Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Мамлакатда 9349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд. Номзодлар 26,9 минг кишини ташкил этади (ҳар бир ўринга деярли 3 номзод). Биринчи кунда 834 нафар раис сайланган бўлиб, уларнинг 52 фоизи ушбу лавозимга қайта сайланган.
ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани парламентнинг икки палатаси кенгашлари муҳокамасига киритиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов таклифларда халқнинг орзу-истаклари мужассам эканлигини таъкидлади. «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров эса барча фуқароларни таклиф билдиришга чақирди. Депутатлар президент аввалроқ билдириб ўтган таклифларни такрорламоқда.
Ижтимоий тармоқларда Nest One биносининг ўнлаб қурувчилари йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Murad Buildings компанияси «Газета.uz» га намойишларга маошдаги кечикишлар сабаб бўлганини тасдиқлади. Компания раҳбари Мурод Назаров эса айни вақтда «ҳаммаёқ тинчлиги, ишчилар ўз ўрнида ишлаётганини ва бунга бинонинг охирги қаватида ош тайёрлагани» сабаб бўлганини маълум қилди. Пойтахт ИИББ текширув ўтказмоқда.
Антимонополия қўмитаси Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 178 та лаборатория Intermed Innovation компаниясига ўтказилишига оид маълумотларни тақдим этмаганлиги учун ССВга нисбатан маъмурий иш қўзғатди. «Агар шу ҳафта берилмаса тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик бўйича чоралар кўрилади», — деди қўмита вакили.
Тошкент шаҳрида йил бошидан бери 7777 та жиноят фош этилиб, 537 нафар қидирувдаги шахс ушланди. Пойтахт ИИББ маълумотига кўра, 2435 та жиноят ички ишлар ходимлари ташаббуси билан аниқланган, шундан 769 таси наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ. Бунинг натижасида 217,3 кг гиёҳвандлик ва 24,3 кг психотроп воситалар айланмасининг олди олинган.
Совет иттифоқининг икки карра қаҳрамони, учувчи-космонавт Владимир Жонибековнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан Ўзбекистон президенти уни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
«Ўзбеккосмос» агентлиги Буюк Британиянинг сунъий йўлдошли алоқа хизматларини кўрсатувчи OneWeb компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Томонлар чекка ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш устида иш олиб бориш ниятида.
Ўзгидромет 18−23 май кунлари кутилаётган кучли ёғингарчиликлар туфайли Ўзбекистоннинг 9 вилоятида сел келиш хавфи мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди. Аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришлари сўралмоқда.
Тошкент метросида эшиклари ёпилаётган вагон томон югуриб кетаётган фуқаро сирпаниб, поезд тагига тушиб кетди. Унга метрополитен ходимлари ва йўловчилар дарҳол ёрдам беришди, у жароҳат олмади.
Халқаро экспертлар Ўзбекистонда Халқаро тиббий-санитария қоидаларининг ижроси юзасидан ташқи баҳолашни бошлади. Баҳолаш натижаларига асосланган тавсиялар мамлакатнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Ўзгидромет раҳбари Шерзод Хабибуллаев Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечаётганини таъкидлади. Бу музликлар эриши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлмоқда.
Франциянинг янги бош вазири лавозимига Элизабет Борн тайинланди. У Франция ҳукуматига раҳбарлик қилган иккинчи аёл сифатида тарихга кирди.
Президент қарорига кўра, Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг қон плазмаси банки ташкил этилади. Қрим-Конго геморрагик иситмаси — трансмиссив ва гемоконтакт орқали юқувчи ўта хавфли касаллик ҳисобланади.
Президент қарори билан ҳар йили 1 млн нафаргача фуқаро вирусли гепатит Б ва C турларига скрининг текширувларидан ўтказилади. Шунингдек, гепатит C билан касалланган 10,5 минг нафар бемор даволанади. Қолаверса, нодавлат тиббиёт ташкилотларига қон билан ишлайдиган ходимларини гепатит Б инфекциясига қарши эмлаш мажбурий этиб белгиланмоқда.
АҚШ элчиси Дэниел Розенблюмнинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2016 йилдан буён диний эркинликни таъминлаш борасида катта ютуқларга эришди, бироқ сўнгги пайтларда «эски даврларни акс эттирувчи» ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. «Орқага кетмайлик, олдинга кетайлик, янада бағрикенгроқ жамият сари ҳаракат қилайлик», — деди элчи.
Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларидаги «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларидан иборат терма жамоа Санкт-Петербург шаҳрида болалар уйлари жамоалари ўртасида ўтказилган мини-футбол бўйича XVII халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллади.
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида намойишчилар вилоят раҳбари ва Хоруғ ҳокимининг истеъфосини талаб қилишди. Прокуратура митингни мамлакат хавфсизлигига путур етказиш мақсадида ўтказилган «ноқонуний ҳаракат» деб атади.
Конституцияга ўзгартириш киритишни таклиф қилган партиялар, динни терроризм ва экстремизм билан боғлаш хатолигини айтган Содиқ Сафоев, Ўзбекистонга учиб ўтиши мумкин бўлган чигирткалар, Сурхондарёда калтакланган ўқувчи ортидан 5 кишининг ишдан кетгани, янги йил куни «ўт ўчиргич»ни портлатганларга ўқилган суд ҳукми, Сурхондарё ҳокимига ўринбосар бўлган ДХХ ходими ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 16 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Марказий банк имтиёзли кредитлаш амалиётининг макроиқтисодий самарадорлиги пастлиги ва ушбу амалиёт самарали пул-кредит сиёсати учун жиддий муаммолардан бири эканлигини қайд этди. 2019 йилдан бошлаб уларни бозор фоизларига яқинлаштириш учун ставкалар кўтарила бошлади, бироқ, МБ асосий ставкаси ўсиши билан ўртадаги фарқ яна ошди.
Антимонополия қўмитаси 3 ой ичида 10 та ҳолатда инсофсиз рақобатга йўл қўйилганини аниқлади, қолаверса, тил бириктириш ва картель келишувлар бўйича жами 4 та ҳолат ўрганиб чиқилди. Натижада монопол корхоналар тартибга солинадиган нархларни нотўғри қўллаши ортидан олган 3,6 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромади истеъмолчиларга қайтарилди. Давлат харидлари доирасида эса 985 та рақобатга зид ҳолат аниқланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг