Яшнобод туманида йўл қурилиш ишлари сабабли КҲАЙнинг Махтумқули кўчаси билан кесишмасидаги ёндош қисми 5 декабргача ёпилади.
Uzbekistan Airways’нинг HY101 «Тошкент — Нью-Йорк» рейси иккинчи марта манзилга ета олмади. Эрталаб самолёт йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли Тошкентга қайтганди. Кейинроқ у йўловчидаги эрта тўлғоқ туфайли Канадага қўнди.
Спорт мусобақаси қатнашчи ва ташкилотчиларининг пора олиши, уларни моддият эвазига оғдириб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу катта миқдордаги жарима, 3 йилгача айрим ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, 3 йилгача (оғирлаштирувчи ҳолатларда — 8 йил) озодликдан чеклаш ё маҳрум қилиш билан жазоланади.
Японияда яратилган дунёдаги биринчи ёғоч сунъий йўлдош — LignoSat коинотга учирилди. У Ердан тахминан 400 км баландликда орбитага чиқарилади. «Ўзимиз ишлаб чиқара оладиган ёғочлар ёрдамида уйлар қуриш, космосда абадий яшаш ва ишлаш қобилиятига эга бўламиз», — дейди унинг яратувчилари.
Черногорияда бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунланди, унда Ўзбекистон терма жамоаси 13 медални қўлга киритди. Эркаклар жамоаси умумжамоа ҳисобида 9 та соврин билан биринчи ўринни эгаллади, қизлар 4 та медаль олди.
Президент йиғилишида Ўзбекистон энергетика тармоғи корхоналарининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги муҳокама қилинди. Давлат раҳбари аҳолини газ ва электр энергияси билан ўтган йилларга нисбатан барқарорроқ таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Президентга ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилди. Болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади, муассаса сўнгги чора бўлади. Давлат раҳбари болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари ҳокимлик захирасидаги 20 га ерни аукционга чиқариб, эгалик ҳуқуқини расмийлаштиришда ёрдам беришини айтгани ва бу учун 1 миллион доллар пора олгани аниқланди. У қамоққа олинди, жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон президенти амалий ташриф билан Қирғизистон пойтахти Бишкекка етиб борди. У эртага Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этади.
АҚШнинг «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» (Green Card) дастурида қатнашиш учун анкета тўлдириш 7 ноябргача давом этади. Аввалроқ тўлдириш муддати 5 ноябрда якунланиши хабар қилинганди.
Покистоннинг Лаҳор шаҳрида ҳавонинг хавфли сифати туфайли бошланғич мактаблар бир ҳафтага ёпилди. Дам олиш кунларида ифлосланиш рекорд даражага етди. Покистон бунда «Ҳиндистон шамоллари»ни ҳам айбламоқда. Ҳудудда ходимларнинг ярми уйдан ишлаш тартибига ўтди. Қатор чекловлар жорий этилди.
Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида кўп қаватли турар-жой мажмуаси қурилиши ишлар сифатсиз бажарилгани учун тўхтатилди. Бинонинг айрим қисмларида ғишт мустаҳкам терилмагани аниқланган.
«Яллама» чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси мамлакатга тақиқланган товар олиб кирган одамдан ёрдам эвазига $1300 олгани маълум бўлди. Ходим фирибгарлик, пора беришда иштирок этишда айбланиб қамоққа олинди. ДХХ вилоятда яна бошқа пора олган МИБ, солиқ органи ходимларини қўлга олди.
Туркия Қирғизистоннинг 58,8 млн долларлик ташқи қарзидан «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш эвазига кечиб юборди. Аввалроқ Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров молия ташкилотлари ва давлатларга давлат қарзини «яшил» ташаббусларга айирбошлашни бир неча бор таклиф қилганди.
2025 йил февралидан Ўзбекистондаги барча автотураргоҳларда электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш бошланади. Шунингдек, кўп қаватли уйлар яқинида, жумладан, уларга энг яқин автотураргоҳлар яқинида максимал қуввати 22 кВт бўлган станцияларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Зулфия номидаги давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Сирдарё вилоятидаги «Малик» чегара ўтказиш пунктида 6,7 кг миқдордаги қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уриниш фош қилинди.
Наманган шаҳрида икки нафар 9-синф ўқувчиси Gentra машинасида ЙТҲга учради. Улар машинани 150 минг сўмга вақтинча ижарага олган. Бир ойча аввал худди шу шаҳарда ижарадаги автомобилда аварияга учраган 3 нафар бола вафот этганди.
Қамчиқ довонида олд ғилдираги чиқиб кетиши оқибатида юк машинаси ёниб кетди. Ҳодиса сабаб довон йўли вақтинча ёпилди.
Суд 51 ёшли ўзбекистонликни Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этгани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. У адвокат Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашни таклиф қилганини айтди. Эркак дрон томонидан ташланган снаряднинг портлаши оқибатида яраланган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг