Тожикистонда бешинчи маротаба Эмомали Раҳмоннинг инаугурацияси ўтказилди. Сўнгги президентлик сайловларида қатнашиш кўрсаткичи 85,39% ни ташкил қилди ва Эмомали Раҳмон 90,92% овоз билан ғолиб бўлди.
Давлат тест маркази дастлаб 1 млн дона бош кийим етказиб берилиши учун 7 млрд 100 млн 100 минг сўмга шартнома тузган. Бироқ корхона белгиланган миқдорда бош кийимларни етказиб бера олмагани учун дастлабки шартнома бекор қилиниб, бошқа корхоналар билан ҳам шартномалар имзоланган.
Йил давомида ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга бўлган жами 13107 нафар абитуриентдан 1828 нафарининг тавсияномалари қайта текширилган. Унга кўра, 300 дан ортиқ сохта тавсиянома аниқланди.
Ўзбекистоннинг Латвия ва Финляндиядаги элчиси Қадамбой Султонов Эстониядаги биринчи элчи сифатида аккредитациядан ўтди.
Молия вазирлиги 2021 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди. Ҳужжатга кўра, ЯИМ 5,1 фоизга ўсади, инфляция 10 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Консолидацияланган бюджет харажатлари 203,8 трлн cўмни ташкил қилиши керак, бу жорий йилда прогноз қилинган харажатлардан 25,5 фоизга ва белгиланган кўрсаткичлардан 5,6 фоизга кўп.
Ўзбекистонда «Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс» дастури амалга оширилади. Бу тўғрисидаги ҳужжат Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Фарм агентлиги ва USAID томонидан имзоланди.
Қуръонга ҳурматсизлик қилинганини тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Сардоба офатидан жабр кўрган аҳолига янги кўп квартирали хонадонлар «қуръа ташлаш» йўли билан тақсимлаб берилади. Аввалига «яшил» йиғма жилддаги фуқаролар, кейинчалик «қизил» жилддагилар уйларга кўчириб ўтказилади. Аҳоли доимий иш билан таъминланиб, болалар мактабларда чет тиллари ва IT соҳаси бўйича ўқитилади.
Ҳукумат раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Сардоба техноген фалокатидан зарар кўрган аҳоли уй билан бирга доимий иш ўрнига ҳам эга бўлишини таъкидлади. Янги уйлар кўчиб ўтишга тайёр ва тез орада «қуръа ташлаш» йўли билан аҳоли ўртасида тақсимланади.
Тайвань оролида 200 кун мобайнида коронавирусга чалиниш янги ҳолатлари кузатилмаганлиги, NASA ва ЕSA Ой яқинида орбитал станцияни яратиши, Кипрда карантинга қарши намойишлар ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Бир кун олдин имзоланган яширин иқтисодиётни қисқартириш тўғрисидаги президент фармонида жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида йўловчиларга такси хизматини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи қоидалар мавжуд эмас. Ҳужжат лойиҳасида эса шундай банд мавжуд эди. Молия вазирлиги бунинг учун алоҳида механизм ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берди.
Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига радикал ва диний экстремистик ғояларни тарқатганлик учун жавобгарликка тортилиши ҳақида эслатди.
Энергетика вазирлиги Тошкент ва вилоятларда жойлашган газ қуйиш шахобчаларида вақтинчалик чекловлар жорий қилишни режалаштирмоқда. Ушбу чора аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз газ билан таъминлашга қаратилган, чунки одам гавжум пайтларда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шахобчаларида ёнилғи сарфи туфайли босим камаяди.
Шавкат Мирзиёев Шимолий иқтисодий ҳамкорлик халқаро форумида иштирок этади ва у ерда минтақавий сиёсатнинг энг долзарб масалалари бўйича сўзга чиқади.
Шарқшунос олим Андрей Кубатин коронавирус асоратларидан вафот этди. 2017 йилда у давлатга хиёнат қилишда айбланиб судланган ва 2019 йилда реабилитация қилинган эди.
Ницца шаҳридаги Нотр-Дам черковида номаълум шахс одамларга ҳужум қилди. Уч киши ҳалок бўлди, қурбонлардан бирининг боши олинган.
Жаҳон банки Ўзбекистондаги инновациялар тизимини модернизация қилиш учун 50 млн доллар ажратди. Лойиҳа давлат илмий-тадқиқот институтлари ва университетларида халқаро даражадаги тадқиқотларни ўтказишга ёрдам беради.
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Ўзбек миллий академик драма театри директори этиб тайинланди.
Франция ва Германия COVID-19 га чалинган беморлар сони ортгани сабабли шу ойнинг ўзида яна такроран карантин эълон қилди. Болалар боғчалари ва мактаблардан ташқари, барча ресторан, бар, кинотеатр ва фитнесс-марказлари ёпилади.
299 кишидан иборат Ўзбекистон фуқароларининг иккинчи гуруҳи чартер рейслари орқали Абхазиядан қайтарилди. Абхазияда қолган фуқароларни қайтариш бўйича Россия билан музокаралар давом этмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг