Россия ОАВлари маълумотларига кўра, охирги бир ярим ойда Ўзбекистонга 5 мингдан ортиқ россияликлар ташриф буюрган. Натижада февраль ойининг охиридан март ойининг ўрталарига қадар Тошкентда квартира ижарасининг ўртача нархи 15 фоизга ошган. Республикада сўнгги уч ойда ижара ҳақи 0,9 фоизга, яъни 2021 йилнинг мос даврига нисбатан икки бараварга қимматлашган.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида яшовчи фуқаро ўзига тегишли ер майдонида 6 туп кўкнори етиштираётганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари 35,3 млн аҳоли истиқомат қиладиган 6,9 млн хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказди. Натижада хонадонларнинг 47 фоизида қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 36 фоизида ўзига тўқ, 11 фоизида кам даромадли ва 6 фоизида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшаши маълум бўлди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 18,65 сўмга арзонлаб, 11 259,37 сўмни ташкил этди. Евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Шавкат Мирзиёев маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолияти ва аҳоли бандлигини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликларни танқид қилди. Президент Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, унинг биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантирди. Олтинкўл тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимлари, қолаверса, республикадан 11 нафар вакил лавозимидан озод қилинди.
Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Алишер Қодиров вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Тошкентдаги 158-мактаб психологи 3 — 5-синф қизларига нисбатан номақбул хатти-ҳаракатларни қилганликда гумонланмоқда. У руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, қизларни икки нафар катта ёшли эркак гинеколог тиббий текширувдан ўтказгани улар руҳиятига янада кўпроқ салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан Бош прокуратура, ХТВ ва Тошкент ИИББ баёнот берди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги пойтахт марказида 0,26 гектар майдонда жойлашган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тегишли бинони сотувга қўйди. Лотнинг бошланғич нархи — 66,52 млрд сўм этиб белгиланди.
«Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластери ҳудудида Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Марказга тиббий, клиник ва лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун билан таъминлаш Корея Эксимбанки жамғармаси кредитлари йўналтирилади.
МИБ томонидан 13 ёшли болакайга «вояга етмаган болалар учун алимент тўламаганлиги учун» тақиқ қўйилгани аниқланди. У ўз онаси билан Россияга чиқиб кетаётганида авиарейсдан тўхтатиб қолинган. МИБ ушбу ҳолат «техник хатолик сабабли» юз бергани ва давлат ижрочисига интизомий жазо қўлланганини маълум қилди. Қолаверса, моддий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилиш сўралди.
16 ёшдан ошган 122 минг нафардан ортиқ ёки 31 фоиз мактаб битирувчиси ҳалигача паспорт олмаган. Халқ таълим вазирлиги битирувчилар паспортсиз (ID-карта) интернет орқали олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топшира олмаслигини эслатди.
Миллий гвардия ходимларига маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузганлар, вояга етмаганларни тунги вақтда кўнгил очиш (дам олиш) жойларида бўлишига йўл қўйганлар, жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичганлар ва бошқаларни жаримага тортиш ваколати берилмоқда.
Президент қарорига асосан кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ИИВга бириктирилди ва «Нурли маскан» мактаблари деб қайта номланди. Йил якунига қадар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгилари ўрнатилади. Қолаверса, мактаблар учун Брайль ёзувидаги дарсликлар чоп этилади, ўзбек нутқи синтезаторига эга махсус компьютер дастурлари яратилади.
Қашқадарё вилоятида янги ташкил этилган Кўкдала туманига Чироқчи тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Хуррам Жўраев тайинланди. Чироқчи туманига эса Нодир Эркаев ҳокимлик қилади.
Самарқандда фуқарони Қозоғистондаги университетлардан бирида 3 йил ўқиганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар билан СамДУга киритиб қўйишга ваъда қилган шахс ушланди. У 2 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Яшнобод туманида икки фуқаро тадбиркорга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали банкдан 2 млн доллар имтиёзли кредит олиб беришга ваъда қилиб, бунинг эвазига 100 минг доллар устама пули сўраганликда гумон қилинмоқда. Улар 55 минг долларни олган вақтида ушланди.
Суднинг сиёсатшунос Камолиддин Раббимовни 15 суткага ҳибсга олиш тўғрисидаги қарори апелляциядан сўнг жаримага ўзгартирилди. У рейд давомида ИИО ходимлари ишига аралашиб, хатога йўл қўйганини айтиб, ишни сиёсийлаштирмасликни сўради.
Машҳур Savii.uz дорихоналар тармоғи ўз филиалларида сотилаётган маҳсулотларни бутун Ўзбекистон бўйлаб харид қилиш қулай бўлиши учун янги сайтни ишга туширди ҳамда акциялар эълон қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Термиз атрофида Ўзбекистон Қуролли кучлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисидаги хабарларни расман рад этди.
Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинди. ИИВ у хизмат вазифасини бажараётган ИИО ходимларининг «фаолиятига асоссиз аралашган"лигини таъкидламоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг