Мактабларда чалинган сўнгги қўнғироқ, битирувчиларга мурожаат, Самарқандга поездда борган Сингапур президенти, алкоголь-тамакини сотиш бўйича қонун ҳақида, жанжалда акасини пичоқлаб ўлдирган ёш йигит, Ўзбекистонга «соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Янги қонун билан чекиш тақиқланган жамоат жойлари рўйхати аниқлаштирилди. Жумладан, кўп қаватли уйлар кириш йўлаклари ва лифтлари, ер ости ўтиш жойлари, ўйин майдончалари ва бошқалар. Болалар ва ҳомиладор аёллар бўлган автомобилларда чекишни тақиқловчи банд қонуннинг охирги таҳриридан олиб ташланди.
Тошкентлик фуқаро квартираси балконига Украина байроғини илиб қўйган эди. У йўқлигида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кран билан 8-қаватга кўтарилиб, байроқни олиб ташлашди. «Газета.uz» хонадон эгаси билан суҳбатлашди. У уй-жой дахлсизлиги бузилгани юзасидан ИИБга мурожаат қилмоқчи.
«Йил бренди-2022» VI мукофоти тақдирлаш маросимида экспертлар овоз бериш натижаларига кўра, Indenim компанияси «Мода» йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистон ҳукумати ва Air Products ўртасида Қашқадарё вилоятидаги Uzbekistan GTL заводи таркибида саноат газини қайта ишлаш заводини ривожлантириш бўйича 1 миллиард долларлик сармоявий битим имзоланди.
Флорида губернатори Рон Десантис 2024 йилда АҚШ президентлигига номзодини қўйишини маълум қилди. У Республикачилар партияси номзодлиги учун собиқ президент Дональд Трамп билан курашади.
Президент алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Қонун билан ушбу маҳсулотларни 21 ёшгача бўлганларга сотиш тақиқланди. Мактаблардан дўконларгача бўлган масофа 100 метргача қисқартирилди. Электрон сигаретларни тартибга солиш бошланади.
Миробод туманида 21 ёшли йигит жанжал сабабли акасининг кўкрак қафасига пичоқ уриб, уни ўлдирди. Воқеа жойидан яширинган гумонланувчи ушланган ва тергов олиб борилмоқда.
МБ 3 та тўлов ташкилотининг лицензиясини қайтариб олди. Улар орасида тадбиркор Хуршид Тўраевнинг TAPP Payment компанияси ҳам бор, у билан «Алоқабанк» ва Рақамли ривожланиш вазирлигининг офис биноларини сотиб олиш бўйича келишув аввалроқ бекор қилинганди.
Asialuxe Travel туроператори Туркия курортларида яхши дам олиш формуласи билан ўртоқлашди, шунингдек, ҳар қандай дид ва бюджет учун Анталия меҳмонхоналарининг қисқача рўйхатини тузди.
Мазкур тадбир муносабати билан абитуриентлар Ковентри университети дастурларининг устунликлари билан танишиш мақсадида UDEA кампусига ташриф буюришлари мумкин.
Қарши шаҳрида 21 ёшли йигит 2004 ва 2006 йилларда туғилган қизлар билан умумий рўзғор асосида эр-хотин бўлиб яшаб келгани учун 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
ССВ раҳбари Амрилло Иноятов ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесусга «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини топширди. Улар Женевада ўтаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси сессияси доирасида учрашди.
Тошкентдаги чиқинди мой маҳсулотини қайта ишлаш заводида тунда кучли ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига 8 та ёнғин-қутқарув экипажи юборилган. Қурбонлар йўқ.
Coca-Cola челленжи фаол иштирокчилари бўлган Инҳа ва ЎзМУ талабалари бренд фаолиятига муносабатлари ва компаниялар эко лойиҳани қўллаб-қувватлаши қанчалик муҳимлиги ҳақида фикр билдиришди.
Сингапур президенти Ҳалима Яқуб Afrisoyob поездида Самарқандга етиб борди. Унга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамроҳлик қилмоқда.
Тошкентнинг учта туманидаги айрим ҳудудларда 25 май куни вақтинча газ таъминоти тўхтатилади.
Давлатобод туманида ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмагани оқибатида Nexia-2 машинаси 2 пиёдани уриб кетди. Оғир аҳволда шифохонага ётқизилган беморларнинг бири вафот этди.
Тижорат банклари 25 май куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 360 — 11 400 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 425 — 11 475 сўм.
UzAuto Motors Chevrolet Tracker ва Onix автомобилларининг янгиланган комплектациялари учун шартнома беришни бошлашини эълон қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг