Ўзбекистоннинг камбағаллик юқори нуқталари, светофор ўрнатмасликни маъқул кўраётган ҳукумат, Сурхондарё ва Бухорода 70 мингга яқин дарахт кесилиши эҳтимоли, реконструкцияси 2024 йил охирида тугайдиган Тошкент аэропорти яқинидаги кўприк ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят ИИБ ва солиқ бошқармаси бошлиқлари, Риштон тумани ва Марғилон шаҳар ҳокимлари ишдан олинди. Шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосарлари, Бағдод, Қува ва Бувайда туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.
Марказий банк раиси Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда бюджет харажатлари ортиши газ импорти ҳажми ошиши билан боғлиқ эканини таъкидлади. Январнинг 8 кунида бюджет тақчиллиги йиллик кутилманинг 20 фоизига етганди. Шундан сўнг Иқтисодиёт вазирлиги даромад ва харажат бўйича маълумот беришни тўхтатди.
Марказий Осиё ва Европадаги болаларнинг қарийб ярми иссиқлик тўлқинларига дучор бўлмоқда — бу глобал ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўп, дейилади ЮНИСЕФ ҳисоботида. Ташкилот минтақа ҳукуматларини шошилинч чоралар кўришга чақирди.
Тошкент ҳокимияти энг хавфли пиёдалар ўтиш жойи муаммосини «ҳал қилди». У шунчаки йўқ қилинди. Одамлар эса ўз ҳаётларини янада каттароқ хавф остига қўйиб, кўп полосали магистрални кесиб ўтишда давом этмоқда. Ҳукумат светофор ўрнатмасликни маъқул кўрмоқда.
Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли сабаб 70 мингга яқин дарахт кесилиши мумкин. Лойиҳа ҳужжатлари ҳукуматга топширилгани айтилмоқда. Жамоатчилик бундан норози бўлса, Экология вазирлиги ҳар икки вилоятда одамлар фикри эшитилишини билдирмоқда.
Тошкент аэропорти олдидаги йўл ўтказгични реконструкция қилиш ишлари 2024 йил охиригача якунланиши режалаштирилган. У кенгайтирилади, Кичик ҳалқа йўлига кириш ва чиқиш йўллари, велосипед йўлаклари ташкил этилади. Лойиҳанинг умумий қиймати бўйича маълумот берилмаган.
Андижон вилояти ИИБнинг 3 нафар ва МИБ Андижон шаҳри бўлимининг 1 нафар ходими талон-торожликлар ва мансаб сохтакорлиги бўйича судланмоқда. Дастлабки айблов хулосасига кўра, жиноят оқибатида 5,6 млрд сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилган.
26 июль куни электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд ўрнатилди — 250,7 млн кВт/соат. Энергетика вазирлиги иссиқ ҳавода электр тармоқларининг узатиш қуввати 25 фоизга пасайганини билдириб, вазиятни тўғри тушунишни сўради ва электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирди.
Ўзбекистон президенти 27−28 июль кунлари Фарғона вилоятида бўлиб, қишлоқ хўжалиги, саноатдаги ишлар ҳамда маҳаллалар ҳаёти билан танишади. Шунингдек, видеоселектор йиғилиши ўтказилиши кутилмоқда.
Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airports`га барча такси компанияларининг Тошкент аэропортига киришини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берганди. Компания қўмита қарори бекор бўлиши учун ҳаракат қилишини ва шу пайтга қадар ҳолат юзасидан бирорта шикоят келиб тушмаганини билдирди.
Британия менежмент университетидаги Касб ва саноат маркази талабаларни карьерасида ва шахсий ривожланишида қўллаб-қувватлаш ҳақида гапириб берди.
Марказий банк ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун бюджет дефицитини белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳимлигини қайд этди. Регулятор инфляция даражаси 8,5−9,5 фоиз атрофида бўлиши бўйича прогнозини ўзгаришсиз қолдирган.
Президент фармонига кўра, пойтахтдаги яшил ҳудуд 5 минг гектарга етказилади (ҳозир 900 гектар). Ҳужжатда Янги Тошкентдаги 50 гектар майдонда аквапарк ва 35 гектарда сунъий кўл ташкил қилиниши белгиланган. Аквапарк қурилиши учун 200 млн доллар ажратилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси ташкил этилди. Унга Умид Шадиев раҳбарлик қилади.
Ўтган йил охиридан буён маданият ва туризм вазири лавозимида ишлаб келаётган Озодбек Назарбеков маданият вазири этиб тасдиқланди. Энди у туризм соҳасига жавобгар эмас.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Регуляторнинг қайд этишича, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимлар сақланиб қолмоқда.
Санитария-эпидемиология қўмитаси Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлигини маълум қилди. Таъкидланишича, ҳозирда COVID-19 ва ўткир респиратор инфекцияларнинг микс-инфекция касаллиги кузатилиб турибди.
Дилмурод Эргашев Навоий шаҳрига ҳоким этиб тайинланди. У бунга қадар «Навоий кон-металлургия комбинати»да бошқарма бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси Қорақалпоғистон, Сирдарё ва Хоразмда энг юқори бўлиб турибди. Мамлакатда 1,3 млн камбағал оилалар мавжуд бўлиб, камбағаллик даражаси 14,1 фоизни ташкил этди. Йил якунигача кўрсаткич 12 фоизга тушиб, 1 млн аҳоли камбағалликдан чиқарилиши режалаштирилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг