Ўзбекистоннинг 47 та туманида 70−80 фоиз корхоналарда ишчилар сони 1 нафарни ташкил этмоқда. Президент бунинг учун ҳокимларни танқид қилиб, нима учун корхоналар ижтимоий солиқ ставкаси туширилганига қарамасдан, «адолатли солиқ тўлашга» ўта олмаётганини сўради.
Митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузиш, ёлғон ахборот тарқатишда айбланиб жаримага тортилган блогер Олимжон Ҳайдаров суд қарори устидан апелляция шикояти берди. Депутат Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, мавжуд бўлмаган тартиб бўйича жавобгарликка тортиш қонунга зиддир.
7−8 январь кунлари Humo Arena мажмуасида «Бремен мусиқачилари» муз шоуси бўлиб ўтади. 31 декабрга қадар чипталарга Янги йил чегирмалари амал қилади.
Ўзбекистон Туркманистондан табиий газ импортини ошириш бўйича келишувга эришди. Уч ой ичида 1,5 млрд куб метрга яқин газ импорт қилиниши режалаштирилган, бу эса қиш мавсумида тақчилликни қоплашга ёрдам беради.
Ноябрь ойида Республика онкология маркази ва унинг Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти филиаллари электрон-онлайн аукционга қўйилганди. Маълум бўлишича, марказнинг икки филиали сотувдан олинган, марказнинг ўзи янги комплексига кўчиб ўтади.
Ўзбекистоннинг 2023 йилги давлат бюджети 15 декабрга қадар қабул қилиниши керак эди, бироқ лойиҳа ҳануз жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилмади ва парламентга киритилмади. Ҳукумат кетма-кет тўртинчи йил муддатларни бузмоқда.
Сурхондарёнинг Музработ, Қизириқ, Шеробод ва Узун тумани ЭКТ раҳбарлари ва бошқа мансабдорлар умумий ҳисобда давлатга 7 млрд сўмдан зиёд зарар етказгани маълум бўлди. Ҳозирда ҳолатлар бўйича тегишли моддалар билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Бир ярим ой давомида Чилонзор туманидаги озиқ-овқат дўконидан 42,3 миллион сўмлик бир неча қадоқ сариёғ ўғрилангани маълум бўлди. Савдо шохобчанинг доимий мижози ўғирликда гумон қилинмоқда.
Cobalt ва Lacetti`дан кейин UzAuto Motors компанияси Damas ва Labo автомобиллари бўйича шартнома тузишни тўхтатди. Айни пайтда харидорлар учун буджетли автомобиллардан фақат етказиб бериш муддати 2023 йил 31 декабрь бўлган Onix мавжуд.
Президент айрим қонунларга ўзгартиш киритиш бўйича ҳужжат имзолади. Энди давлат ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказилади. Бунда аёллар ва эркаклар сони нисбати ўрганилади, тенгликни таъминлаш бўйича ҳолат баҳоланади. Шунингдек, қонунчиликка амал қилинган ҳолда янги таклифлар ишлаб чиқилади.
2019 йилда ишлаб чиқилган, бироқ қабул қилинмаган Митинглар тўғрисидаги қонун лойиҳаси қайтадан жамоатчиликка тақдим этилади, дея маълум қилди ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов. У митинглар Конституция, МЖтК, ЖК ва ВМнинг 205-cонли қарорига таяниб, тартибга солинаётганини айтди. Аслидачи?
БМТ Бош ассамблеяси Шавкат Мирзиёев таклиф этган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияни қўллаб-қувватлади. Дунёнинг барча қитъаларидаги 80 та давлат ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари бўлди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашди. Элчининг таъкидлашича, мамлакатда диндорларнинг ўз эътиқодларини ифода этишлари учун янада кенгроқ шароитлар яратиш радикал қарши курашга ёрдам беради.
Олмазор туманида Damas ва «ГАЗел» иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Тўқнашув оқибатида «ГАЗел» ағдарилиб кетди. Унинг салонида йўловчи бўлмаган. Damas ҳайдовчиси жароҳатланди.
Чилонзор туманида икки қариндош эркаклар ўртасида жанжал чиқиб, бири иккинчисини пичоқлаб, ўлдириб қўйди. Суд айбланувчига нисбатан 11 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, дам олиш кунлари об-ҳаво қуёшли ва илиқ бўлиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати +5…+12 даражани, кечалари −3…+2 даражани ташкил этади. Республика бўйлаб айрим жойларга туман тушиши мумкин.
Колумбиядаги жаҳон чемпионатида оғир атлетикачи Руслан Нурудинов -109 кг вазн тоифасида умумий ҳисобда 397 кг тош кўтариб, 3 йўналишда (даст кўтариш 177 кг, силтаб кўтариш 220 кг ва умумий ҳисоб) олтин медалларни қўлга киритди. У 2013 йилда ҳам умумий 425 кг тош кўтариб мутлақ устунликка эришганди.
Фарғонада Туркиянинг 10 млн доллар инвестицияси ҳисобига «Ақлли йўл» тизими жорий этилади. Вилоят ҳокимлигининг қайд этишича, тизим йўл-транспорт ҳодисаларининг, жароҳат олиш ва ўлим ҳолатларини 90 фоизгача камайтириш имконини беради. У инсон омилисиз, қуёш энергияси ёрдамида ишлаши айтилмоқда.
Тижорат банклари 16 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 220 — 11 270 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 285 сўм.
Ўзбекистонда учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендер ғолиблари аниқланди. Хусусан, Бухорода Masdar компанияси, Наманганда GD Power — Powerchina консорциуми ва Хоразмда Voltalia компанияси умумий қуввати 500 МВт бўлган станцияларни қуриб, электр энергиясини етказиб бера бошлайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг