Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 18−20-март кунлари кучли шамол бўлиши кутилмоқда. Фуқаролардан кучли шамол вақтида заруратсиз ташқарига чиқмаслик ва машиналарини дарахтлардан узоқроққа қўйиш сўралди.
Президент раислигида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда давлат раҳбари вилоятнинг собиқ ҳокими Рустам Холматовнинг ишдан кетиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. «Рустам Холматов ўзи ариза ёзди, ҳеч ким унга кет дегани йўқ», — деди у. Бундан ташқари, президент ҳозирга қадар ҳеч ким шаҳар ёки туман ҳокими ўзи ариза ёзмаганини қайд этди.
Президентга Чирчиқ шаҳрида IKEA компаниясининг мебель ишлаб чиқариш фабрикаси лойиҳаси тақдим этилган эди. Компания Ўзбекистонда фабрика очиш режада йўқ эканлигини маълум қилди. Бундан ташқари, 2025 йилга қадар IKEA дунё бўйлаб 12 та дўқонини очишни кўзда тутган. Бироқ, Ўзбекистон мазкур рўйхатда ҳам мавжуд эмаслиги айтилмоқда.
UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов спортдаги фаолиятини расман якунлади, деб хабар берди UFC раҳбари Дана Уайт. Нурмагомедов ҳозиргача 29 марта жанг ўтказиб, уларнинг ҳеч бирида мағлуб бўлмаган.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида пайшанба куни эрталаб бешта автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Хабар қилинишича, йўл кечаси ювилган, қуюқ туман ҳам тушган.
Тошкент метросининг «Олмазор» ер ости метро бекатидан «Сирғали» йўналиши «Чоштепа» ер усти метро бекатига ҳаракатланаётган таркиб тўхтаб қолиши натижасида навбатдаги таркиб билан тўқнаув содир бўлди. Йўловчилар эвакуация қилинди, ҳодисада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ижтимоий тармоқларда «Шоввозсой» дам олиш маскани Ўзбекистон раҳбари учун қурилгани ҳақида таҳминлар пайдо бўлган эди. 18 март куни Президентнинг Қуйи Чирчиқ туманидаги кластерга ташрифи мобайнида журналистлар ундан шу ҳақида сўради. «У давлатнинг жойи. Президентнинг нима алоқаси бор унга?», — дея муносабат билдирди давлат раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқнинг Ифтихор маҳалласи аҳолиси билан учрашувдан Чирчиққача «электричка» қўйилиши, агар у маъқул келмаса ерусти метроси қурилишини маълум қилди. «Чирчиқ анча чарчаб қолди. Яъни, сув қувурлари, электр энергия таъминоти чарчаган», — деди давлат раҳбари.
Испаниянинг эвтаназияни қонунийлаштиргани, Австралия аҳолисининг 100 йилдан бери илк бор камайгани, Байденнинг сўзларидан кейин Россиянинг ўз элчисини Москвага маслаҳат учун чақирилгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини Чирчиққа кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Давлат раҳбари шаҳарда қурилган 4 та 16 қаватли уйни ҳам кўздан кечирди.
Тошкентда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директори ўринбосари ва бўлим бошлиғи 3 млн сўм пора олаётганда ушланди.
Президент Қуйи Чирчиқдаги кластерни бориб кўрди. Кластерда 8 минг 750 нафар, шолини қайта ишлаш корхонасида 365 нафар аҳоли меҳнат қилмоқда. Давлат раҳбари асосий эътибор ва ҳаракат аҳолини иш билан таъминлашга қаратилганини айтди. «Тошкент вилоятини ишсизлик минимал даражада бўлган ҳудудга айлантирмоқчимиз», — деди президент.
Долларнинг расми курси 9 сўмга арзонлади ва жами 10 514 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, рубль курси ҳам бироз пасайди, евро эса кўтарилди.
Фарғона вилоят судида 22 нафар «Сўх воқеалари» иштирокчиларига нисбатан суд жараёни якунига етиб, суд ҳукми ўқилди. Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича айбдор деб топилиб, 5, 4 ва 2 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда озодликни чеклаш жазолари тайинланди.
«Ўзкомназорат» томонидан таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини сақлаш қоидаларини бузган маълумотлар базаси эгалари ёки операторларига жарима солинади ва бундай сайтларнинг иши чеклаб қўйилади.
АҚШ президенти Жо Байден суҳбат давомида Россия раҳбари Владимир Путинни «қотил» деб ҳисоблайдими ёки йўқми деган саволга ижобий жавоб берди ва Россия раҳбарияти Америка сайловларига аралашгани учун «жавоб беради» дея ваъда берди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини маслаҳат учун АҚШдан чақириб олди.
Илк бор судьялик лавозимига тайинланиш учун ўтказилган очиқ танловда 172 нафар номзоддан 73 нафари судьялик лавозимига номуносиб деб топилди. Шунингдек, 2020 йилда 27 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Етти нафар судья эса коронавирус туфайли вафот этган.
Президент Чиноз туманида Эшонобод маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашди. Давлат раҳбари айтишича, «Чиноз туманида ишсиз бўлиши керак эмас. Ери кенг, одамлари меҳнаткаш». «Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев. Шундан сўнг, президент текстил корхонасини ҳам кўздан кечирди.
ОФК 2022 йилги U-23 Осиё чемпионати Ўзбекистонда бўлиб ўтишини расман эълон қилди. Осиё чемпионати 2022 йилнинг 6−25 сентябрь кунлари давомида бўлиб ўтади.
2021/2022 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриати таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1,6 млн нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, маълум қилинишича, тест синовлари бу йил ҳам стадион ва ҳиёбонларда ўтказилиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг