Ўзбекистонда электр ёқилғи қуйиш шохобчаларида электр энергиясига янги тарифлар жорий қилинганидан кейин нархлар кўтарилди ёки ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, TokBor компанияси нархларни бир кВт/соат учун 700 сўмга оширди.
Ўзбекистонда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган кам таъминланган оилаларга ипотека кредитлари учун давлат субсидиялари бериш яна бошланди.
3 октябрь кунидан бошлаб Тошкент халқаро аэропорти ва Яккасарой ИИБ бекати оралиғида ҳаракатланувчи бепул микроавтобуслар ҳаракати йўлга қўйилади. Аввалроқ Тошкент халқаро аэропорти яқинидаги кўприк орқали автобус ва юк машиналарининг ҳаракати чекланганди.
Пайшанба кунига қадар республиканинг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳафта охирида Каспий денгиздан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига жойларда ёмғир ёғади. Ҳарорат +20 даражагача пасаяди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Green Card дастури иштирокчилари учун 10 та маслаҳат эълон қилди. Элчихона лотереяда иштирок этиш бепул эканини эслатиб, фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Октябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистонда 2−10 ёшли болаларни ичак гельминтиозидан оммавий даволашнинг навбатдаги босқичи ўтказилади. СЭС ўтган йиллардаги тадқиқотлар ўз самарасини кўрсатгани, гельминтлар билан касалланиш 3−4 мартага камайганини айтмоқда.
Сахи Аннакличев Бизнесни ривожлантириш банки бошқаруви раиси этиб тайинланди. У бунга қадар «Ўзсаноатқурилишбанк» раиси лавозимида ишлаб келаётганди.
Тиббиёт бўйича Нобель мукофоти COVID-19 га қарши вакциналар яратиш имконини берувчи mRNA синтези технологияларини ишлаб чиққан Каталин Карико ва Дрю Вайсманга берилди.
Қўшкўпир туманида 19-мактаб ўқувчилари шоли ўримига жалб қилингани аниқланди. Болаларнинг айтишича, уларни далага мактаб директори юборган. Директор ва шоли эккан фермер эса туғишган ака-укалар бўлиши мумкин. Мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳолат назоратга олинганини билдирди.
Хитойда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси медаллари сони енгил атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда кураш бўйича муваффақиятли чиқишлар эвазига 43 тага етди. Бироқ миллий терма жамоа турнир жадвалида бешинчи ўриндан олтинчи ўринга тушди.
Ўзбекистон президенти Доҳада Қатар амири билан музокаралар ўтказди. Мамлакатлар ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди. Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилди.
ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Тошкент ва Гулистон шаҳарларида фуқароларни 2000 ва 2300 доллар эвазига АҚШга юборишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди.
2020 йилдан буён Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси лавозимида ишлаб келган Феруза Маҳмудова ўз миссиясини якунламоқда. Мамлакат ташқи ишлар вазири Эли Коэн элчига юксак фаолияти учун миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Қатарда бир қатор йирик компания ва ташкилот раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, Al Mirqab Capital холдинги Ўзбекистонда логистика маркази, Nebras Power 1 ГВт қувватга эга шамол станцияси ва энергия сақлаш тизимини қуришни режалаштирмоқда.
Turkish Airlines компаниясининг бортида 265 нафар йўловчиси бўлган Тошкент-Истанбул рейси техник сабабларга кўра аввал кечиктирилиб, сўнг бекор қилинди. Йўловчиларга иссиқ овқат ва меҳмонхонага жойлашиш таклиф қилинди.
Январда Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум қилган 50 ёшли Эрон фуқаросига ўлим жазоси тайинланди. Унинг ўқ отиши оқибатида элчихона хавфсизлик хизмати раҳбари ҳалок бўлган, икки қўриқчи яраланганди.
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Оқдарё туманларида ошхона ва тўйхона эгалари 1 млрд 179,7 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Бу ҳажмдаги газ 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил этади.
Қатарнинг энг йирик миллий холдинги — Power International Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини қуришни режалаштирмоқда. Компания, шунингдек, тез орада мамлакатда ўз офисини очишини маълум қилди.
Шаҳрисабз туманидаги қишлоқлардан бирига тоғдан Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган икки бош Тянь-Шань қўнғир айиқ боласи тушгани аниқланди. Улар махсус ўқ-дорили қурол ёрдамида ухлатилиб, Ҳисор қўриқхонасига қўйиб юборилди.
Санитария эпидемиология қўмитаси Ҳиндистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни Нипаҳ вирусидан огоҳлантирди. Мазкур инфекция оқибатида мамлакатда 2 киши вафот этди, ЖССТ вирус авж олаётгани ҳақидаги маълумотини тасдиқлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг