Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ислоҳотлар буйруқ билан мувафақиятли амалга оширилиши мушкуллиги ва туб ўзгаришлар аҳоли уларни чуқур ва тўла англашига боғлиқлигини таъкидлади. «Тараққиётни таъминловчи тизимли механизмлар ичида энг муҳими — ҳокимиятнинг уч тармоғи ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизимини такомиллаштиришдан иборат», — деди у. Сенатор шунингдек, давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Маданий мерос ва ижод платформаси» ни ишга туширади. Барча амалга оширилаётган маданий дастурлар ва лойиҳалар харитага киритилади, бу эса умумий манзарани кўра олиш, эълон қилинган сиёсат ва стратегиялар доирасида мувофиқлаштирилган ҳолда ишлаш имконини беради.
Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров Самарқандда ички ишлар ходимлари туристларга нисбатан электрошокер қўллаган ҳолат юзасидан муносабат билдирди. «Ўзбекистонда жамиятнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларини қораламоқда… Биз бунга аралашмасликка ҳаракат қилаяпмиз ва фақат фуқароларимиз ҳимоясига тегишли қисмини кузатиб бораяпмиз», — деди у.
Наманган вилояти Косонсой туманида 7-синф ўқувчиси «Ваз-2106» русумли автомобилни ноқонуний бошқараётиб, йўл четида кетаётган 14 ёшли пиёдани босиб кетди. Бу охирги уч сутка ичида Ўзбекистон йўлларида ЙТҲ оқибатида содир бўлган саккизинчи ўлим ҳолатидир.
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида мамлакатдаги иккинчи энг йирик (100 МВт) қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди ва ягона тармоққа қувват узатишни бошлади. Бу билан йилига 78 млн куб метр табиий газ тежалади (мамлакат аҳоли хонадонларининг 10 кунлик истеъмоли) ва 80 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланади.
«Бугунги нархлар билан биз фаолият самарадорлигини ошириш орқали саноатнинг айрим муаммоларини ҳал қилишимиз мумкин. Аммо 25 йилдан бери мерос бўлиб қолган муаммоларни ҳал қила олмаймиз, — дея таъкидлади энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев. Унинг қўшимча қилишича, шунчаки нархларни оширишнинг ўзи етарли эмас. Ишлайдиган бозор қоидалари керак. Шу билан бирга, давлат аҳоли учун тариф сиёсатини сақлаб туриши керак.
Тошкент шаҳар ИИББ Юнусобод туманидаги уй олдида 17 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берди. У майда безориликда айбланиб, 10 суткага маъмурий қамоққа олиниб, жаримага тортилди. Жабрланувчи ички ишлар бўлими унинг аризасини биринчи мурожаатда қабул қилмаганидан шикоят қилди.
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев энди Ўзбекистон шахмат федерациясига ҳам раҳбарлик қилади. Унга қадар мазкур лавозимда Азиз Абдуҳакимов фаолият юртиган.
2020 йилдан бошлаб 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 киши турли даражада жароҳат олган. Сенаторлар ўтказилаётган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаётганини танқид қилди.
Сешанба куни Конституциявий комиссия раҳбари Акмал Саидов Асосий қонун ислоҳоти заруратини Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг «Коммунистик партия манифести»га таяниб асослантиришга ҳаракат қилди. «Ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди», — деди у.
UzAuto Motors компанияси 2021 йилда тузилган шартномаларга мувофиқ, 68 та дилерлик ташкилотлари орқали 5 мингдан ортиқ ҳолатда харидорларга машиналарни ўз вақтида етказиб бермагани аниқланди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги кечиктирилган ҳар бир кун учун истеъмолчиларга пеня тўлатиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
Time журнали 2022 йилнинг энг нуфузли инсонлари рўхатини эълон қилди. Рўйхатдан Владимир Путин, Владимир Зеленский, Жо Байден, Тим Кук, Опра Уинфри, Рафаэль Надаль каби инсонлар жой олган. Путин ҳақидаги матнни Алексей Навальний, Зеленский ҳақида эса Жо Байден ёзган.
25−27 январь кунлари бутун Ўзбекистонда кузатилган энерготизимдаги узилишлар оқибатида «Тошиссиққуввати» корхонаси аҳолига белгиланган нормада иссиқлик энергияси етказиб бермаганлиги аниқланди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Тошкент бўйича 4,5 млрд сўм, 9 та ҳудуд бўйича эса 1,222 млрд сўм маблағни истеъмолчиларга қайтаришга эришди.
Россия-Украина можароси фонида россияликлар Ўзбекистон йўналишида бир томонлама авиачипталарни кўпроқ харид қилмоқда. Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, март-апрель ойларида консалтинг, молия ва IT-компаниялар вакиллари ортга қайтиш чипталарини нисбатан камроқ сотиб олган.
Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан Ўзбекистон билан чегарада 270 метрлик туннель аниқланди. Унинг ёрдамида икки мамлакатга бемалол ўтиш мумкинлиги, туннелни қазиганликда гумон қилинаётган шахс эса руҳий касалликлар шифохонасида эканлиги айтилмоқда.
Чирчиқда икки нафар мактаб ўқувчиси 58 ёшли эркакни сабабсиз калтаклади. Тергов ҳаракатлари бошланган. ИИБ вакиллари ушбу ўқувчилар истиқомат қиладиган маҳаллада бўлиб, ота-оналар ва аҳоли билан суҳбатлашди.
Абдулазиз Камилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Фейсал бин Фархан бин Абдулла билан мулоқот қилди. Саудия томони Камиловни Ўзбекистон президентининг махсус вакили деб қайд этган ва суҳбат чоғида сўнгги минтақавий ҳамда халқаро ўзгаришлар муҳокама қилинган.
Ховос туманида Lacetti ва Nexia автомобилларининг тўқнашуви оқибатида 5 киши, жумладан, кичик ёшдаги болалар ҳалок бўлди. Бир киши жароҳатланди.
Пастдарғом туманида 3 нафар шахс 4 сотих ер майдонида 610 туп марихуанани, Пайариқ туманида эса фуқаро ўз уйида 103 туп кўкнори гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилмаганини айтган Нурмат Отабеков, республикада жорий қилинадиган спортчиларни тайёрлашнинг янги тизими, қорнида салфетка қолиб кетган 26 ёшли андижонлик аёл, Олтинкўл туманига ҳоким бўлган ҳоким ёрдамчиси, реконструкция қилинадиган Қарши аэропорти ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 23 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг