Ўзгидромет шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг шимолий ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 28 м/с гача кучайишидан огоҳлантирди. Кавказ ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига дам олиш кунлари деярли барча ҳудудларда ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши, тоғли ҳудудларда сел келиши кутилмоқда.
Хориждан қайтган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига «маҳаллабай ишлаш» тизими асосида хизматлар кўрсатиш режалаштирилаяпти. Президент қарори лойиҳасига кўра, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, меҳнат инспектори ёрдамчиси ва маҳалла раиси уларнинг эҳтиёжларини аниқлаб, онлайн платформаларни тўлдиради. Шунга кўра, уларга ишсизлик нафақаси, субсидия ва стипендия берилади.
Канн халқаро кинофестивалида Ўзбекистон миллий павильони очилди. Мамлакат медиа маҳсулотларни суратга олиш учун кинокомпаниялар ва телеканалларни жалб қилишни кўзлаяпти. Келиб чиқиши Эрондан бўлган канадалик режиссёр Мустафо Кешвари Ўзбекистонда Умар Хайём ҳақида фильм суратга олишни режалаштирмоқда.
ЎзА раҳбарининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири лавозимига тайинланди. 2019 йилда давлат тилини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган департамент раҳбари лавозими ноябрдан бери вакант эди.
Президент ҳузуридаги тақдимотда геология соҳасини ривожлантириш, фойдали қазилмалар захиралари ва ерости сув ресурсларини кўпайтириш, уран, литий, алюминий, магний ва бошқа ноёб металларни қазиб олишга инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига мувофиқ, туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларининг Реинтеграцияси марказларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Марказлар мигрантларга иш топиш, ўз бизнесини бошлаш, субсудия ва имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашади.
Экстремал об-ҳаво ҳолати — Ердаги иқлим ўзгаришининг кундалик «юзидир», дейилади Жаҳон метеорология ташкилотининг янги ҳисоботида. Глобал энергия ишлаб чиқаришни зудлик билан ўзгартириш орқалигина иқлим ҳалокатининг олдини олиш мумкин. БМТ қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш режасини таклиф қилди.
Депутат Расул Кушербаев «Ўзкомназорат» га Twitter блокланишини асослантирилган ҳолда тушунтириб бериш ва тармоқдан чекловни олиб ташлаш чораларини кўриш масаласида сўров киритди. Унинг сўзларига кўра, бу каби чекловларнинг ижобий тарафидан салбий оқибатлари кўпроқ.
Ўзбекистонга олиб келинадиган футбол бўйича Жаҳон кубоги, маҳаллий бюджетлар очиқлиги талабларини бузган пойтахт ва 7 та ҳудуд ҳокимиятлари, Навоийда 1,4 млрд сўмга қиммат нархда сотиб олингани спорт анжомлари, Ўзбекистонда қуриладиган 2606 км бетон қопламали ички йўллар, логистика мамлакатда заиф нуқта эканлигини айтган Туризм ва маданий мерос вазири ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 19 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
6,5 ва 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган блогерлар Отабек Сатторий ва Фозилходжа Арифходжаев Навоий вилоятидаги колонияларда сақланмоқда. Отабек қурилиш молларига нақш босаётган бўлса, Фозилходжа уста бўлиб ишлаяпти. Бу ерда шунингдек, «Аҳмадбой» номи билан танилган Аҳмаджон Турсунбоев ўз жазосини ўтамоқда. Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан иборат ишчи гуруҳ маҳкумларни сақлаш шароитлари билан танишди.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон яқин вақт ичида тез-тез бориб туриладиган мамлакатлардан бирига айланиши, бироқ, ҳозирда «транспорт логистикасидек заиф нуқтаси» борлигини таъкидлади. У шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар доирасида ички туризмни ривожлантириш учун «Ягона туристик бренд» яратиш кераклигини айтди. Бундан ташқари, ШҲТ мамлакатлари доирасида туристик компаниялар ва сайёҳларга кешбэк тақдим этиш таклифи илгари сурилди.
Марказий банк белгилайдиган АҚШ доллари курси март ойи ўрталаридан бери илк бор 11100 сўмдан пастга тушди. Охирги икки ойда миллий валюта барқарор равишда мустаҳкамланиб бормоқда.
Пахтаобод туманида мактаб ўқитувчисининг 10-синф ўқувчисини уришига ўқувчининг педагог кўрсатмасига қўпол равишда жавоб қайтаргани сабаб бўлгани аниқланди. Ҳолат Андижон вилоят ИИБ томонидан ўрганилмоқда.
Хитойнинг Тошкентдаги элчиси Цзян Янь Хитой кредитлари мамлакатларни «қарз тузоғига» тушишига сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади. «Ғарб банклари ёки халқаро молия муассасалари қарз берса — пишлоқ, Хитой қарз ёки кредит берса — тузоқ. Одамлар баъзида фарқига бормайдилар», — деди у.
Tashkent Opera Fest 2022 доирасида шаҳарнинг турли бурчакларида концертлар ва исталган инсон қатнашиши мумкин бўлган флешмоблар ўтказилади.
Бокс бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Азиза Ёқубова ва Моҳира Абдуллаева бронза медалини қўлга киритди. Бу ўзбек бокс мактаби тарихида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларда қўлга киритилган илк медаллардир.
Андижон вилоятида 2022 йилнинг дастлабки уч ойида 10 нафар мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилган. Улардан 5 нафарининг ҳаёти қутқариб қолинган.
Украина 20 млн тоннадан ортиқ донни сотиши мумкин эди, бироқ уруш бошланганидан бери мамлакат денгиз портлари тўсиб қўйилган, дея қайд этди БМТ. Ташкилотнинг билдиришича, етказиб бериш қайта тикланмаса, Жанубий Осиё ва Африкада озиқ-овқат инқирозини енгиш қийинлашади, озиқ-овқат нархлари кўтарилишда давом этади.
Германиянинг ташкилотлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи SAP компаниясига Ўзбекистонда ўзининг минтақавий офисини очиш таклиф этилди.
ФИФАнинг махсус турнеси доирасида Ўзбекистонга футбол бўйича Жаҳон кубоги олиб келинади. 6 июнь куни ўтказиладиган тақдимот доирасида футбол юлдузлари — Кристиан Карамбё ва Карлес Пуйолнинг иштирок этиши кутиляпти.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг