Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистонга 60 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобига мамлакатда солиқларни ҳисоблаш ва тўлашни автоматлаштириш даражасини 90 фоизга, ҚҚС ундиришни 75 фоизга етказиш, солиқ ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш вақтини икки баробарга қисқартириш мақсад қилинган.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған 29−30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» ташкил этилди.
Март ойи охиригача республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат сешанба куни баъзи ҳудудларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат жанубда +25 даражагача кўтарилади.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими катта мутахассиси фуқарога уй олиш учун субсидия ажратиб бериш эвазига 1200 доллар пора олганликда гумон қилинмоқда. Тезкор тадбир давомида унинг ёнидан «марихуанна» ва уни истеъмол қилиш учун мўлжалланган мослама ҳам топилгани айтилмоқда.
Uzbekistan Airways Наманган — Олмаота — Наманган йўналиши бўйича янги авиақатновларни йўлга қўймоқда. Парвозлар ҳафтада икки марта амалга оширилади.
Музработ туманида корхона раҳбари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш учун ажратилган 220 минг доллар кредит маблағини ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Унинг асл баҳоси 737,8 млн сўм бўлган бино нархини сунъий равишда ошириб, уни 2,5 млрд сўмга гаров таъминоти сифатида қўйгани ҳам аниқланди.
АҚШда «Оскар» мукофотининг 94-маросимида Уилл Смитт энг яхши актёр, Жессика Честейн эса йилнинг энг яхши актрисаси деб эълон қилинди. Энг яхши бадиий фильм номинациясида CODA эътироф этилди. «Дюна» фильми 6 та «Оскар» соҳиби бўлди.
Душанба куни Ўзбекистон COVAX дастури доирасида коронавирусга қарши яна 2,1 млн дозадан ортиқ Moderna вакцинасини қабул қилиб олди.
Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз якунига етди, унинг доирасида 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, қиймати 3,5 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга ҳам эришилган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг тўртта банкига 210 млн доллар кредит ажратади. Ушбу маблағлар маҳаллий корхоналарга товар захираларини яхшироқ бошқариш ва узоқроқ муддатларда савдони режалаштириш мақсадида ажратилади.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидованинг Ўзбекистонда савдони либераллаштиришдаги рисклар ҳақидаги сўзларига иқтисодчилар ўз муносабатини билдирди. «Мақолани 3 маротаба ўқисам ҳам иқтисодиётимизга либерализациянинг қандай рисклари мавжуд эканлигини тушунмадим», — деди Ботир Қобилов.
Самарқанд вилояти Нуробод туманида МЧЖ раҳбари жамият тасарруфидаги 10 гектар лалми ер майдонини 250 минг долларга сотмоқчи бўлиб, пулнинг 100 минг долларини олаяётган вақтда ушланди.
Давлат божхона қўмитаси раисига иккита ўринбосар, бешта ҳудудий божхона бошқармаси ҳамда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексига раҳбарлар тайинланди. Шунингдек, олтита ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқларига ўринбосарлар тайинланди.
Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари тадбиркордан жарима миқдорини камайтириб бериш учун 14,5 минг доллар пора олганликда айбланиб ҳибсга олинди. Шунингдек, Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ҳам пора олаётганида ушланган.
Uzbekistan Airports раиси Раъно Жўраева янги ташкил этилаётган Silk Avia минтақавий авиакомпанияси бўйича айрим тафсилотларни очиқлади. Унинг сўзларига кўра, компания 40 га яқин йўналишда ички рейсларни йўлга қўяди. Биринчи босқичда 70 ўринли учта минтақавий самолёт келиши кутилмоқда.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи давомида Ўзбекистоннинг савдони либераллаштиришдаги ютуқларига тўхталиб ўтди. Шунга қарамасдан, у иш ўринларини яратиш, ташқи савдодаги дефицит, логистика ва интеграция билан боғлиқ тўртта хавфни айтиб ўтди. «Агар биз етарли даражада оддий бўлмаган мазкур тўртта муаммони ҳал қила олсак, ташқи савдо фаолиятини либераллаштиришнинг кейинги босқичи ҳақида гапиришимиз мумкин», — деди у.
Давлат солиқ қўмитаси февраль ойида харид чекини рўйхатдан ўтказган 183 мингдан ортиқ истеъмолчига 18,4 млрд сўм кешбэк тўлаб берилганини маълум қилди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Aбдурасул Туйғунов ва Aбдумалик Aбдураҳмонов AҚШнинг Миссисипи штатида бўлиб ўтган «Энг илғор жангчи-2022» мусобақасида ғолиб бўлди. Улар AҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан фитнес тест, 15 кг юк билан 20 кмга марш югуриш, артиллерия оловини бошқариш, ўқотар қуролларни ёйиш ва йиғиш, ўқ отиш ҳамда кутилмаган машқлар доирасида ўзаро куч синашди.
Ҳукумат қарорига кўра, қимматбаҳо металларни қазиб олиш учун рухсатномалар Давлат геология қўмитаси томонидан фақат Ўзбекистон резидентларига 3 йилга берилади. Бунда 5 гектаргача бўлган ер қаъри участкаси ҳар гектарига бошланғич 9,4 млн сўм нархида аукционга қўйилади. Рухсатнома олганлар иш бошлашдан олдин ҳокимият, Экология, ҳамда Саноат хавфсизлиги қўмиталарини хабардор қилиши лозим.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг