Туркманистон Ироқ билан газни Эрон орқали етказиб бериш борасида келишиб олди. Протокол йилига 9 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича 5 йиллик шартномани назарда тутади.
Тошкентда Ўзбекистон ва Италия президентлари музокаралари бўлиб ўтди. Томонлар савдони ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, икки мамлакат ҳудудлари форумини ташкил этиш ва унинг илк йиғилишини келаси йили Самарқандда ўтказиш, шунингдек, қўшма таълим форумини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирди.
Яшнобод туманида 21-сонли MAN автобуси йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб турган Nexia билан тўқнашди. Енгил автомобиль ҳайдовчиси жароҳат олган, иккала транспорт воситаси ҳам техник шикастланган.
Маданият вазирлиги соҳа вакилларининг уй олишида тўловнинг 50 фоизини қоплаб беришни таклиф қилди. Лойиҳа муҳокамаларга сабаб бўлгач, вазирлик бунга муносабат билдираркан, «соҳа вакилларининг ҳаммаси ҳам тўй-ҳашам ёки бошқа тадбирлардан қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас», дея таъкидлади.
Президент боғ ва токзорларни йилига камида бир марта хатловдан ўтказиш, самарасиз деб топилса, ер солиғидан берилган имтиёзни бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди. Шунингдек, гўшт, тухум ва сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, кредитлар муддатини ошириш ва бошқа вазифаларни белгилади.
Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматини ёлғондан чақирганлик ҳолатлари юзасидан низом ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ёлғон мурожаат қилганларни хизматнинг бир марталик чақирув харажати — бугунги кунда 178 минг сўм миқдорида жаримага тортиш таклиф этилмоқда.
Марказий банкнинг валютани сотиб олиш шартларини ўзгартиришга оид лойиҳаси фонд бозорига аллақачон салбий таъсир кўрсатди, деди «Тошкент» фонд биржаси раҳбари Георгий Паресишвили. У конвертацияни мураккаблаштириш инвесторларни чўчитишини таъкидлади ва жараённи соддалаштириш тарафдори эканини айтди.
Шанба кунининг иккинчи ярмида айрим ҳудудларда ёмғир ёғади. Якшанба куни эрталаб ва кечаси Фарғона водийсида ҳамда Тошкент вилоятида ёмғир ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат кечаси +3…+8, кундузи +13…+18 даража бўлади.
Хоразмдаги «Шовот» чегара божхона постида XX аср бошларига тегишли бўлган 2 дона билагузукни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахслар тўхтатилди.
Россия ҳукумати келаси ҳафта дизель ва бензин экспортига қўйилган тақиқни бекор қилишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Reuters манбаларга таяниб.
Исроил уруш бошланганидан бери биринчи марта Ғазо секторида кунлик гуманитар паузалар қила бошлади. Ҳар куни 4 соат давомида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмайди. Паузалар вақтида тинч аҳоли иккита гуманитар коридор орқали секторнинг жанубига кўчиб ўтиши мумкин бўлади.
2024 йилги давлат бюджетида хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари миқдорини 3 баробарга қисқартириш кўзда тутилган. Депутат Дониёр Ғаниев бунинг камайишини маблағларнинг ўзлаштирилиши пастлиги билан изоҳлади ва ҳолат сабабларини ўрганишни таклиф қилди.
Италия президенти Сержо Маттарелла фарзанди Лаура Маттарелла билан Ўзбекистонга келди. Уларни бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Сержо Маттарелла Самарқанд ва Хива шаҳарларига ташриф буюриши режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида 19 ноябрь куни давлат байроғи қабули кунига бағишланган Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси ташкил қилинади. Барча шаҳарларда ягона масофа — 3 км, Тошкентда 3 ва 10 км ни ташкил қилади.
Остонада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Келгуси уч йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланиб, нефть-газ саноати, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Балл бонитети паст, сув оғир бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган ҳар бир вилоятдаги 1 тадан туманда 70−80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади, деди президент. Айрим тўқимачилик корхоналарига имтиёзлар берилади.
Ўзбекистонда фермерларга ўз фаолиятида қисман эркинлик берилади. Президент фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан шартнома тузиш ва ортиқча ҳосилни биржа орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлишини маълум қилди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Шуҳрат Вафаев лавозимидан озод этилди. Агентлик қайта ташкил этилмоқда: унинг раҳбари бир вақтда ПА Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошлиғи ўринбосари ҳам бўлади, штатлар ва ўринбосарлар сони қисқаради.
Президент йирик савдо тармоқлари билан ишлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг муаммоларини кўрсатиб, Шахрух Шарахметовнинг Рақобат қўмитаси раҳбари лавозимига лойиқлиги масаласини ўрганишни топширди. Давлат раҳбари сариёғ экспортига қўйилган чекловни ҳам олиб ташлаш бўйича топшириқ берди.
Италия президенти Сержо Маттарелласерж 9−11 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Музокаралар чоғида, жумладан, икки давлат президентларининг июндаги келишувларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади. Учрашув якунлари бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг