниянинг Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш ва республиканинг минтақавий аэропортларида жорий қилинган «очиқ осмон» режимидан фойдаланишга юқори қизиқиш билдирди.
4 апрель куни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида кучли ёғингарчилик ва шамол оқибатида «Сурхон» ва «Ғузор» подстанциялари оралиғидаги ҳаво электр узатиш тармоғининг иккита таянчи қулаган эди. 7 апрель куни мазкур таянчларни тиклаш ишлари якунланиб, электр узатиш тармоғи қайта тикланди.
Маҳаллий кинокомпаниялар томонидан ишлаб чиқарилган фильмларни сақлаш учун «Ўзбекистон миллий кинофонди» ташкил этилади. Фонд бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Президент фармони билан «Зомин» туристик-рекреацион зона ва умуммавсумий курорт ташкил этилади. Ҳудудда электромобиллар учун қувватлаш станциялари, вертолётлар учун учиш-қўниш майдончалари, спортнинг экстремал турлари учун шароит яратилиши режа қилинган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг