Навоий вилоят Адлия бошқармаси Кармана туманидаги ўқувчи қизларнинг «ўзбек миллатига муносиб бўлмаган» рақси учун ота-оналарига қўлланилган жаримани бекор қилди. Ишдан бўшатилган мактаб раҳбари ва айрим ўқитувчилар билан ҳам меҳнат шартномаси бекор қилинмагани маълум бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Жо Байденга «Иэн» тўфони қурбонлари ва вайронагарчиликлари муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Тармоқларда Оққурғон тумани ИИБ ходимининг бутун ўзбекистонликларни онасидан сўккани акс этган аудио тарқалди. Тошкент вилояти ИИББ унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва ушланганини маълум қилди. Ҳокимлик эса ҳолат оқибатида ходим отасининг соғлиғи оғирлашиб қолганини қайд этди.
Индонезиядаги «Канжурахан» стадионида юз берган тиқилинч оқибатида 174 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳат олди. Ўзбекистон президенти фожиа муносабати билан Индонезия президентига ҳамдардлик билдирди.
Фарғона вилояти Бувайда туманида Gentra ҳайдовчиси прокуратура биноси олдида йўл ҳаракати қоидаларини кўпол равишда бузиб, қарама-қарши томонда ҳаракатланди. Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, машина жарима майдонига жойлаштирилди.
Юнусобод туман ҳокимлигининг собиқ ходими икки таниши билан фуқарога Malibu олиб беришни ваъда қилиб, $30 минг пулни қўлга киритгани ва эҳтиёжларига сарфлаб юборгани айтилмоқда. Гумондорларнинг икки нафари ҳибсга олинган, яна бир нафари қидирувда. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.
Президент 3−4 октябрь кунлари расмий ташриф билан Венгрияда бўлади. Ташриф доирасида Будапештда мамлакат президенти ва бош вазири билан олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Шунингдек, давлат раҳбари Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиши кўзда тутилган.
Олий таълим муассасасини тугатганлик тўғрисидаги диплом маълумотларини электрон шаклда олиш тизими ишлаб чиқилди. Бунинг учун diplom.edu.uz ахборот платформасидан фойдаланилади. Тизим бошқа давлат идоралари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида тўйда йўқолиб қолган 4 ёшли боланинг жасади тўйхона яқинидаги қудуқдан топилди. Бола тўйга бувиси билан борган ва бир оздан сўнг йўқолиб қолган.
Ўзбекистон президенти Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 73 йиллиги муносабати билан мамлакат раҳбари Си Цзиньпинга табрик йўллаб, эзгу тилакларини билдирди.
Бўш иш ўринларининг 28% ида ижтимоий кўникмалар, яъни жамоада ишлаш, музокаралар олиб бориш, яхши нутқ, мулоқот, омма олдида тақдимот қилиш қобилиятлари талаб этилади, дейди ПМТИ экспертлари. Шунингдек, вакансияларнинг 18,3% ида чет тилларини (асосан инглиз тилини) билиш талаби кўрсатилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Кобул ғарбидаги таълим марказида содир этилган террорчилик ҳужуми юзасидан баёнот берди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти қизлар эканлиги айтилмоқда. Вазирлик терактнинг ташкилотчилари ҳамда ижрочиларини аниқлашда барча зарур чораларни кўришга чақирди.
Қуритилган мевалар солиб пиширилган, долчинли, жемли, қолаверса, шоколад пастали, «Лакомка» кремли, творог ва олмали булочкалар — Zira.uz таомномасини янгилашни истаганлар учун ширин булочкалар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини айтган ТИВ, Сергелида ёқиб юборилган 25 минг қути тамаки, кутилаётган ёмғир, одамларни калтаклаб 15 суткага қамалган блогерлар, техникум ҳамда коллежга имтиҳонсиз кирадиган абитуриентлар ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиш учун тезлаштирилган тартибда ариза топширишини маълум қилди. У, шунингдек, Украина РФ билан, лекин бу сафар бошқа Россия президенти билан мулоқотга тайёр эканини айтди.
Кремлда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари, Украинанинг РФ назоратидаги Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳудудлари Россия таркибига кириши бўйича келишувлар имзоланди. Владимир Путин ўз нутқида Украинани музокара столига қайтишга чақирди.
Давлат солиқ қўмитаси деярли 4,5 млн ўзбекистонлик мол-мулк ва ер солиғидан 2,7 трлн сўм қарздор эканини маълум қилди. Соҳалар кесимида энг кўп қарздорлик қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги ташкилотларда ишловчи ходимларда экани кўрсатилди.
Бухорода «Замин» фонди лойиҳаси бўйича 16 мактаб ичимлик суви ва канализация тизими билан таъминланди. «Газета.uz» шу пайтгача мактаб маъмурияти ва маҳаллий аҳоли тоза ичимлик суви етишмаслиги сабабли қандай ноқулайликларга дуч келгани билан қизиқди.
Октябрь ойи қуруқ ва илиқ ҳаво билан бошланади. Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида ҳарорат кечалари +13 даражадан 0…+5 даражагача, кундуз кунлари +18…+23 даражадан +10…+15 даражагача ўзгариб туриши мумкин. Ойнинг иккинчи ярмида айрим кунлар ёмғирли бўлади.
Тармоқларда Навоийдаги касб-ҳунар мактабида 2 ўқувчи қизнинг рақси акс этган видео тарқалди. Оила ва хотин-қизлар бошқармаси рақснинг «ўзбек миллатига муносиб эмаслигини» айтди. Ўқувчиларнинг ота-оналари жаримага тортилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг