Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари сони 29,91 миллионни ташкил этмоқда. 100 кишига 84 та абонент тўғри келмоқда. Ҳар бешинчи фойдаланувчи Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган.
Самарқанд вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғулланганликда гумонланган икки нафар шахс қўлга олинди. Улардан бири 5000, бошқаси 2800 долларни сотишга урингани айтилмоқда. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Самарқанд вилоятида машина 4 ёшли қизчани пиёдалар ўтиш жойида уриб юборди, у вафот этди. ЙҲХХ маҳаллада суҳбат уюштириб, аҳолига «огоҳликка чорловчи» буклетлар тарқатди.
Ҳафта мобайнида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво очиқ ва иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати ҳудудларга қараб, +35…+42 даражагача кўтарилади. Айрим тоғли ҳудудларда ёмғир ёғиши, шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, жума куни эса баъзи жойларда чанг-тўзонлари кузатилиши мумкин.
Ўзбекистон биринчи президентининг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган Георгий Крайнов 88 ёшида вафот этди. У сўнгги йилларда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим лавозимида ишлаб келаётганди.
Якшанба куни кечаси Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги озиқ-овқат дўконларида ёнғин содир бўлди. ФВВ ёнғин оқибатида учта дўконнинг тахминан 70 кв.м. майдонда шифт, том қисми ва озиқ-овқат маҳсулотлари зарарланганини маълум қилди.
Пойтахтнинг Юнусобод туманида номаълум шахс мушукка қарата тахминан пневматик қуролдан ўқ отгани айтилмоқда. ИИББ аҳолидан уй ёки кўча ҳайвонларига нисбатан ҳар қандай зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беришни сўрамоқда.
Бухорода ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми доирасида Бухоро шаҳри 2022 йилда — «Туркий дунёнинг ёшлар пойтахти» деб эълон қилинди.
Туркманистон 1 июндан бошлаб Ўзбекистонга транзит юк ташишга рухсат берди. Бир қатор талаблар ҳам ўрнатилди: автомобиллар автоколоннада ҳаракатланиши керак, ҳайдовчиларга тўхташ ва кабинадан чиқиш тақиқланади ва бошқалар.
Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум якунлангани ва унда 7,9 млн фуқаро (сайловчиларнинг 86,06%) қатнашганини маълум қилди. Референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, 77,18 фоиз сайловчи ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган, 18,66 фоизи эса қарши овоз берган.
Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси Қатар U23 жамоаси дарвозасига олтита гол уриб, Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Осиё кубогининг чорак финалига йўл олди.
Россия 14 июндан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг темир йўл орқали киришига қўйилган чекловларни бекор қилмоқда. Биринчи бўлиб «Тошкент-Самара» ва «Тошкент-Волгоград» йўналишларида қатновлар йўлга қўйилади.
Адлия вазирлиги «сўм» рамзи бўйича танлов ғолиби бўлган белги ва «In-Core systems» компанияси логосидаги ўхшашликларга муносабат билдирди. Таъкидланишича, «Франция компаниясининг логоси Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган ва ҳимояланмаган», пул белгилари эса «муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланмайди».
Омбудсман Фарғонанинг 10-сон тергов ҳибсхонасида ўғлини калтаклашгани ҳақида арз қилган онанинг мурожаатини ўз назоратига олди. Ҳибсхона ходимлари гумонланувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишни сўраганда маҳбусни «терпила» деб, калтаклаган ва «бу ердан ўлигинг чиқади» деб жавоб берган.
«Чилонзор» йўналишида ҳаракатланаётган поезд электр таъминоти билан боғлиқ носозлик сабаб «Олмазор» бекатида тўхтаб қолди. Тошкент метрополитени маълум қилишича, бунинг оқибатида йўналишнинг қолган бекатларида поездлар вақтинча бир томонлама ҳаракатланишига тўғри келган.
Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича комиссияга ўлим жазосини тиклаш ва парламентар республикага ўтиш таклифлари юборилди. Комиссия раиси Акмал Саидов ўлим жазоси ҳақида «давлат ўзи бермаган нарсасини олиб қўйишга ҳаққи йўқ» деди, парламентар республика эса «бизга керак бўлмаса керак» дея таъкидлади.
Американча олчали пирог, штрейзель ва олчали пирожкалар, творогли хамирдан олчали ўрамалар, олча ва ўрикли пирог, олчали кекс ва бошқалар — Zira.uz мазали олчали пишириқлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Тошкентдаги Кичик халқа йўлида Nexia-3 автомобили пиёдаларга йўл бериш учун тўхтаган автобус орқасига келиб урилди. «Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилишича, катта тезликда ҳаракатланган енгил автомобиль ҳайдовчиси шифохонада вафот этган.
Меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов Россиядан Ўзбекистонга меҳнат муҳожирларининг оммавий қайтиши кузатилмаганининг учта омилини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, хорижлик берувчилар «бизнинг ишчи кучимиз қадрига етишди».
Ўзбекистонда янги сўм рамзи ва унга фаоллар муносабати, Хоразмга борган ўзбек-тожик президентлари, деярли 63 млн сўмгача кўтарилган ҳаж тўлови, айрим АЁҚШларда бензин тўлиқ қуйилмаётгани, ишдан кетган 40 нафар фарғоналик ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 3 июндаги хабарлар дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг