Президент 65 та йирик корхонада ишлаб чиқариш камайгани, саноат зоналари инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ва қиммат хом ашё учун мутасаддиларни танқид қилди. Хом ашё импорти ҳисобига захира яратиш ва Европага саноат экспортини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 11 171,04 сўм этиб белгиланди. Тижорат банклари ҳам долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича таклифларини янгилади.
Тошкентда суд 6 ёшли қизалоққа тегажоғлик қилишда айбланаётган эркакка нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқмоқда.
Президент заргарлик саноатини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларни маълум қилди: жисмоний шахсларга қиймати $10 минггача бўлган заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсат берилади, хомашё олиб кириш ва олиб чиқиш лицензияси бекор қилинади ва улар импорт божларидан озод қилинади.
Тошкент шаҳар молия бош бошқармаси маълумотларига кўра, пойтахтнинг 1-ярим йилликдаги даромадлари 3,2 трлн сўмни ташкил этиб, маҳаллий бюджетда прогноздан ташқари 412,5 млрд сўм қўшимча маблағ қолган. Туманлар кесимида энг юқори фойда Олмазор, Юнусобод ва Яшнободда қайд этилган.
2023 йил 1 январдан давлат иштирокидаги корхоналар томонидан бошқарув ва назорат органларининг таркиби, бўш ўринларга оид маълумотлар ўзгариш бўлган вақтдан 2 иш кунида мажбурий тартибда cns.davaktiv.uz махсус порталга жойлаштирилади.
Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал баҳсларида ПСЖ — Бавария, Ливерпуль — Реал Мадрид, Челси — Боруссия Дортмунд каби жамоалар тўқнаш келадиган бўлди.
Uzbekistan Airways компанияси «Кексалар туризми ойи» муносабат билан кекса ёшдаги йўловчилар учун парвозларда 25% чегирма эълон қилди. Чегирма 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 55 ёшдан юқори аёллар учун 1 ноябрдан 30 ноябригача амал қилади.
Жиззах вилояти Фориш туманида она ва унинг 5 ҳамда 10 ёшли ўғиллари ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Жазоирнинг янги тайинланган элчиси Бумедиан Геннаднинг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди. Томонлар Жазоир компанияларининг Ўзбекистонда автомобилсозлик, нефть-газ саноати, АКТ ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларда иштирокини муҳокама қилди.
Тошкент халқаро аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Uzbekistan Airways`нинг Москва ва Жидда парвозлари, шунингдек, Россиянинг Azimut авиакомпаниясига тегишли Минералние Води — Тошкент рейси муқобил аэропортларга йўналтирилди.
Иқбол Мирзо мактабларнинг атиги 3 фоизида қуроллар борлигини танқид қилиб, ўқувчиларнинг чақирувгача тайёргарлигига эътибор бериш зарурлигини айтди. У «қўлига қурол ушламаган болада қандай қилиб ватанпарварлик пайдо бўлади», дея савол берди. Депутат сафарбарликдан қочган россияликлар ҳақида гапирди.
Шавкат Мирзиёев бу ҳафта давомида Савдо-саноат палатаси тадбиркорлари билан «очиқ мулоқот» ўтказади. Шунингдек, давлат раҳбари 11 ноябрь куни Самарқандда бўладиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этади.
Ўзбекистонда сешанба кунидан ҳаво ҳарорати пасая бошлайди, айрим жойларда ёмғир қорга айланиши кутилмоқда. Чоршанбадан бошлаб тунги вақтларда ҳарорат -2 даражагача тушиб кетади. Ҳафта охирида эса ҳаво илиқ бўлиши ва меъёрга яқинлашиши прогноз қилинмоқда.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 5 йилдан кейинги Ўзбекистонга таъриф бера туриб, бу вақтда фақат битта давлат банки қолиши, эски электр станциялари янгиланиши, аҳоли жон бошига ЯИМ $2800 бўлишини айтиб ўтди. ЖБ вакили Анна Бьерде эса секин олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Террорист сифатида гумонланган фарғоналик эркак Ўзбекистонга олиб келинди. У 2019 йилда Сурияга бориб, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ташкилоти сафига қўшилган ҳамда жанговар ҳаракатларда қатнашган. Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида 2023 йил 1 январдан Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида таълим дастурлари халқаро рейтингда юқори бўлган хорижий ОТМ дастурига кўра шакллантирилади.
Ўзбекистонлик дзюдочилар Бокудаги «Катта дубулға» туркумига кирувчи турнирда тўртта медаль — 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ишлаб чиққан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари суҳбат асосида ОТМга қабул қилиниши мумкин.
АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу яна Ўзбекистонга келади. У, шунингдек, Туркманистон ва Қозоғистонга ҳам ташриф буюради. Марказий Осиё иқтисодий барқарорлиги ташаббуси доирасида Қўшма штатлар минтақавий савдони мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб қилиш учун $25 млн ажратиши кўзда тутилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг