Байрамона ош, кўк сомса, мол гўштидан антиқа таом, стейкли салат, асалли қуш тили, жем ва безели пирог рецептлари — Zira.uz Наврўз байрами дастурхони учун олдиндан пухта тайёргарлик кўришни тавсия этади.
Яшнобод туманидаги «Orient Logistics Center» корхонасининг мотор мойи маҳсулотлари омборида ёнғин чиқди. Ёнғин оқибатида бинонинг 2000 кв. метр майдонидаги мой маҳсулотлари зарарланган. Жабрланганлар йўқ.
18 март куни биржа аукционларида шакарнинг ўртача қиймати ўтган кунга нисбатан 15,3 фоизга — 1 кг учун 11 921,9 сўмдан 10 101,3 сўмга арзонлашди. Шу куни 2100 тонна шакар сотилди. Харидорлар сони ҳам ортди.
Конституцияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилган Шавкат Мирзиёев, 2025 йилгача ҚҚС ва божхона божидан озод қилинган импорт тиббий жиҳозлар, иш вақти соат 20:00 гача узайтирилган поликлиникалар, Оҳангаронда 20 минг доллар пора олаётганда ушланган ҳокимлик ходими, айрим шифокорларга белгиланадиган 100 фоизгача ойлик устама, Самарқанд аэропорти очилгани, Наврўзда қор ёғиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 18 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ҳиндистонлик трейдер Покистон ва Афғонистон орқали биринчи транзит жўнатмани Ўзбекистонга жўнатди. 16 март куни 140 тонна юк — асосан шакар ортилган юк машиналари карвони Кобулдан Тошкентга йўл олган. Бунгача жўнатма Мумбай, Карачи ва Торхам шаҳарларидан ўтган. Ушбу жўнатма «тўртта давлатнинг ҳеч бирида ҳукумат иштирокисиз амалга оширилган"и айтилди.
Жума куни Самарқанд халқаро аэропортининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мажмуа соатига 800 йўловчига хизмат кўрсата олади ва «Очиқ осмон» режимида ишлайди. 2022 йилда аэропортдан Москва, Санкт-Петербург, Истанбул, Олмаотага, 2023 йилдан бошқа шаҳарларга парвозларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Наврўз байрами куни республиканинг тўртта ҳудудидан ташқари бошқа жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси кучсиз совуқ сақланиб туради. Кундуз куни ҳарорат бироз кўтарилади. 23 мартда Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан яна нам ва совуқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда.
Йил бошидан буён сўм курси АҚШ долларига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди. Шу сабабли Марказий банк асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоизгача кўтарди. МБ раисининг айтишича, ушбу қарор миллий валюта курсини барқарорлаштиришга хизмат қилади. Ушбу қарор фонида долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 62,40 сўмга пасайиб, 11 509,59 сўмни ташкил қилди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги янги элчиси Ким Хи Сангдан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиб олди.
Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувда оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилишини маълум қилди. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланади.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳокимлиги ходими фуқарога аукцион савдосида 500 гектарлик яйловни 35 минг долларга эвазига олиб беришни ваъда қилиб, пулнинг 20 минг долларини олаётганда ушланди.
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари бир ойда 935,6 млн долларга ортиб, 1 март ҳолатида 35,36 млрд долларга етди. Ялпи захиралар ўсиши хорижий валютадаги активлар ҳисобига (983 млн долларга ортган) тўғри келди. Олтин захиралари эса 50,4 млн долларга камайган.
Республикада кузатилаётган совуқ ва нам об-ҳаво сабабли водий вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолияти соат 18.00 дан вақтинча тўхтатилади.
Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова болаларни эксплуатация қилишни замонавий қуллик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик деб баҳолади. Омбудсман фуқароларни йўлларда тиланчилик қилаётган болаларга пул бермасликка чақирди.
ОТМни тугатган ёки ўқишини кўчирган талабаларнинг айланма варақани тўлдириш амалиёти бекор қилинди. Эндиликда бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.
Президент хориж тажрибаси асосида клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтиш кераклигини таъкидлади. «Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди», — деди у. Қолаверса, ягона тиббий маълумотлар базаси «электрон соғлиқни сақлаш» тизими яратилади.
Блогер Асал Ходжаеванинг (Asalhoney) жасади Тошкентдаги уйида қотиллик аломатлари билан топилди. Прокуратура ҳодисани тергов қилмоқда.
Тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5−6-курсларида ўқиётган талабаларга бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Президентнинг сўзларига кўра, бу орқали йилига 7 мингга яқин талаба таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.
Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш вазири лавозимига нима сабабдан тиббиёт ходимлари орасидан эмас, балки иқтисодчи Беҳзод Мусаев тайинланганига изоҳ берди. «Тиббиётчилар жуда кўп ишлади. Трансформация жараёни кетяпти. Биз соҳадаги ҳисоб-китобни жойига қўйишимиз керак… Иқтисодиётни ва ҳисоб-китобни билганни вазир қилдим», — деди у.
Президент 2022 йилда бюджетдан тиббиёт соҳасига ажратилган 24 трлн сўмга қўшимча 3,2 трлн сўм маблағ берилишини маълум қилди. У сўзи давомида шифокорларнинг меҳнатини юксак қадрлашини айтди. «Мен шифокорнинг ўғли бўлганимдан бутун умр ғурурланиб юраман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг