2022 йилда Ўзбекистонда ойлигидан солиқ тўлаётганлар сони 215 мингга ошиб, 5 млн кишига етди. Уларнинг аксарияти ҳали ҳам 1−2 млн сўм маош олади, бироқ уларнинг улуши пасайишда давом этмоқда. Шу билан бирга, 4−5,5 млн сўм ва ундан ортиқ маошга эга бўлган солиқ тўловчилар сони кескин ошган.
Энергетика вазирлиги Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича Хитойнинг икки компанияси билан ҳамкорлик ҳақида келишув имзолади.
Термизда МЧЖ раҳбари чет эл фуқаросидан Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш эвазига 7000 доллар талаб қилиб, шундан 6 мингини олганликда гумонланмоқда.
Ўзбекистон миллий архивида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларидан 56 та йиғмажилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилди. Бугунги кунда фойдаланувчилар ушбу ҳужжатлардан ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланишлари мумкин.
Чимкент вилоятидаги қурол-яроғ дўконига ҳужум уюштирилди. Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, буни ўзбекистонлик эркак содир этган ва у қўлга олинган. Хавфсизлик хизмати ходимларидан бири воқеа оқибатида жароҳат олган.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси 26 мартдан баҳор-ёз парвозлар жадвалига ўтади. Мавсумда Нью-Йорк, Франкфурт, Рига, Тель-Авив, Боку, Тбилиси каби халқаро йўналишлардаги авиақатновлар ва маҳаллий рейслар сони оширилади.
Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактаб яқинида 12 ёшли ўқувчининг қўлидан ушлаб олган эркакнинг шахси аниқланди. Туман ички ишлар ходимлари ҳолатни ўрганмоқда.
Беруний туманида Opel Astra ва Matiz иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Воқеа сабаб Matiz автомобилидаги йўловчи вафот этди. Иккита ҳайдовчи жароҳатлари сабаб шифохонага ётқизилди.
АҚШ президенти Жо Байден Киевга борди. У Украина президенти Владимир Зеленский билан Михайловский майдонида кўришди. Оқ уй раҳбарининг мамлакатга ташрифи ҳеч қаерда эълон қилинмаганди.
1 март куни Тошкентдаги «Ўзекспомарказ»да «Монедан Кандинскийгача. Санъатдаги инқилоб» мультимедиа кўргазма намойиш этилади. У ерда ташрифчилар тўққиз нафар модернизм рассомларининг асарларини томоша қилиши мумкин.
Термиз туманида Ободонлаштириш бошқармаси истироҳат боғидаги 1 туп дарахтни кесгани учун бошқарма бош муҳандиси 3 млн сўм жаримага тортилди. Бунинг ортидан ўсимлик дунёсига қарийб 5 млн сўм зарар етди. Яна бир фуқаро саксовул кесиб, ўсимлик дунёсига 3,1 млн сўм зарар етказди.
Ижтимоий тармоқ фаоли Аброр Мухтор Алий 6 млн сўм жаримага тортилди. У аввалроқ журналист Никита Макаренкони ҳақорат қилганди.
Ҳукумат пойтахтда кўп қаватли автотураргоҳлар қуришни режалаштирмоқда. Бунинг учун махсус давлат муассасаси ташкил этилади ва унга ер майдонлари тўғридан-тўғри ажратилади. Дастлаб транспортлар кўп тўпланувчи 4 та манзилда тураргоҳ барпо этилади. Улар онлайн аукционда тадбиркорларга сотилади.
Президент фармони билан мактабларда 100 мингта бепул тўгарак ташкил этилади. Бу учун давлат бюджетидан 79,5 млрд сўм ажратилган бўлиб, тўгараклар йўналишини аниқлаш бўйича ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказилади.
Ўзбекистонда душанбадан жумагача ҳаво ҳарорати илиқ бўлади. Фақат чоршанба куни баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат асосан кечалари +2…+7, кундузи +13…+18, айрим кунларда +20…+22 даражагача исийди.
Олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмонов талабаларни одобига кўра гуруҳларга ажратиш топшириғини берганди. Вазирлик буни «маънавий-моддий муаммоларни бартараф этиш, мураббийлар билан дўстлик муҳитини яратиш» дея изоҳлади. Тартиблар ОТМларнинг ички қоидаларига алоқадор экани айтилди.
Дубайда Қирғизистоннинг амалдаги ва беш нафар собиқ президентининг учрашуви бўлиб ўтди. «Собиқ президентлар хафаликларини айтишди ва камчиликларини тан олишди. Энг муҳими, улар бир-бирларини кечира олишди. Айнан шу менинг мақсадим эди», — деди президент Садир Жапаров.
Туркманистондан Ўзбекистонга ёрдам сифатида юборилган 2 минг тонна бепул суюлтирилган газнинг ярми Қорақалпоғистон аҳолисига тарқатилмоқда. Қолган минг тонна газ Хоразм вилоятига юборилади.
Шарқий ҳарбий округга қарашли гарнизонда режалаштирилган жанговар-тактик ўқув машғулотлари бошланди. Бу вақтда шаҳар атрофида машғулотлар режасига мувофиқ жанговар техникалар ҳаракатланади. Синовларни маъсуллар кузатиб боради.
Сергели ва Юнусобод туманларида рўй берган 2 ЙТҲда жами 5 киши жароҳат олди. Машиналардан бири ёниб кетди. Ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг