Ўзбекистон президенти «Марказий Осиё — Германия» саммитида минтақа ва Германия ўртасида узоқ муддатли шериклик концепциясини қабул қилиш, Европа билан транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика бўйича мулоқотни йўлга қўйиш кабиларни таклиф қилди.
Депутатлар чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш кўзда тутилган қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Қонун билан ҳайвонларни ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда.
Бандлик вазири Беҳзод Мусаев Ўзбекистон ва Германия темирйўл транспорти, автобуслар учун ҳайдовчиларни, шунингдек, ҳамшираларни тайёрлаб беришга келишиб олгани ҳақида сўзлади. Унинг таъкидлашича, бу йил Германияга 800 нафар ўзбекистонлик ҳамшира юборилмоқда, уларнинг иш ҳақи — камида 2200 евро.
Anestpharma компанияси контрафакт Nest Imudon дори воситасини ишлаб чиқаргани аниқланди. Унинг номи ва қадоқланиши асл Imudon`га ўхшайди. Аввалроқ компания сохта Magne B6 ишлаб чиқаргани учун жавобгарликка тортилганди.
Будапештдаги Олимпиаданинг олтинчи турида шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Исроилни мағлуб этиб, 5-ўринга кўтарилди. Энди улар Украинага қарши баҳс олиб боради. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Голландия билан дуранг ўйнади.
Республика бўйлаб истеъмолчилар Uzmobile, Ucell, Mobiuz, Beeline ва Humans алоқа компаниялари сифати ҳамда ортиқча тўловларидан шикоят қилмоқда, дея маълум қилди Рақобат қўмитаси. Идора ўрганишлар ўтказиб, фуқароларнинг 8 ой давомидаги 91,5 млн сўмга яқин маблағини қайта ҳисоб-китоб қилган.
Омбудсман лавозими номзодига қўйиладиган юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлиш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда. Депутатлар ушбу норма акс этган қонунни қабул қилди.
«Газета.uz» мухбири Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида бўлиб, ишхонада ходимини калтаклаган ё унга қўполлик қилган раҳбарлар борасида одамлар фикри билан қизиқди. Улардан шундай вазиятда қандай ҳаракат қилиши ва муштумзўр масъулларнинг устидан шикоят қилишга қанчалик тайёрлиги ҳақида сўради.
Урганчлик 41 ёшли шахс келгусида сотиш мақсадида ўз уйида 2,9 млрд сўмлик 64 452 дона ноқонуний дори воситаларни сақлаб келгани маълум бўлди. Ҳозирда фуқаро устидан жиноят иши қўзғатилган, тергов кетмоқда. Унинг айби тасдиқланса, фуқаро 5−8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Сирдарё вилоятида маиший чиқинди ташиш хизматини кўрсатувчи «Тоза ҳудуд» корхонаси салкам 150 минг истеъмолчига нисбатан 528,6 млн сўм миқдорида ортиқча тўловлар ҳисоблагани аниқланди. Корхонага нисбатан иш қўзғатилди.
UzAuto Motors бош директори, швециялик Бу Андерссон ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларини ўз вақтида тўламагани учун иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида жаримага тортилди.
Тошкентда Оҳангарон давлат ўрмон хўжалигининг ижара асосида ажратилган 2 га ерини 61 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бош прокуратура департаменти яна 3 та вилоятда ноқонуний ер сотиш жиноятларини фош қилди.
Ўзбекистон ҳукумати Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига ўзгартиришлар киритди. Улар фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва бундай тадбирлар вақтида фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга доир чора-тадбирларни кучайтиришга қаратилган.
Футзал бўйича мундиалда Ўзбекистонга қўшни учинчи мамлакат — Тожикистон ҳам ўз юришини бошлади. Аммо тожикларнинг жаҳон чемпионатидаги дебюти муваффақиятсиз чиқди — жамоа Марокашга 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Бухоро ва Тошкентда бўлиб ўтган тўрттала ўйиннинг бирортасида олтитадан кам гол урилмади.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Германия канцлери билан учрашувда Бразилия ва Хитойнинг Украинадаги урушни ҳал қилиш бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлади. Унга кўра, урушнинг янада авж олиши «тузатиб бўлмайдиган оқибатларга» олиб келади, «қўшни халқлар эса тинч-тотув яшаши керак».
17−20 сентябрь кунлари Тошкентда ICTWEEK Uzbekistan 2024 ҳафталиги бўлиб ўтади, у жорий йилда майдони икки баравар кўпайган ICT Expo кўргазмаси, қатор конференциялар ва форумлар, танловлар ва бошқа тадбирларни ўз ичига олади. Шаҳарнинг турли бурчакларидан бепул автобуслар қатнайди.
Inbazar кийим дўконининг қоровули сотувчини сўкиб, калтаклагани учун 7 суткага қамалди. Ҳолатни «қолган ходимларга ўрнак бўлиши учун» видеога олган катта менежерга эса 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ушбу ҳафтада ҳаво иссиқ ва асосан қуруқ бўлади, кундузи ҳарорат +30 даражагача етади. Сешанба ва пайшанба кунлари айрим ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади. Президент у ерда «Марказий Осиё — Германия» иккинчи саммитида қатнашади.
Август ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда уй-жой олди-сотди битимлари сони ой давомида 3,5 фоизга, йил давомида эса 20,8 фоизга камайди. Тошкентда иккиламчи уй-жой нархлари икки ойлик пасайишдан кейин ўсишни бошлади. Пойтахтда иккиламчи хонадон нархи ўртача 1 кв метр учун 1128 долларни ташкил қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг