ЖССТ тамаки истеъмолининг глобал пасайишини қайд этди. Ташкилотга кўра, чекувчилар сони 1,25 млрд кишигача камайди, бу катталарнинг ҳар беш нафаридан бирига тўғри келади. Ўзбекистонда тамаки истеъмолчилари сони, экспертларнинг маълумотларига кўра, 3,83 млн кишини ташкил этади.
Суд Nuz.uz журналисти Михаил Довлатовга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишни тугатди. Суд иши майда безорилик ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик моддалари билан очилганди. Тошкент шаҳри ИИББ журналист жамоат жойида чеккани учун жаримага тортилганини маълум қилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Россиянинг Самара вилоятида ЙТҲга учраган Lada Largus автомобилида етти нафар Ўзбекистон фуқароси бўлганини тасдиқлади. Уларнинг уч нафари вафот этган, тўрт нафари эса даволанмоқда. Тегишли ташкилотлар уларни ватанга қайтариш устида ишламоқда.
Валижон Адизов Навоий вилоятининг Кармана туманига раҳбар бўлди. Бу туманнинг аввалги ҳокими майнинг ферма билан боғлиқ можаро туфайли ишдан олинганди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Шамсиддин Сохибназаров қўшимча равишда бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди.
Президент ва Еврокомиссия вице-президенти Маргаритис Схинас Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикчиликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Январь сўнггида Брюсселда ЕИ ва МО ўртасида транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича инвесторлар форуми бўлиб ўтади.
Шаҳрисабзда 17 ёшли қиз турмушга чиқишга мажбурлангач, болалар омбудсманига мурожаат қилди. У омбудсмандан аввал ўқишини тугатмоқчи эканини айтиб, ёрдам сўради. Қизга ҳимоя ордери берилди, ота-онаси эса мажбурий никоҳ учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантирилди.
БАА ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режимини жорий қилди. Ҳужжат 16 февралдан кучга киради.
Бахтиёр Бегматов Бўка туман ҳокими этиб тайинланди. Тайинловга қадар у Тошкент вилояти Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келаётганди.
Россиянинг Самара вилоятида Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятига тегишли давлат рақам белгиси бўлган Lada Largus автомобили «Газель» юк машинаси билан тўқнашди. Largus автомашинасининг уч нафар йўловчиси ҳалок бўлди, яна тўрт нафари касалхонага ётқизилди.
Шароф Рашидов, Пастдарғом, Ангор туманлари, Андижон ва Термиз шаҳарларидаги 123 нафар ҳоким ёрдамчиси ишдан бўшатилади. Улар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ишларини қониқарсиз ташкил этган.
Президент бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан келишувлар доирасида 150 минг ишчига буюртма берилган бўлса-да, бу мамлакатларга бор-йўғи 9 минг ишчи юборилган.
Шавкат Мирзиёев «Донмаҳсулот» таркибидаги савдога чиқарилган 43 та корхонадан бор-йўғи 10 таси сотилганини, айримлари 2−3 йилдан бери сотилмасдан турганини, бунга сабаб эса хусусий секторга бермаслик учун нархи сунъий ошириб юборилганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев бозор механизмлари асосида кредит ставкаларини камида 2−3 фоизга тушириш муҳимлигини қайд этди. «Банклар ресурс йўқлиги сабабли кредит фоизи юқори, дейишга ўрганиб олган. Ваҳоланки, муаммоли кредитларни ундиришнинг ўзидан 25 трлн сўмлик кредитга ресурс топса бўлади», — деди у.
Ўзбекистонда 2023 йил давомида тез ёрдам хизматига жами 3505 та ёлғон чақириқ келиб тушди. Уларнинг энг кўпи Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади. Аввалроқ бундай чақириқлар учун чақирув харажати миқдорида жаримага тортиш таклиф этилганди.
Тошкентда трамвай йўлларини лойиҳалаш ва қуриш кўп вақт талаб этади, шунинг учун каттароқ эффектга чиқиш учун аввалига кўп сиғимли автобуслар сотиб олинди, деди Транспорт вазирлиги вакили. У, шунингдек, транспорт ҳаракатларининг нотўғри ташкил этилиши ва бошқа масалалар ҳақида ҳам гапирди.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда 2023 йилда бюджетдан 1,2 трлн сўмлик ноқонуний харажат ҳамда 200 млрд сўмлик камомад ва ўғриликлар бўлгани қайд этилди. Қўшиб ёзиш, пул ўзлаштириш, ўзига ўзи бир неча карра кўп мукофотлар ёзиш шулар жумласидан.
Шавкат Мирзиёев бюджет маблағларини иқтисод қилиш иш ҳажмини қисқартириш эмас, балки лойиҳани тўғри қилиш, «шиширилган» харажат ва ортиқча ҳашаматни кесиш ҳисобидан бўлиши кераклигини таъкидлади.
Жойлардаги иқтисод бўйича ҳоким ўринбосарлари, вилоят ва туманлардаги иқтисодиёт бўлимлари раҳбарлари инфляцияни жиловлашни ўйламаяпти, дея таъкидланди президент йиғилишида. Шу сабабли бош вазирга 9 та туман-шаҳардаги ҳоким ва сектор раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Давлат молиявий назорати инспекцияси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилади. Департамент ва Ҳисоб палатаси биргаликда ишлаб, яширин иқтисодиётни жиловлаш ва бюджет маблағларини тўғри сарфланиши учун жавобгар бўлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг