Жиззах шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб Азиз Эргашев тайинланди. У «Ўзнефтгазинспекция» Жиззах вилоят бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасига тадбиркорлик субъектларининг имтиёзли кредитларини қоплаш учун бюджетдан қўшимча маблағлар ажратилади. Ҳудудлардаги кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар ажратилади. Шавкат Мирзиёев: «Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм — бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули», — дея таъкидлади. Шу билан бирга, у банклар энг катта порахўрлик билан шуғулланаётганини қайд этди.
ДХХ қарийб 1 кг «опий» моддасини Бухорога олиб келиб, 2,5 минг долларга сотмоқчи бўлган афғонистонлик наркокурьерни ушлади. Андижонда эса қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан олиб келинган 5,3 кг «гашиш» мусодара қилинди.
Тошкентда кучукчани болалар кўз ўнгида калтаклаган шахс қидирилмоқда. Хабар қилинишича, у кулранг «Кобальт»да кетган.
Президент «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, давлат органларининг ахборот ресурслари ва тизимлари мажбурий тартибда киберхавфсизлик экспертизасидан ўтказилади. ДХХ киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди.
Бўстонлиқ туманида тўрт нафар тадбиркор ва Мирзо Улуғбек туман ҳокими ёрдамчиси 40 гектар ерни 3 млн долларга сотишга уринганликда гумон қилинмоқда. Улар 180 минг долларни аванс тариқасида олганида ушланган. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Москва Лондон санкцияларига жавобан Буюк Британиянинг 13 нафар амалдорларини, шу жумладан, бош вазир Борис Жонсон, адлия вазири Доминик Рааб, ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс, мудофаа вазири Бен Уоллес ва хаттоки собиқ бош вазир Тереза Мэйни ҳам Россияга киришини таъқиқлади.
AIBA собиқ раҳбари ва тадбиркор Ғофур Раҳимов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти лавозимига сайланди.
Президент қарори билан Ўзбекистонга двигатель сиғими 3 литрдан ортиқ бўлган ҳамда гибрид автомобилларни олиб кириш арзонлашади.
1 сентябргача Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ихтисослаштирилган 19 та мактаб-интернат ва 141 та мактаб ташкил этилади. Болалар 2022/2023 ўқув йилида мактабларнинг аниқ фанлар йўналишига 5−11-синфларга, табиий фанлар йўналиши бўйича 7−11-синфларга қабул қилинади. Қолаверса, мактабларда сунъий интеллект, робототехника, нанотехнология, IELTS ва TOEFL бўйича қўшимча курслар ўтилади.
Қирғизистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги суюлтирилган газ ортилган юк машинаси Қамчиқ довонида қатнов қисмини ажратиб турувчи тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетди. Бунинг оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида вафот этди.
Ўзбекистонда мактабгача таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган Learning Passport «Болалик Академияси» рақамли платформаси ишга туширилди. Платформа 3−6 ёшли болаларнинг тарбиячилари ва ота-оналари ўз билим ва кўникмаларини оширишига имкон яратади. Унинг доирасида 20 мингга яқин педагогни қамраб олиш, 1,5 млнга яқин болаларнинг ўқиш ва ривожланиш натижаларини яхшилаш режалаштирилмоқда.
Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимига Дилшод Кенжаев, ўринбосари лавозимига эса Алишер Уббиев тайинланди.
Тошкент шаҳар мажбурий даволаш наркология шифохонаси ҳодимларини ер ағдариш ишларига мажбурий жалб қилгани учун шифохона хўжалик ишлари мудири жаримага тортилди.
ДХХ Тошкент шаҳрида молиявий пирамида ташкил қилганликда гумонланган «Realnaya investitsiya» жамияти раҳбарини ҳибсга олди. У фуқаролардан 15 мингдан 200 минг долларгача бўлган пулларни олиб, ҳар ойда камида 10% дан фойда беришига ишонтирган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда 100 га яқин фуқародан 2,5−3 млн доллар қарзи бор. Унга нисбатан 7 та модда билан жиноят иши қўзғатилди. Жабр кўрганлардан эса Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиш сўралмоқда.
Президент давлат органларига жорий йил якунигача ортиқча харажат қилишни тақиқлади. 2022 йилда ҚҚС бўйича даромадларни ошириб бажарилган қисмидан ҳудудий бюджетларга йўналтириладиган маблағларнинг 40 фоизи, ҳудудларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушган маблағларнинг 15 фоизи республика бюджетига қайтарилади. Қолаверса, давлат ташкилотларига автомобиль харид қилиш, бино ва иншоотларни таъмирлаш ҳам тақиқланмоқда.
«Арабята» пастаси, вегетарианча, фета пишлоғи ва черри помидорли, тунец балиғидан тайёрланган, қаймоқ ва қўзиқоринли қайлада пиширилган паста — Zira.uz паста рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Май ойида Қирғизистонга ташриф буюрадиган президент, Сурхондарёда ноқонуний кесиб ташланган 43 туп дарахт, нотўғри реставрация сабабли тарихий қийматини йўқотган Ситораи Моҳи Хосса саройи, Навоийда депутатлик қилаётган ҳоким ўринбосари, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарадош ҳудудида савдо-логистика маркази қурилиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 15 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистонда банклар ўз мижозларига пул маблағларининг исталмаган тарзда блокланмаслиги учун хорижий ҳамкорлари билан халқаро ҳисоб-китобларни санкциялар остида қолган Россия банкларидан бошқа банкларга ўтказишни тавсия қилмоқда.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қишлоқ аёлларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни ишга жойлаштириш ёки ўз бизнесини очишда қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширди. Дастур қарийб 1000 кишини қамраб олади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг