Сирдарёда пахта даласида учрашув ўтказган президент, пахтачиликда шароитни яхшилаш учун Ўзбекистонга $2 млн берадиган АҚШ, Намангандаги мактабда ўқувчиларнинг ўқитувчига қўл кўтаргани, Путинни «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлаган Мирзиёев ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Санкт-Петербургда ўтказиладиган МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этади. Тадбир кун тартибида «минтақавий шерикликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқиш кўзда тутилган».
Таиланд шимоли-шарқида болалар марказига тўппонча ва пичоқ билан қуролланган шахс ҳужум қилиши оқибатида камида 38 киши, жумладан, 22 бола ҳалок бўлди. Эркак жиноят содир этган жойдан қочиб кетган, маълум қилинишича, у хотини ва боласини ҳам ўлдириб, сўнгра ўзини отган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон билан Кампир-Обод (Андижон) сув омборини бошқариш учун 50/50 улушга эга қўшма корхона ташкил этилишини маълум қилди.
Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг 1-кунида Ўзбекистон вакили Дилшодбек Баратов -60 кг вазн тоифасида бронза медали учун баҳсда қозоғистонлик спортчига имкониятни бой берди. 48 кг вазнда Ҳалима Қурбонова туркиялик спортчини енгиб, иккинчи даврада Италия вакилига мағлуб бўлди.(Фото)
Швеция Қироллик Фанлар академияси адабиёт бўйича 2022 йилги Нобель мукофотини 88 ёшли француз ёзувчиси Анни Эрнога топширди.
Косонсой туманидаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал юзага келди. Видеодан бошқа бир ўқувчи устозининг бошига гултувак отганини ҳам кўриш мумкин. ХТВ жанжал ўзаро келишмовчилик оқибатида юзага келганини маълум қилди. Ўқувчининг онасига маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Навоийнинг Навбаҳор туманидаги «Туронбанк» ходимлари банкоматга кирим қилиш учун ажратилган маблағнинг қарийб 100 млн сўмини ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жаҳон банки 2022 йил учун Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши прогнозини 5,3 фоизгача яхшилади. Бироқ 2023 йилда ўсиш 4,9% бўлиши таҳмин қилинмоқда. Шунингдек, мақсадли ижтимоий ҳимоя дастурлари орқали қашшоқлик даражаси 2023 йилда 14,5 фоизга, 2024 йилда эса 12,2 фоизга тушиши кутилмоқда.
Оила кодексига фарзанд асраб олувчилар «камида икки йил бирга никоҳда яшаган шахслар, шунингдек, 25 ёшга тўлган фуқаролар» бўлиши мумкинлиги ҳақида ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда. Ҳозирда бола асраб олиш фақат «вояга етган фуқароларга» рухсат этилган.
АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистондаги пахта корхоналари салоҳиятини халқаро меҳнат стандартлари ва муносабатларига мослаштириш мақсадида $2 млн грант ажратади.
Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни «халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан шахсий ҳиссаси, қолаверса 70 ёшга тўлгани учун «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Coca-Cola компанияси сони чекланган пластик идишларни ишлаб чиқарди, унинг қопқоғи остидаги код орқали футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмалар ютиб олиш имконияти мавжуд.
Шавкат Мирзиёев Сирдарёда пахта даласида фермер ва қишлоқ хўжалиги вакиллари билан учрашди. Нав эвазига ҳосилдорликни ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. «Бир пайтлар пахта майдонидан бир гектар ажратиш жиноят эди, такрорий экин эккан таъқиб қилинарди», — деди давлат раҳбари.
Uzbekistan Airways 1 ноябрдан Куала-Лумпурга тўғридан-тўғри қатновларни тиклашини маълум қилди. Тошкент — Куала-Лумпур — Тошкент қатновлари ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Олимлар гуруҳи ҳисоблаб чиққан Сомон йўли галактикаси массасининг янги қиймати аввалги маълумотларнинг деярли ярмига тенг бўлиб чиқди. Улар галактиканинг массаси Қуёш массасидан атиги 550 млрд марта катта деган хулосага келди.
Uzbekistan Airways «Қиш-2022» жадвалига ўтиш муносабати билан Урганч — Милан — Тошкент, Урганч — Рим — Тошкент, Тошкент — Париж — Тошкент йўналишларида мавсумий авиақатновларни вақтинча тўхтатди. Италия ва Францияга парвозлар тасдиқланган ёзги парвозлар жадвалига кўра октябрь ойи охиригача бўлади.
Миллий валютадаги кредит ставкалари кетма-кет учинчи ой пасайиб, 22,2% ни ташкил этди. Аҳоли кредитлари бўйича фоизлар 5 ой ичида минимал даражага тушди, бироқ бизнес қарзлари яна кўтарила бошлади. Хорижий валютадаги кредитлар бўйича ўртача ставка 2020 йил май ойидан бери максимал даражага етди.
Андижоннинг Пахтаобод туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган пуллар қўшиб ёзиш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган. Гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 8 та янги йўналишда темирйўл қатновини ишга туширишни режалаштирмоқда. Шу муносабат билан ташкилот 34 та замонавий электропоезд сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг