Афғонистон Ўзбекистон ва Тожикистондан электр энергияси учун $100 млндан ортиқ қарзи борлиги очиқланди. Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги қарзни тўлашда ушбу мамлакатларга пул ўтказишдаги қийинчиликлар тўсқинлик қилаётганини қайд этди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистон томони ўтган йил давомида электр энергияси учун қарзни тўлиқ тўлаганини маълум қилди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда аномал иссиқ кунлар сони йилига меъёрдаги 15−30 кундан 25−40 кунгача кўпайди. Қурғоқчилик даври давомийлиги кўп йиллик ўртача 30−70 кундан 50−80 кунгача кўтарилди, дея хабар қилди Ўзгидромет.
КХШТ қўшинлари Қозоғистон мисолида Тожикистонга Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги вазиятни юмшатиш мақсадида киритилиши мумкин. Қирғизистонлик эксперт Артур Медетбековнинг фикрича, Тожикистон раҳбари вазият ташқи террорчилар томонидан издан чиқарилаётганини исботласа Эмомали Раҳмон режимини сақлаб қолиш учун КХШТ қўлланилиши мумкин.
Наманганлик 22 ёшли фуқаро Telegram тармоғи орқали ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишда гумонланади ва ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг телефонини текшириш учун олиб қўяди. Бундан хавфсираган айбланувчи Фарғона орқали Қирғизистонга қочиб кетишга уринганида ушланди. У воқеа қандай бўлгани ва кимдан маслаҳат олиб турганини сўзлаб берди. Суд унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Апрель ойида муомаладаги нақд пуллар ҳажми рекорд даражада — 5,3 трлн сўмга ошди. Марказий банк аввалроқ март ойининг иккинчи ярмида бошланган нақд пулга бўлган талаб кескин ошгани ҳақида хабар берган эди.
2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 2606 км узунликда цемент-бетон қопламали ички йўллар қурилади. Йўл манзиллари жамоатчилик фикри ва таклифлари асосида шакллантирилади.
Германиянинг «Айнтрахт Франкфурт» ва Шотландиянинг «Рейнджерс» жамоалари ўртасида кечган Европа лигаси финал ўйинида немис клуби ғалаба қозонди. Асосий ва қўшимча бўлимларда 1:1, пенальтилар сериясида 5:4 ҳисоби қайд этилди.
Тожикистон ИИВ намойишлар бўлиб ўтган Тоғли Бадахшонда бир киши вафот этгани, 13 нафар ҳарбий жароҳатланганини маълум қилди. Расмийлар воқеани «жиноий гуруҳнинг жамоат хавфсизлигини бузиш ва аҳолини қўрқитиш мақсадида» уюштирган провокацияси сифатида баҳолади. ОАВ эса журналистларга босим ва ҳужумлар ҳақида хабар бермоқда. Эҳтимолий ташкилотчиларга нисбатан эса жиноят иши очилди.
Тошкент шаҳри ва 7 та ҳудуд ҳокимиятлари очиқ маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид равишда маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва биринчи чоракда маблағларни йўналтириш мақсадлари тўғрисидаги ахборотларни жойлаштирмаган. Улар Антикоррупция агентлиги томонидан огоҳлантирилди.
Азиз Абдуҳакимов ШҲТга аъзо мамлакатлар туризм вазирларига ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида доимий мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Гуруҳга туризм вазирлари ўринбосарлари раҳбарлик қилади ва давлатлар ўртасида энг оммабоп туристик йўналишлар харитасини тузиб чиқади, трансчегаравий сайёҳлик алмашинуви имкониятларини ўрганади. Қолаверса, вазир қўшма туристик йўналишларни яратиш, электрон тижорат маҳсулотлари ва хизматларини жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
Навоий вилояти ХТБ спорт анжомларини ҳақиқий баҳосидан 787,8 млн сўмга, вилоятнинг собиқ туризм ва спорт бош бошқармаси мансабдорлари эса 598,9 млн сўмга қимматроқ сотиб олгани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонда жорий этилаётган газ ва электр энергия учун «ижтимоий норма», ОТМга қабул учун давлат буюртмасини камайтириш таклиф этилаётгани, ойлик маоши ошириладиган тиббиёт ходимлари, Исроилдаги Ал-Ақсо масжиди кутубхонасидан олиб келинган ўзбек алломалари қўлёзмалари нусхалари ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 18 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Наманган вилоятида Lacetti ҳамда Cobalt ўқув машинаси тўқнашди. Lacetti ҳайдовчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлди, Cobalt ҳайдовчиси эса касалхонага ётқизилди.
Жиззахда молиявий пирамида ташкилотчилари Telegram орқали маблағ жалб қилиб, унинг бир қисми аввалроқ гуруҳга қўшилганларга тўлаб келгани аниқланди. Жами 692,3 млн сўм қўлга киритилган.
Яқин кунларда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, дейилади Иқтисодий тараққиёт, Молия ва Энергетика вазирликлари қўшма баёнотида. 2021 йилни Ўзтрансгаз — 2,5 трлн сўм, Миллий электр тармоқлари — 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган, субсидиялаш сиёсати эса етарли самарани бермаяпти. Энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун эса 25 млрд доллар зарур. Шундан келиб чиқиб, энергоресурслар нархини эркинлаштириш ҳамда «ижтимоий норма» тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ал-Ақсо масжиди кутубхонасида сақланаётган Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизий муаллифлигидаги нодир қўлёзмаларнинг электрон нусхалари ҳамда Исроил давлат архиви сақловидаги Бухоро яҳудийлари уюшмасига тегишли ҳужжатлар тўплами нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди.
Ўзбекистон автомобиль бозори ҳажми апрель ойида 15,1 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда жадал ўсиш кузатилмоқда. Буни экспертлар йил бошидан автомобилларни харид қилиш ва олиб кириш учун йиғим бекор қилингани билан изоҳламоқда. Тўртинчи ойдирки, хорижий автомобилларга қизиқиш пасайиб бормоқда.
Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Франциянинг Studio KO архитектура бюроси томонидан Замонавий санъат маркази биносини реконструкция қилиш ва Тошкентнинг тарихий маҳаллаларида иккита арт-резиденция яратиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Лойиҳаларни 2023 йилгача якунлаш режалаштирилган.
Жиззахда ўзаро ёзишмалар вақтида тортишиб қолган ўқувчи қизлар шаҳардаги ўқув марказларидан бирида учрашиб, жанжаллашишди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Урганчда тергов изоляторидаги маҳбуслар Омбудсман вакилига ичишга яроқсиз сув берилаётгани юзасидан шикоят қилишди. Ҳолат тасдиқланди. Маҳкумларга кечаси электр ўчгунига қадар сув қайнатиб олиш тавсия қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг