Фарғона вилоятида аёл квартира сотиб олиш учун 8 ойлик қизини 10 минг долларга сотмоқчи бўлганди. Суд унинг ҳомиладор экани ва оилада ягона боқувчи бўлганини ҳисобга олиб, аёлга нисбатан 5 йилга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Ургут туманидаги қатор археология ёдгорликлари бузилиши ва ковланиши оқибатида объектларга 9 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди.
«Ўзбекистон — 2030» стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Стратегияда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.
Миллий валютанинг кучсизланишига импортнинг ўсиши ҳам таъсир қилмоқда, деди Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов. Унинг сўзларига кўра, бу мавсумий ҳодиса ҳисобланади ва бугунги валюта курси ташқи савдо операцияларининг ҳақиқий кўринишини акс эттиради.
Шайхонтоҳур туманида болаларни уриб, ислом динидан ноқонуний дарс берган шахс 15 суткага қамалди. Унинг калтаклаши оқибатида 4 бола жароҳат олган. Бир нафар бола 5-қаватдан ўзини ташлаган. Вояга етмаганларнинг ота-оналари ҳам жавобгарликка тортилди.
Учқудуқ ва Конимех туманларининг чўл ҳудудларига 600 та йўрға тувалоқ қўйиб юборилди. Қушлар БАА молиялаштирувчи «Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази» томонидан етиштирилган. Қушлар Ўзбекистон қизил китобига киритилган.
Ташқи ишлар вазирлиги собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги биносига кўчди. ТИВ биносида эса янги ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жойлашади.
Бу ҳафта Ўзбекистонда ўртача иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундуз кунлари ҳарорат +35…+40, жанубда ва чўл ҳудудларда +42 даражагача исийди. Айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
Покистоннинг Бажаур туманида сиёсий партия йиғилишида худкуш портлаш уюштирди. Дастлабки маълумотга кўра, 44 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳат олган. Ўзбекистон ТИВ қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Тижорат банклари 31 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 540−11 610 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 650−11 660 сўм.
Ангор туманида 2 кунлик қиз чақалоғини 35 млн сўмга сотмоқчи бўлган эркак аниқланди. У 1400 доллар ва 10 млн сўм олаётган пайтда қўлга олинди.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар талаб қилганликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Унинг укаси Салимжон Ҳайдаров «Газета.uz»га айтишича, гумондорнинг уйида тинтув ҳам ўтказилди.
Навоийда фуқарога $30 минг эвазига олтин қазиб олиш учун шароит яратиб берган ИИБ инспектори, Наманганда $3 минг эвазига фирманинг 383 млн сўмлик солиғини бартараф этмоқчи бўлган солиқ инспектори, Андижонда $5 минг эвазига фуқарони ишга киритиб қўйишни ваъда қилган Миллий гвардия ходими ушланди.
Президент қарори билан хориждан келган ҳар бир турист учун туроператорларга тенг улушларда 20 дан 100 долларгача субсидия ажратилади. Шунингдек, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўқимоқчи бўлган айрим хорижий мамлакатлар фуқаролари учун давлат грантлари шакллантирилади.
2002 йилда қасддан одам ўлдиришда гумонланиб, қидирувга берилган 48 ёшли эркак Қозоғистондан, 2015 йилда босқинчиликда гумонланиб, қидирувга берилган шахс эса Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Туркия давлатлар жўғрофия кенгаши ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котибларининг Истанбулда бўлиб ўтган учрашувида иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, энергия ресурслари тақчиллиги каби глобал муаммоларга биргаликда ечим топишга келишиб олинди.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров жиноятда гумонланиб, ҳибсга олинди, дея маълум қилди Фарғона вилояти ИИБ. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланмоқда.
Ўзбекистонда 1 августдан зарур иш стажига эга бўлмаган кексаларга бериладиган нафақа миқдори 535 минг сўмдан 568 минг сўмга оширилади. Бу ўзгариш боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун тўланадиган миқдорга ҳам тааллуқли.
Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи йўлда бир гуруҳ фуқаролар автобус йўлини тўсиб, унга тош отди. Самарқанд вилояти ИИБ можаро ҳайдовчилар йўл талашгани ортидан келиб чиққани ва 14 кишига нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг