Пойтахт ҳокими ЙПХ ходимларидан бир ҳафта давомида тажриба тариқасида ҳайдовчиларга хушмуомала бўлишни, фуқаролардан эса ходимларни суратга олиб, ҳақорат қилмасликни «ўтиниб сўради». «ЙПХ ходимининг ҳақоратланиши ёки камситилиши унинг бутун оиласига қаттиқ таъсир қилади. Бундай беодоблик Тошкентда умуман бўлмаслиги керак», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Тошкентда компьютер клубидаги жанжал оқибатида 16 ёшли ўқувчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонага олиб кетилаётганда вафот этди. Ҳолат бўйича жиноий иш очилган.
Қозоғистонда президентнинг яқин қариндошларини сиёсий лавозимларга тайинлашни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, давлат раҳбари президентлик даврида сиёсий партияларга аъзо бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ЙПХ ходимлари учун «Энг яхши йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими» танловини ўтказишни таклиф қилди. Бунда ходимлар фаолияти ҳайдовчиларнинг овоз бериши йўли билан баҳоланади. Энг яхши 3 нафар ходим Lacetti, Nexia ва Spark машинаси билан тақдирланади.
Россияда Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилган «Саян юриши» мусобақасида Ўзбекистон ҳарбийлари рус ва хитой вакилларидан кейинги учинчи ўринни эгаллади.
Эндиликда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган диний мазмундаги материаллар ижобий хулоса олингандан кейин голограмма билан тамғаланади. Шунингдек, сайт ва фуқаролар томонидан хорижда тайёрланган диний материалларни ижобий хулоса олмасдан тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 21,40 сўмга пасайиб, 11 278,02 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Жанубий Африка Республикасида узоқ давом этган ёғингарчиликлар кучли сув тошқинига сабаб бўлди. 443 киши ҳалок бўлди, 40 минг киши бошпанасидан айрилди.
Жиззахда Nexia-2 ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги Nexia-3 билан тўқнашди. Бунинг оқибатида машина ёниб, бир киши ҳалок бўлди, яна уч киши жароҳатланди. Сурхондарёдаги аварияда эса ҳайдовчи ва икки йўловчи машина салонида ёниб кетди.
Айдар-Арнасой кўллар тизимида тақиқланган ов қуроли — «Леска»дан тўқилган тўрлар ёрдамида 150 бошдан зиёд балиқ тутган эркак ушланди. Табиатга 31,2 млн сўмлик зарар етказилгани маълум қилинди.
Январь-март ойларида Ўзбекистонга 1,47 млрд долларлик пул маблағлари жўнатилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга кўпроқдир. Шунингдек, аҳоли ўртасида хорижий валютага талаб 69% га ошган.
Тошкентнинг Олмазор туманидаги 9,6 гектар майдонда жойлашган Агрегат заводи ер участкасини Build Power компанияси сотиб олди. Бу ерда кўп қаватли арзон уйлар қуриш режалаштирилган. Битим қиймати — 208,7 млрд сўм.
Тошкентда бўлиб ўтган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон гимнастикачилари 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Шулардан 3 та олтин ва 1 та бронзани терма жамоа ҳисобига Тахмина Икромова олиб келди.
Навоийда фуқаро ўзига давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида футбол майдончаси қуриш учун ажратилган 9,9 сотих ер майдонини 50 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари апрель ойи бошида 35,15 млрд долларгача қисқарди. Бу пасайиш асосан валюта захираларининг камайиши билан боғлиқ. Олтин захираларининг жисмоний ҳажми ўзгармаган, аммо қиймати озроқ ошган.
Ўзгидромет ҳафтанинг биринчи ярмида республика бўйича ёмғир ёғиши кутилаётганини маълум қилди. Чоршанба кунигача баъзи ҳудудларда шамол 17−22 м/с гача кучаяди, натижада айрим жойларда чанг тўзон кузатилади. Ҳаво харорати эса +20…+28 даража атрофида бўлади.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслар ўтган йилга нисбатан ўртача 15,2 фоизга, йил бошидан бери эса 13,9 фоизга қимматлашган.
«Ўзбекистон темир йўллари» Афғонистон темир йўллари бошқармаси (ARA) «Ҳайратон — Мозори-Шариф» йўналишини 2011 йилдан буён бошқариб келаётган ўзбек компанияси фаолиятидан «бутунлай қониқиш ҳосил қилгани»ни билдирди. Бир вақтнинг ўзида афғон матбуоти ARA назоратни босқичма-босқич ўз қўлига олиш ниятида экани ҳақида ёзмоқда.
Ғузор туманининг «Совбоғ» маҳалласида ёшлар етакчиси бўлиб ишлаган 37 ёшли эркак ўзини осиб қўйди. Бунга унинг руҳиятидаги ўзгаришлар, шу жумладан қарзи кўпайиб кетгани ва кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Жиззах шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб Азиз Эргашев тайинланди. У «Ўзнефтгазинспекция» Жиззах вилоят бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг