Шавкат Мирзиёев икки ой олдинги Нукус воқеалари негизида аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммолари ётганини таъкидлади. «Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар „халқни рози қилиш“ деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», — деди у.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Сунъий интеллект бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Унга вазир маслаҳатчиси Бобур Раҳимов раҳбарлик қилади. Кенгаш сунъий интеллект ёрдамида амалий тажрибалар ўтказиш ва уларни тезроқ мамлакат иқтисодиётига татбиқ этиш билан шуғулланади.
Шавкат Мирзиёев қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилишини маълум қилди. Жумладан, фойда солиғи ставкаси 15 фоиздан 7,5 фоизга туширилади, айланма солиқ ставкаси Нукусда 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда эса 1 фоиздан 0,5 фоизга пасайтирилади.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов бетоблиги туфайли ва ўз мурожаатига асосан лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнига собиқ ички ишлар вазири Аманбай Оринбаев номзоди таклиф этилди.
ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказилгани сабабли вақтинча ёпилган Ботаника боғи 26 августдан ташриф буюрувчилар учун қайта очилганлиги маълум бўлди.
Дам олиш кунлари мамлакат бўйлаб қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво кузатилади, айрим тоғли ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғирлар ёғади.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сессиясида иштирок этиш учун Нукусга учиб кетди.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизими жорий этилганди. Ҳукумат бу бўйича ҳужжатни тасдиқлаб, ўқувчиларни бепул овқатлантириш тартибини белгилади. Унга кўра, таомнома kundalik.com платформаси орқали юритилиб, махсус комиссия томонидан назорат қилинади.
Апрелда ифторлик вақтида Маданият вазирлиги ходимлари ўртасида ўзаро жанжал юзага келганди. Ўшанда улардан бири ошхона пичоғи билан ҳамкасбини жароҳатлаб қўйганди. Суд айбланувчини 10 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Андижонда фуқарони 11 минг доллар эвазига Жанубий Кореядаги кемасозлик заводига ишга киритиб қўйишга уринган шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Гумондорларнинг айби судда ўз исботини топса, кўпи билан 3 йилгача қамалиши мумкин.
Президент қарори билан хизмат вақтида орттирилган касаллик ёки олинган жароҳати туфайли ҳарбий хизматни ўташга яроқсиз деб топилиб, резервга бўшатилган, шунингдек ҳалок бўлган ҳарбийларнинг, уларнинг хизмат муддатидан қатъи назар, оила аъзолари уй-жой билан таъминланиши белгиланди.
Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдурахманов эгаллади.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳафталигида импорт қилинаётган люкс автомобилларнинг икки баробар қимматлашувига олиб келадиган сертификатлаш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида фикр юритилди. Молия вазири ўринбосари жараённи соддалаштириш бўйича режалар билан бўлишди.
Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Абу Райхон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишлаб улуғ аллома номидаги мажмуа барпо этилади. Форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, қўлёзмалар ва бошқа материалларни реставрация қилиш режалаштирилган.
Чоршанба куни Бухоро вилоятининг Пешку туманида қамишзорларга ўт кетди. Воқеа жойига ФВВнинг 107 нафар қутқарувчиси жўнатилди. Пайшанба куни Мудофаа вазирлигининг вертолёти ишга қўшилди. Ёнғин майдони 100 гектарни ташкил этган, 80 гектар майдон ўчирилган.
Қонунчилик палатаси ногиронлик бўйича пенсияни ҳар икки йилда бир марта қайта ҳисоблаш ҳамда иш стажига ва иш ҳақига қараб индексация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 2023 йилдан бошлаб 75 минг ногироннинг пенсиясига ўртача 300 минг сўм қўшилиши кутилмоқда.
Украинанинг Днепропетровск вилоятида поезд ва Чаплино вокзалига уюштирилган ракета ҳужуми оқибатида 25 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, «Искандер» ракетаси 200 дан ортиқ ҳарбий хизматчи бўлган ҳарбий эшелонни йўқ қилган.
Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланди.
Қонунчилик палатаси Сенат томонидан рад этилган — никоҳни рўйхатдан ўтказиш учун бир ойлик муддатни бекор қилишга оид қонунни қайта кўришдан олиб ташлашни бекор қилди. Депутатлар қонунни Сенатни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри президентга киритишни таклиф қилди, бироқ Спикер шошмасликка чақирди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ўтган 1,5 йил мобайнида 1044 та ҳолатда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузгани аниқланди. Энг кўп ҳолат Жиззахда — 660 та. Бизнес-омбдусман офиси камчиликларга йўл қўйган 142 нафар мансабдорни жаримага тортди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг