Андижон вилояти ҳокими президент қарори бандлари кўчирилган ҳужжатни имзолади, бунинг оқибатида у бир қанча вазирлар ва Тошкент шаҳар ҳокимига топшириқ бергандек тасаввур уйғотди. Вилоят адлия бошқармаси бу қандай содир бўлгани ва ҳужжат нега ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаганини тушунтирди.
14−15 июль кунлари Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. У президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади ва Самарқандга боради.
Тойлоқ туманида 30 ёшли аёл ўз жонига қасд қилганди. Суд-тиббий экспертиза марҳуманинг танасида енгил тан жароҳатлари мавжудлигини аниқлади. Марҳуманинг турмуш ўртоғига нисбатан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддаси билан жиноят иши очилди.
Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхатини имзолади. Унда божхона ҳамкорлиги, санитария ва фитосанитария стандартлари, юк ташишни рақамлаштириш ва бошқа соҳалардаги ёндашувларни босқичма-босқич мувофиқлаштириш кўзда тутилган.
Ҳукумат қарори билан 13 июлдан ЙПХ постларида транспортлар жарималари бор ёки йўқлигига қараб, «яшил» ва «қизил» йўлакларга йўналтирилади. Қарздорлиги бор ҳайдовчилар шу жойнинг ўзида тўловни амалга оширса, ҳаракатда давом этишига рухсат берилади, акс ҳолда эса машина жарима майдончасига қўйилади.
Шри-Ланкадаги иқтисодий инқирозлар туфайли юз берган оммавий норозиликлар фонида мамлакат президенти Готабая Ражапакса 13 июль куни истеъфога чиқишини эълон қилганди. У мамлакатни тарк этгани ва Мальдив оролларига учиб кетгани маълум бўлди. Парламент янги президентни 20 июль куни сайлаши кутилмоқда.
Марказий банк 15 июлдан 200 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилишини маълум қилди. Мазкур банкнота «Буюк Ипак йўли» ҳамда Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.
Самарқандда 17 ёшли йигит синглисининг дугоналарини Cobalt автомобилида олиб кетаётганда ЙТҲ содир этди, бунинг оқибатида икки нафар қиз вафот этди. Бошқа бир аварияда эса двигатели ўчиб қолган Damas`ни итариб кетаётган ҳайдовчи орқадан юк машинаси уриши оқибатида ҳалок бўлди.
Эрон ҳудудларидан иссиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши натижасида пайшанба кунидан бошлаб ҳафта якунигача Ўзбекистонда ҳарорат +41 даражагача кўтарилади. Жануб ва чўл ҳудудларда 43 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда.
Мирзаобод туманида 18−24 ёшлар орасидаги тўрт нафар фуқаро «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти таъсирида экстремистик мазмундаги аудио-видео материалларни танишлари орасида тарғиб қилиб келганликда айбланмоқда. Суд гумондорларни айбдор деб топса, 5 йилдан 8 йилгача қамалиши мумкин.
Экология қўмитаси Фарғона вилоятида ҳавони ифлослантираётган бешта гипс ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини вақтинча тўхтатиб, мажбурий кўрсатмалар берганди. Қўмита корхоналар берилган муддатда кўрсатмани бажармагани учун уларни судга берди.
«Талимаржон» ИЭС БААнинг «Mubadala» ва «Taqa» компаниялари ёрдамида модернизация қилинади. «Masdar» компанияси Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах ва Навоийда қуёш ва шамол электр станцияларини қуради. Мазкур лойиҳаларга жами $3 млрд жалб этилади, бунда маҳаллий маҳсулотлар ва ишчи кучидан фойдаланилади.
Қашқадарёда аёл ўзининг эри ва унинг қариндошлари томонидан калтакланди. Вилоят ИИБ бунга аёл бошқа фуқаро билан ишқий муносабатда бўлиб юргани сабаб бўлганини айтмоқда. Аёлни боғлаб қўйиб, сочини кесиб, калтаклагани ва қамчи билан муттасил ургани учун гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистоннинг тўрт йилга мўлжалланган инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Бу вақт давомида инновацион технологиялар яратишнинг ғоядан якуний истеъмолчигача бўлган комплекс тизими яратилади. 26 та туман ва битта шаҳарда инновация бўйича ҳоким ўринбосари лавозими жорий этилади.
Айрим ОТМларда президент фармонига зид равишда талабалардан «айланма варақа»ни қоғоз шаклда тўлдириб келиш талаб этилмоқда. Адлия вазирлиги ўтказган текширувларда бу ўз тасдиғини топди. Олий таълим вазирлиги ва тегишли ОТМларга президент фармони ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича тақдимнома киритилди.
Ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов Москвада бўлиб ўтган давра суҳбатида «Толибон» ҳаракати делегацияси 25−26 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этишини маълум қилди.
Андижон вилояти Қўрғонтепа туман прокурори ёрдамчиси 1500 долларни пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланди. Гумондорнинг айби судда ўз тасдиғини топса, у 5 йилгача қамалиши мумкин.
Ўзбекистон ва Қозоғистонни боғлайдиган «Малик» ва «Оқолтин» чегара божхона пунктлари фаолияти қайта тикланди. Улар фақат куннинг ёруғ вақтлари ишлайди.
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан 40 та давлат билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Ҳужжат Нью-Йоркда Абдулазиз Камилов томонидан тақдим этилди.
АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатларни Россия ва Беларусга санкцияга тушган товарлар етказилиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг