Жаҳон банки томонидан тузилган давлат бошқаруви сифати индексида Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилади. Индекс ҳисобдорлик, сиёсий барқарорлик, ҳукумат самарадорлиги, коррупцияни назорат қилиш ва бошқа кўрсаткичларни ўз ичига олади. Шунга қарамасдан, мамлакат ҳамон ўртача паст кўрсаткични қайд этмоқда.
Ҳукумат қарори билан республикадаги барча тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларига тўлиқ ставкагача ишлашга рухсат берилади. ССВ шифокорларга бўлган эҳтиёжни аниқлайди ва 1 октябрдан Сурхондарё вилоятида, 1 ноябрдан эса барча ҳудудларда талабаларни вакант ўринларга ишга жойлаштиради.
Бир пайтнинг ўзида транспорт вазири ва Uzbekistan Airways раҳбари бўлган Илҳом Маҳкамов билан компания ўртасида тузилган меҳнат шартномаси яна уч йилга узайтирилди.
Чоршанба куни Ўзбекистоннинг шарқида шамол тезлиги 7−12 м/с, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида эса 15−18 м/с гача кучаяди. Айрим жойларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин. Ўзгидромет мамлакат бўйлаб ёғингарчилик кутилмаётганини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон ҳамда Венгрия ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Шунингдек, мамлакатлар вазирлари ва идоралари раҳбарлари 15 та ҳужжатга имзо чекишди. Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилади.
Сенат 7 октябрдаги ялпи мажлисда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга оид ва янги таҳрирдаги стандартлаштириш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади. Қолаверса, Оролбўйи минтақаси бўйича ҳукуматга юборилган сўров натижаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимининг ҳисоботи муҳокама қилинади.
Венгрия президенти билан музокара ўтказган Шавкат Мирзиёев, Чирчиқдаги заводда юз берган портлаш, ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслигига оид ҳукумат қарори, ОТМларда масофавий таълим тартиби, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш таклифи ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
ОТМларда масофавий таълим орқали ўқиш тартиби белгиланди. Бунда бир бакалавриат таълим йўналишида талабалар сони 300, бир магистратура мутахассислигида эса 30 нафардан ошмайди. Талабалар LMS платформасида рўйхатдан ўтиши ва ҳар семестр якунида имтиҳон учун ОТМга бориши шарт.
Шавкат Мирзиёев венгриялик ишбилармонларни бугун инвестициялар учун энг яхши жой Ўзбекистон эканига шахсан ишонч ҳосил қилишга таклиф этди. У Ўзбекистон вазирлик ва ташкилотларига венгриялик ҳамкорларга Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритишда ҳар томонлама кўмаклашиш топширди.
Талабаларга декабрнинг охирги 10 кунлиги ва январнинг биринчи 10 кунлиги оралиғида ҳар йилги 2 ҳафталик қишки таътил берилади. Таътил шу пайтгача 1992 йилдаги президент фармони билан берилган. 2022 йил 31 августда у ўз қучини йўқотгандан сўнг, бу борада Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон ва Венгрия президентлари ўртасидаги музокараларда Венгрия томони ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун йиллик квотани 170 тагача оширишга қарор қилгани айтилди. Олий ўқув юртлари ректорларининг иккинчи Ўзбекистон-Венгрия форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳам таъкидланди.
Швеция Қироллик Фанлар академияси физика бўйича 2022 йилги Нобель мукофотини олимлар Ален Аспе, Жон Клаузер ва Антон Цайлингерга мураккаб фотонлар билан ўтказган тажрибалари учун топширди.
Ҳукумат қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб мактабларда ўқувчилар учун ягона мактаб формасини жорий этиш расман бекор қилинди. Ўзбекистонда ягона мажбурий мактаб формасини жорий этиш беш йилдан буён кенг жамоатчилик норозиликлари туфайли амалга ошмай келмоқда.
Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти Ўзбекистонда оилаларнинг бахтлилик индикаторини ишлаб чиқмоқда. Унда ўзбек миллатининг характери ва турмуш даражаси инобатга олинди. Қолаверса, Франция, Индонезия, Бутан каби давлатларда жорий қилинган индекслар таҳлил қилинди.
Сентябрь ойида инфляция 1,03% ни ташкил этиб, охирги 6 йил ичидаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Йиллик нисбатда истеъмол секторида нархларнинг ўсиш суръати 12,2% га етди. Мева-сабзавот нархларига мавсумий омил ҳал қилувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда, дея маълумот берди Статистика қўмитаси.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 23,24 сўмга қимматлаб, 11 010,45 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам кўтарилди, рубль эса пасайди.
КХДР Япония устидан ракета учирди. Япония ҳукуматининг таъкидлашича, тахминан 20 дақиқалик парвоз давомида ракета Тинч океанига қулашга қадар 4500 км дан ортиқ масофани босиб ўтган. Япония Мудофаа вазирлиги бу Шимолий Корея ракетаси учун рекорд масофа эканлигини алоҳида қайд этди.
Швециялик генетик Сванте Паабо неандертал геномини очганлиги учун тиббиёт ва физиология бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди.
17 октябрдан Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналишида қатновчи «Afrosiyob» тезюрар поезди Даштобод бекатида ҳам тўхтаб ўтади. Шу мақсадда, поезд бекатида чиптахона ва кутиш зали ташкиллаштирилади. Ушбу станция туристлар учун жозибали бўлган Зомин туманида жойлашган.
«O'zbekistonlik» фильми тақдимоти доирасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов хориждаги ватандошларга мурожаат қилиб, уларни ҳамкорликка чақирди. «Биз узоқ вақт давомида ўз йўли ва бахтини топишга уринганлардан ранжидик… Лекин Янги Ўзбекистон бошқача фикрлайди ва ҳаёт кечиради», — деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг