Президент 5−6 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади. Давлат раҳбари у ерда Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади. Унда Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси қабул қилиниши кўзда тутилган.
Май ойида коррупцияда айбланиб қўлга олинган Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳокими собиқ ўринбосари 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари ва икки нафар ҳоким ёрдамчиси маҳаллаларда қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Тошкентдан Нью-Йоркка соат 06:47 да учиб кетган самолёт йўловчи ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли учиб кетиш аэропортига қайтди. Йўловчи тиббий муассасага жўнатилди. Рейс Тошкентдан 09:30 да қайта учиб кетди.
H3C ва UNICON.UZ дата марказларида булутли технологиялар учун ечимлар жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳани олиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг 4 та ҳудудида жиноят ишидаги айбланувчиларга мансабдор танишлари орқали қамоқдан озод қилиш, енгилроқ жазо тайинлашда ёрдам беришини айтиб пора олган адвокатлар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Наманган шаҳридаги кўмир омбори масъул шахслари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 4,1 млрд сўмлик 13,3 минг тонна кўмирни бошқа шахсларга сотиб юборгани аниқланди.
Нью-Йорк ҳукумати одамларга кўчани белгиланмаган жойдан — «пешеход» ташқарисидан ёки светофорнинг қизил чироғида кесиб ўтишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди. Илгари бу 250 долларгача жаримани назарда тутган ва, қонун ташаббускорига кўра, асосан қора танлилар ва лотин америкасиликларга қўлланган.
Хитойнинг Sino-Wind Energy компанияси Ўзбекистонда шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 50 млн долларга баҳоланмоқда.
Президент электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. У 2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади. Ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни камайтириш, деди давлат раҳбари.
2025 йилда Ўзбекистон давлат қарзи 39,7 миллиарддан 45 миллиард долларга (+13,3 фоиз), унга хизмат кўрсатиш қиймати эса 48,1 триллион сўм ёки 3,5 миллиард долларга (+42,8 фоиз) ўсиши прогноз қилинмоқда.
Ўзбекистон ва CNNC компанияси Ўзбекистонда Хитойнинг кичик модулли ядровий реакторларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганади. Икки давлат делегациялари уран рудасини қазиб олиш қувватларини кенгайтириш, уни қайта ишлаш ва кейинчалик ёқилғидан АЭСларда фойдаланиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Президентга тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Рақамли маркировкалаш ва фискал белгиларни акс эттириш қоидаларини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун жавобгарликни, шунингдек, ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмай ишлаш учун жаримани бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Марказий банк раиси UPay`га чеклов киритилишидан олдин компания 3 марта огоҳлантирилганини таъкидлади. Аввалроқ регулятор тўлов ташкилоти фаолиятини 6 ой муддатга чеклаган, корхонанинг она компанияси ҳисобланган Humans эса чекловлар сабабидан ОАВ орқали хабардор бўлганини қайд этганди.
Буюк Британия Консерватив партиясининг янги раҳбари этиб Кеми Баденок сайланди. У Британия сиёсий партиясини бошқарувчи биринчи қора танли аёл бўлди.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Гватемала ва Лаос мамлакатдари Халқаро Олимпия қўмитаси ва IBA ўртасидаги можароли муносабатлар фонида ташкил этилган World Boxing халқаро ташкилоти аъзоси бўлди. World Boxing раҳбари Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ташкилотга қўшилиши катта ўзгариш бўлганини айтди.
Маҳаллий банклар ёздаёқ АҚШ санкцияларига учраган Ўзбекистон компаниялари билан операцияларни тўхтатди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. Унинг сўзларига кўра, нисбатан кучли назорат мамлакатга санкциялар хавфини камайтириш имконини бермоқда.
Ўзгидромет Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келишини маълум қилди. Ҳаво ҳарорати баъзи жойларда -3 даражагача пасаяди. Айрим жойларда кучли ёмғир ёғади, тоғларда қорга айланади. Ҳудудларни сув босиши мумкин.
Ўқ-дори етказиш ва Россия-Украина урушига қўшин юбориш эвазига Шимолий Корея Россиядан йилига 600−700 тонна гуруч ва космик технологиялардан фойдаланиш имкониятини олади, деб ёзди Korea Herald газетаси. Шунингдек, Корея яриморолидаги эҳтимолий урушда Москва Пхеньянга ёрдам бериши мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда долларнинг сўмга нисбатан ўртача йиллик курси 13 250 сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу 2024 йил кутилаётганидан 4,8 фоизга кўп. Миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши бюджет харажатлари 240 млрд сўмга ошишига олиб келади.
Сешанба кунидан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳаво аста-секин совий бошлайди, аксарият ҳудудларда ёмғир ёғади. Иш ҳафтаси якунига қадар ҳаво ҳарорати кундузи +5…+10 даражагача, кечаси 0, айрим жойларда -2 даражагача пасаяди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг