Адлия вазирлигида крипто-дўкон ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш қоидалари рўйхатдан ўтказилди. Унга кўра, крипто-дўкон электрон платформа ва савдо объекти орқали мижозларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Қонунчиликда бундай фаолият тури учун ҳар ой 6 млн сўм тўлов белгиланган.
Пскент прокурори ёрдамчиси 1500 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. Маълум қилинишича, у судья орқали судланувчига енгил жазо тайинланишига эришишни ваъда қилган.
Президент имзолаган қонунга кўра, географик объектларга жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини беришга йўл қўйилади. Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш жараёнида маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олинади.
АҚШ Федерал захира тизими асосий ставкани йиллик 3,75−4% этиб белгилади. Бу охирги 40 йил ичида мамлакатда кузатилаётган рекорд даражадаги инфляцияга (8,2%) қарши таъсир чора сифатида қабул қилинди. Бунинг Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши — «Газета.uz» материалида.
Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими 2023−2024 йилларда босқичма-босқич жорий қилинади. Биринчи босқич 2023 йилнинг 1 июлидан бошланади.
Қозоғистон билан чегарада жойлашган «Ғишткўприк — Жибек жоли» назорат-ўтказиш пунктини модернизация қилиш ишлари бошланди. Постга олиб борувчи йўл ҳам таъмирланади. Таъмирлаш ишлари вақтида пост ёпилмайди.
Эрдўғон ва Путиннинг давомли музокараларидан сўнг, шунингдек, Украина томонидан хавфсизлик кафолатлари олингач, Россия дон келишувидаги иштирокини қайта тиклади. Украина президенти Владимир Зеленский дон коридорига ишончли ва узоқ муддатли ҳимоя зарурлигини таъкидлади
Саудия Арабистони томони АҚШга подшоҳликдаги марраларга Эрон ҳужумлар тайёрлаётгани ҳақидаги разведка маълумотларини тақдим этди, дея хабар бермоқда Wall Street Journal. АҚШ бундан хавотирда экани ва «зарурат туғилганида ўйланиб ўтирмай жавоб қайтариши»ни маълум қилди.
«Газета.uz» футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон чемпионати бошланишига ҳафталар, кунларни санашда давом этмоқда. «Б» гуруҳи билан таништирсак: Эрон ва АҚШ плей-офф йўлланмаси учун курашади, Уэльс терма жамоаси 64 йиллик танаффусдан сўнг қайтмоқда, Англия эса мухлисларни зериктирмасликка ҳаракат қилади.
Ўзбекистонликларда энди Россия телевидениесига муқобил вариант бор. IP-телевидение операторлари пакети қаторидан BBC, CNN, Bloomberg, France 24, Хитойнинг CGTN, Туркиянинг TRT Avaz, «Беларусь 24» телеканаллари ҳам ўрин олди.
Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок Ўзбекистонга ташрифи чоғида, унинг келиши — Ўзбекистон ва Қозоғистон учун ҳамкорликни кенгайтириш учун сигнал эканини таъкидлади. Шунингдек, у Марказий Осиёда Россия ва Хитой таъсирининг тўғридан-тўғри ортишига йўл қўймасликка чақирди.
Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларининг қурилиш бош бошқармасига янги раҳбарлар тайинланди. Наманган вилояти қурилиш бош бошқармасининг бошлиғи ўз аризасига асосан ишдан олинди.
Андижон вилояти Улуғнор туманида тиркамага осилиб чиқмоқчи бўлган 3-синф ўқувчиси машина тагида қолиб, вафот этди.
«Indorama agro»нинг ҳиндистонлик ишчиси Telegram`даги гуруҳда Ўзбекистон фуқаролари ва паспортини ҳақорат қилгани айтилмоқда. ИИВ унга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилди. Гумондорнинг айби исботланса, жаримага тортилиши ёки аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Самарқандда 32 ёшли аёл 4 нафар эгизак (2 ўғил, 2 қиз) фарзандли бўлди. Жарроҳлик амалиёти билан бажарилган туғруқ жараёнидан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлиги она ва болаларни назоратга олди.
Январь ойининг охиридан Венгриянинг Wizz Air авиакомпанияси Абу-Даби — Тошкент рейсларини йўлга қўйишни режалаштиряпти. Самолёт ҳафтасига уч марта — душанба, чоршанба ва жума кунлари учади. Аввалроқ WizzAir Abu Dhabi БАА пойтахтидан Самарқандга парвозларни амалга ошириши хабар қилинганди.
Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан 13 ноябрда мамлакатнинг 15 та шаҳри ва пойтахтнинг уч нуқтасида оммавий югуриш мусобақалари бўлиб ўтади. Бунинг учун ҳомийлар ва давлат бюджети ҳисобидан 3 млрд сўмдан кўпроқ маблағ ажратилди.
БАА компанияси томонидан Қуйи Чирчиқ тумани «Сурум» маҳалласида кунлик қуввати 1 млн метр кубдан зиёд бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти қурилади. Янги насос станцияси ишга тушиши натижасида бир кеча кундузда 55,4 кВт электр энергиясини тежаш кўзда тутилган.
Жалақудуқ туманидаги мактабда «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида устозлардан ўқувчилари ҳоким саволларига «шукроналик ҳисси билан жавоб бериши» сўралган хабар тарқалди. ХТВ матбуот котиби ўқитувчилардан бундай нарсаларни талаб қилмасликни сўради. Туман ҳокимлиги эса бундай топшириқ берилмаганини айтди.
Президент қарори билан иссиқхона хўжаликларига газ тўловини ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача ҳисобланмайди. Иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлаш учун банклар томонидан 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг